Байден Туркияга қарши санкциялар муддатини узайтирди

АҚШ президенти Жо Байден АҚШнинг 2019 йилда Туркияга нисбатан жорий қилган санкцияларини бир йилга узайтирди, деб хабар берди Оқ уй.

“Суриядаги ва унинг атрофидаги вазият, хусусан, Туркия расмийларининг Сурия шимоли-шарқида ҳарбий ҳужум уюштириш ҳаракатлари ИШИДни мағлуб этиш кампаниясига путур етказмоқда, шунингдек, тинч аҳолига хавф туғдириб, минтақадаги тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликка зарар келтиряпти”, – дейилади Байден баёнотида.

2019 йилдаги санкцияларнинг жорий этилишига Туркия армиясининг Сурияга бостириб кириши ва курд жангариларига қарши ҳарбий операциялар сабаб бўлган. Оқибатда Туркия Мудофаа вазирлиги ва Энергия вазирлиги, Туркия мудофаа вазири, Туркия Бош штабининг собиқ қўмондони Хулуси Акар, Энергия вазири Фотиҳ Донмез ва ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси раиси ўринбосари Сулаймон Сойлуларга нисбатан санкциялар қўлланган.