Вайронкор “Айда”дан кейин АҚШнинг Луизиана штатига “Николас” бўрони хавф солмоқда

“Николас” тропик бўрони АҚШнинг жануби-шарқидаги Луизиана чегарасига етиб келди. Штат ҳали “Айда” бўрони таъсиридан қутулиб улгурмаган эди.

Луизиана губернатори Жон Бел Эдвардснинг сўзларига кўра, “Николас”, айниқса, “Айда” бўронидан зарар кўрган ҳудудлар учун жиддий хавф туғдиради.

У 95 минг фуқаро ҳали ҳам уйларида электр узилишидан азият чекаётганини ва янги бўрон вазиятнинг ёмонлашишига олиб келиши мумкинлигини маълум қилди.

Метеорологлар “Николас” бўрони туфайли Мексика кўрфазининг марказий қирғоқлари ва Луизианани сув босиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Сешанба куни “Николас” 1-тоифали бўрон сифатида таснифланиб, Техасга етиб келди ва 170 мингдан ортиқ аҳолини электрдан маҳрум қилди.