Рустам Рашидов Кореянинг нуфузли университетларидан бирида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди

Тошкент давлат стоматология институти ходимлари сўнгги йилларда дунёнинг бир қатор етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатиб, унинг доирасида дунёнинг турли мамлакатларида, жумладан, Германия, Голландия ва Корея каби давлатларнинг университетларида докторлик диссертацияларини олиб бормоқда.

Мазкур ҳамкорлик доирасида жорий йилда ҳам Тошкент давлат стоматология институти ходими, стоматолог олим Рустам Рашидов Кореянинг Yonsei университетида “Лаб ва танглай кемтиги билан касалланган беморларда ирсий шикастланишни умумий экзон секвенсинг усули ва биоинформатика орқали аниқлаш” мавзусида докторлик диссертациясини ёқлади. Р. Рашидов 2014-2016 йилларда Тошкент давлат стоматология институтида ортопедик стоматология йўналишида магистратурани тамомлаган.  Шунингдек, Рустам “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати ҳисобланади.  

Маълумки, Кореянинг Yonsei университети дунёнинг энг нуфузли университетлари рейтинги юзталигида 85 ўриндан жой олган бўлиб, Кореяда иккинчи ўринда туради. Ушбу олийгоҳ 1885 йилда ташкил этилган. Кореянинг Yonsei университети қарийб 132 йил давомида жаҳон тиббиёт оламига минглаб олимларни етиштириб берган илм масканидир.