Ядро синовларининг ҳисоботи эълон қилинди

Ядровий синовлари тарихи 1945 йил 16 июль куни эрта тонгда Ню-Мексико штати Аламогордодаги чўл полигонида, Америка Қўшма Штатлари биринчи атом бомбасини портлатганда бошланди.

1945 йилги илк синов куни билан 1996 йилда Ядро синовларини кенг қамровли тақиқлаш тўғрисидаги шартнома (CTBT) имзоланган вақт оралиғидаги эллик йил ичида бутун дунёда 2000 дан ортиқ ядровий синовлар ўтказилди:

  • АҚШ – 1945 йилдан 1992 йилгача 1032 та синов ўтказди;
  • Совет Иттифоқи – 1949 йилдан 1990 йилгача 715 та синов ўтказди;
  • Буюк Британия – 1952 йилдан 1991 йилгача 45 та синов ўтказди;
  • Франция – 1960 йилдан 1996 йилгача 210 та синов ўтказди;
  • Хитой – 1964 йилдан 1996 йилгача 45 та синов ўтказди;
  • Ҳиндистон – 1974 йилда 1 марта синов ўтказди.

1996 йил сентябрь ойида синовларни тақиқлаш шартномаси имзолаш учун тақдим қилингандан бери 10 та ядро синовлари ўтказилди:

  • 1998 йилда Ҳиндистон иккита синов ўтказди;
  • Покистон 1998 йилда иккита синов ўтказди;
  • Корея Халқ Демократик Республикаси 2006, 2009, 2013, 2016 ва 2017 йилларда ядровий синовларни ўтказди.

Ядро синовларининг турлари

Ядро бомбалари асосан қуйидаги муҳитларда – ер усти, ер ости ва сув остида портлатилган. Бомбалар миноралар тепасида, баржалар устида, ҳаво шарларидан ташланган ҳолда, ер устида, 600 метр чуқурликдаги сув остида, 2400 метр ва ундан чуқурроқдаги ер остида ва ҳатто горизонталь туннелларда портлатилган. Синов бомбалари самолётлардан ташланган ва атмосферага 200 милгача бўлган баландликларга ракеталар билан отилган.

Атмосфера синовлари

Атмосфера синовлари – бу атмосферада ёки унинг устида содир бўладиган портлашлардир. Жамлаб ҳисоблаганда, 1945 йилдан 1996 йилгача бутун дунёда ўтказилган 2000 дан ортиқ ядровий синовларнинг 25 фоизи ёки 500 дан ортиғи атмосферада ўтказилган. 1950 йилларнинг ўрталарида атмосфера синовлари натижасидаги радиоактив нурлар юзасидан халқаро ҳамжамият ташвишга тушиб қолди. 1954 йил март ойида Қўшма Штатлар Тинч океанининг Маршалл оролларида Браво қалъаси (Castle Bravo) водород бомбасини синовдан ўтказди. Браво тести Қўшма Штатлар синов тарихидаги энг ёмон радиологик фалокатни юзага келтирди. Атмосфера синовлари 1963 йилги синовларга қисман чек қўйиш тўғрисидаги шартнома билан тақиқланган.

Сув ости синовлари

Сув ости синовлари сув остида ёки сув юзасига яқин жойларда бўлган портлашларни англатади. Сув ости синовлари нисбатан кам ўтказилган. Биринчи сув ости ядровий синови – “Чорраҳалар операцияси” (Operation Crossroads) Америка Қўшма Штатлари томонидан 1946 йилда Маршалл оролларидаги Тинч океани полигонларида ядровий қуролларнинг денгиз кемаларига қарши таъсирини баҳолаш мақсадида ўтказилган. Кейинчалик, 1955 йилда, Америка Қўшма Штатларининг Вигвам (Operation Wigwam) операцияси сув ости кемаларининг ядровий портлашларга чидамлилигини аниқлаш учун 600 метр чуқурликдаги сув остида ўтказилди. Сув ости ядровий синовлари 1963 йилги синовларга қисман чек қўйиш тўғрисидаги шартнома билан тақиқланган.

Ер ости синовлари

Ер ости синовларида ядровий портлашлар ер юзасининг турли чуқурликларида содир бўлади. Совуқ уруш давридаги барча ядровий синов портлашларининг 75 фоизи ер остида амалга оширилган. Қўшма Штатлар ўтказган барча тестларнинг 800 дан ортиғи ва Совет Иттифоқи ўтказган барча синовларнинг 500 га яқини ер остида амалга оширилган. Ер ости ядровий синовлари 1996 йилдаги Ядровий синовларни тўлиқ тақиқлаш тўғрисидаги шартнома (CTBT) билан тақиқланган бўлиб, тақиқ Ер юзидаги барча ядровий портлашларга ҳам тегишлидир.

Ядро қуролларининг ривожланиши

Жаҳон ядровий арсеналлари сони Совуқ Уруш даврида – 1955 йилдаги 3000 тадан 1965 йилдаги 37000 тагача (АҚШда 31000 та ва Совет Иттифоқида 6000 та), 1975 йилгача 47000 тагача (АҚШда 27000 та ва Совет Иттифоқида 20000 та) ва 1980 йилларнинг охирида 60000 тагача кескин ошди (АҚШда 23000 та ва Совет Иттифоқида 39000 та).

Ядро таҳдиди ташаббусига кўра, Исроил 1950 йилларда ядровий дастурни бошлади. Расмий равишда, 1974 йил май ойида Ҳиндистон тинч ядровий портлаш деб эълон қилинган ядровий қуролни ишлаб чиқарган олтинчи давлат бўлди. 1982 йилда яна бир давлат – Жанубий Африка ядровий қуролга эга бўлди.

Ядро синовларини кенг қамровли тақиқлаш тўғрисидаги шартнома сайёрамизнинг барча жойларида – ер юзаси, атмосфера, сув ости ва ер ости синовларини ўтказишни тақиқлайди. Ядровий синовларни тўлиқ тақиқлаш тўғрисидаги шартнома (CTBT) ҳали ядровий қуролга эга бўлмаган мамлакатлар учун уларни ишлаб чиқариш имконини деярли йўққа чиқаради. Шартнома, шунингдек, ядро қуролига эга бўлган мамлакатлар учун янги ёки янада замонавий қурол ишлаб чиқаришга умуман йўл қўймайди. Шунингдек, келишув ядровий синовлар натижасида одамлар ва атроф-муҳитга етказиладиган зарарларнинг олдини олишга ёрдам беради.

Шартномада алоҳида санаб ўтилган ва ядровий технология имкониятларига эга бўлган барча 44 та давлатлар, 1996 йилдаги якуний музокаралар пайтида, шартнома кучга киргунга қадар уни имзолаши ва ратификация қилиши белгилаб қўйилган.

Шартномада саналган давлатларнинг саккизтаси (Хитой, КХДР, Миср, Ҳиндистон, Эрон, Исроил, Покистон, АҚШ) ҳанузгача унда қатнашмаяпти. 2019 йил июль ҳолатига кўра, 184 та давлат шартномани имзолаган, улардан 168 таси ратификация қилган.