Испан шаҳар ҳокимлиги эко-транспорт учун аҳолига пул тарқатади

Сантандер (Испания шимолидаги шаҳар) маъмурияти аҳолининг эко-транспортга тезроқ ўтишига ва уни сотиб олишга ҳомийлик қилишга қарор қилди. Ҳукумат шаҳарликларга электр велосипед сотиб олиш учун 350 евродан тарқатади.

Ташаббус доирасида шаҳар кенгаши 75 минг евро ажратади. Бу маблағ 215 та электр велосипед сотиб олишга етади. Маъмурият бу чоралар аҳолини сайёрамиз учун хавфсиз транспортни танлашга мажбур қилишига ва шаҳар муҳитини пиёдалар ва велосипедчилар учун янада қулайлаштиришига умид қилмоқда.

Дастур ишга тушганда камида олти ой давомида Сантандерда расман истиқомат қилган 18 ёшдан ошган шахслар пул олиш учун ариза бериш ҳуқуқига эга бўлади. Электровелосипедлар фақат маҳаллий дўконлардан сотиб олиниши мумкин. Бу билан ҳокимият шаҳар тадбиркорларини қўллаб-қувватламоқчи. Бундан ташқари, велосипеднинг нархи 1,5 минг евродан кам бўлиши керак ва дастлабки икки йил давомида уни сотиб юбориш мумкин эмас.