ОТБ Ўзбекистоннинг 2021-2022 йиллардаги ривожланиши бўйича ўз баҳолашларини эълон қилди

Осиё тараққиёт банкининг (ОТБ) башорат қилишича, коронавирусга қарши самарали эмлаш ва саноат, хизмат кўрсатиш, инвестициялар ва хусусий бизнес жараёнларининг тез тикланиши шу ҳолатда давом этса, жорий йилдаги Ўзбекистон иқтисодиёти 5 фоизга, келаси йил 5,5 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Бу йил савдо, транспорт ва захира ҳажмининг ортиши ҳисобига хизмат кўрсатиш соҳасидаги ўсиш 8 фоизгача тезлашди.

Маълумотга кўра, инфляция даражаси 2021 йилнинг биринчи ярмида секинлашган ва ўтган йилги 13,9 фоиздан 10,9 фоизгача камайган. Озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг яхшиланиши озиқ-овқат нархининг ўсишини секинлаштирди, электр ва газ тарифлари эса ўзгаришсиз қолди. ОТБ 2021 ва 2022 йиллар учун инфляция прогнозларини мос равишда 10 фоиз ва 9 фоиз ҳолатида сақлаб қолди.

ОТБ қашшоқликни йўқ қилиш бўйича саъй-ҳаракатларини давом эттириб, фаровон, инклюзив ва барқарор Осиё ва Тинч океани минтақасини яратиш ҳаракатларига содиқдир. Банк 1966 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг аъзолари 68 мамлакатлардан иборат. Шулардан 49 таси минтақада жойлашган.