Норвегия карантин чекловларининг аксариятини бекор қилди

Норвегия ҳукумати коронавирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган чекловларнинг кўпини бекор қилишга қарор қилганини эълон қилди.

Норвегия Бош вазири Эрна Солберг жума куни ўтказилган матбуот анжуманида, бу қарор эртага маҳаллий вақт билан 16:00 дан кучга киришини эълон қилди.

Янги қоидаларга кўра, фуқаролар ижтимоий масофаланишга риоя қилишлари шарт эмас ва гуруҳ тадбирларида қатнашувчилар сонига ҳеч қандай чекловлар қўйилмайди, бироқ коронавирус билан касалланганлиги тасдиқланганларнинг санитария изоляциясига кириш мажбурияти қолади, шунингдек,  мамлакатга киришда баъзи чекловлар сақланиб қолган.

Бош вазир 18 ёшдан ошган Норвегия фуқароларининг 90 фоиздан кўпроғи ҳозиргача коронавирусга қарши эмлашнинг биринчи дозасини олганини ва бу ижтимоий гуруҳга эмлаш жараёни яқин икки ҳафта ичида якунланишини айтди.

Шу билан бирга, Солберг ижтимоий ҳаёт пандемиядан олдинги ҳолатга қайтмаслигини айтди: “Менимча, коронавирус биз билан бутун умр қолади”.