Гаитида АҚШ миссионерлари ўғирлаб кетилди

Гаитининг Порт-о-Пренс шаҳри яқинида қуролли тўда томонидан бир гуруҳ АҚШ миссионерлари ва уларнинг оила аъзолари, жумладан, болалар ўғирлаб кетилгани хабар қилинмоқда.

Меҳрибонлик уйига ташриф буюрганларидан кейин камида 15 киши автобусдан тушириб қолдирилган, деди Гаитидаги хавфсизлик манбалари.

Гаити одам ўғирлаш бўйича дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бирига эга давлат ҳисобланади. Турли тўдалар қонунбузарликлардан фойдаланиб, ўғирланганлар учун тўланадиган товон пулларидан даромад қилишади.

Июль ойида президент Жовенел Муиз ўлдирилганидан бери, рақиб гуруҳлар катта ҳудудлар устидан назоратни қўлга киритишга ҳаракат қилмоқдалар.

Қуролли тўдалар йиллар давомида Гаити пойтахтининг энг камбағал туманларини назорат қилиб келган. Яқинда улар Гаитининг пойтахти Порт-о-Пренснинг ва унинг чекка ҳудудларига ўз қўлларини узатдилар.

Маҳаллий фуқаролик жамияти гуруҳининг маълумотларига кўра, 2021 йилнинг биринчи чорагида 600 дан ортиқ одам ўғирлаб кетилгани қайд этилган.

New York Times нашрининг ёзишича, Гаитида кўпчилик АҚШни мамлакатга қўшин юборишга чақирган, Байден маъмурияти эса бу чақириқни қабул қилмоқчи эмас.

Гаити Адлия вазирлиги ва Миллий полицияси миссионерларнинг ўғирланиши бўйича ҳеч қандай изоҳ бермади.