“Олтиқаҳрамон”ликлар билан очиқ мулоқот Ҳар томонлама манфаатли бўлди

Фуқарони рози қилиш уни қийнаётган муаммосини жойида ўрганиш ва вақтида ҳал қилишдир. Сайёр қабулларнинг ўтказилиши, давлат хизматларининг сайёр тартибда ҳудудларга чиққан ҳолда кўрсатилаётгани нафақат халқни бугунидан рози бўлиб яшашига, балки эртасидан ҳам кўнгли тўқ бўлиб олға қадам ташлаши учун замин яратмоқда.

Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш, уларга хизмат кўрсатиш билан бирга, жойларда аҳоли билан очиқ мулоқотларни ташкил этишни ҳам анъанага айлантирган. Чунки бу тизим одамларни қийнаётган ва қизиқтираётган масалаларни чуқурроқ ўрганган ҳолда қисқа муддатда бартараф этиш имконини беради.

Пастдарғом тумани “Олтиқаҳрамон” қишлоғида ўтказилган навбатдаги сайёр қабул ҳам ҳар бир келган фуқаро учун манфаатли бўлди. Мурожаатларнинг деярли барчаси шу ернинг ўзида Бошқарма раҳбарияти, Давлат хизматлари маркази ҳамда туман 2-сон ФҲДЁ бўлими ходимлари томонидан кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилди. Шунингдек, тадбирда иштирок этган фуқаролар давлат хизматлари кўрсатишда ваколатли бўлган органлар вакиллари иштирокида мутахассислардан бепул ҳуқуқий маслаҳатлар олишди. Талаб ва эҳтиёжларига қараб тадбир давомида давлат хизматларидан сайёр тартибда фойдаланишди.

— I-гуруҳ ногирониман, — дейди “Зорман” маҳалласида яшовчи Умаржон Шодиев. — Ушбу сайёр қабулда “Фуқароларни жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизимига ҳисобга олиш” хизматидан фойдаландим. Имкониятим чеклангани боис, 25-30 километр йўл босиб туман марказига бора олмаётгандим. Муаммоимни ҳал қилиш учун кўп вақт кетгани йўқ.

Сайёр қабулда 100 нафардан ортиқ фуқароларнинг мурожаатлари тингланди. Шундан, 66 та мурожаат давлат хизматлари, 54 та мурожаат эса ФҲДЁ соҳасига оид.

— Биз яқинда унаштирилдик, — дейди Санжар Турдиев. — Бугунги сайёр қабулда қонуний никоҳдан ўтиш учун ариза топширдик. Уйимиз бу ердан бир неча одим нарида. Ҳа, демай тўйимиз бўлиши керак, мутахассисларнинг маҳалламизга келгани бизга анча қулайлик туғдирди. Улар бизга ҳуқуқий маслаҳатлар бериб, алоҳида суҳбат олиб боришди.

Дарҳақиқат, тадбир давомида 45 нафар фуқарога тегишлилиги бўйича бепул ҳуқуқий маслаҳат берилди.

ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси Ахборот хизмати