Жиззах вилоятидаги тарихий лойиҳа натижасида 700 минг аҳолига тоза ичимлик суви етиб боради

Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятининг ичимлик суви таъминотини яхшилашга қаратилган ишларнинг бориши билан танишди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майдаги қарорига мувофиқ, бу ерда Зарафшон дарёси сувидан фойдаланиш ҳисобига ичимлик суви тизимини яхшилаш лойиҳасини амалга оширилмоқда.

Қиймати қарийб 580 миллиард сўм бўлган ушбу лойиҳа доирасида сув олиш ва тозалаш иншоотлари, «Жиззах» сувни тақсимлаш узели, 183 километр магистрал тармоқлар қурилиши белгиланган. 

Мутасаддилар лойиҳа доирасида бажарилган ишлар тўғрисида маълумот берди.

Бугунги кунда Булунғур туманида, Зарафшон дарёси ёнида 100 минг куб метр сиғимли “Узунбулоқ” сув тозалаш иншооти, насос станцияси, лаборатория, фильтрлаш станцияси ва ёрдамчи бинолар қуриб битказилган. “Узунбулоқ – Гагарин” магистрал тармоғининг Жиззах шаҳригача бўлган 77 километри ётқизилган. “Жиззах” сув тақсимлаш иншооти, 5 минг куб метр сиғимли иккита сув ҳавзаси қурилган. Энди ушбу иншоотлардан Гагарин шаҳригача 90 километр сув тармоғи тортилади.

Ушбу тарихий лойиҳа натижасида Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Пахтакор, Дўстлик ва Мирзачўл туманлари ҳамда Жиззах шаҳридаги 163 та маҳаллада яшовчи 700 минг аҳолига тоза ичимлик суви етиб боради. 

Тадбирда жиззахлик нуронийлар, маҳалла фаоллари, зиёлилар, ёшлар иштирок этди.

– Жиззах вилоятида ичимлик суви бўйича вазият оғир эди. Бу сувни жиззахликлар 30 йилдан ортиқ кутди. Мен ҳоким бўлган пайтларда қанча ҳаракат қилганмиз. Лекин лойиҳа ҳам, пул ҳам йўқ эди. Мана, орзуларимиз ушалаяпти. Энди бу тизимнинг ҳар бир иншоотига, ҳар бир тумандан ўтган қисмига малакали мутахассисларни бириктириб, сифатли ишлатиш керак. Ёшларни ахборот технологиялари асосида ишлайдиган бу тизим бўйича ўқитиш ҳам зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Лойиҳани 2022 йилнинг биринчи ярмида якунлаш режалаштирилган.