Кибер-жиноятчилик йўли билан банкдан 35 миллион доллар ўғирланди

Ўтган йилнинг бошида Бирлашган Араб Амирликларидаги бир банк менежерига узоқ вақтдан бери таниган мижози – компаниянинг директори қўнғироқ қилди. Мижоз компанияси учун муҳим харидни амалга оширмоқчи эканлигини, шунинг учун у кўрсатган ҳисоб рақамига 35 миллион доллар ўтказиш кераклигини айтган.

Менежер илгари ҳам мижоз билан гаплашгани ва унинг овозини танигани учун сўралган пулни шубҳаланмай ўтказиб берган ва каръерасидаги “энг қиммат” хатога йўл қўйган.

Оқибатда банк менежери юқори “технологияли фирибгарлик” қурбони бўлди. У билан телефонда гаплашган одам сунъий ақл билан ишлайдиган “deepvoice” технологиясидан фойдаланган ҳолда, банк мижозининг овозини клонлаштирган. Ҳеч ким “сохта” овозни асл нусхасидан ажратиб ололмаган.

Мега-хуруж БААда содир этилган бўлиб, ҳукумат АҚШнинг Сентенниал Банкидаги ҳисоб рақамларига келиб тушган 35 миллион долларнинг бир қисмини (400 минг доллар) аниқлашда америкалик терговчилардан ёрдам сўраган.

Иш бўйича ҳукумат кўп маълумотларни ошкор қилмади. Расмийларнинг фикрича, ишлаб чиқилган фирибгарлик схемасида камида 17 киши қатнашган ва пул бутун дунё бўйлаб турли ҳисоб рақамларига юборилган. Ҳозирга қадар уларнинг ортига тушишнинг имкони бўлмаган.