Ўзбекистонда маданий мерос объектлари рақамли платформаси яратилмоқда

Бухоронинг тарихий марказида жойлашган Исмоил Сомоний мақбарасининг 3D-макетини яратиш бўйича тажриба лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси туризм ва спорт вазирининг ўринбосари Aбдулазиз Aққулов ҳамда Жанубий Кореянинг “ New Layer Сo. Ltd, LX Korea Land and Geospatial Informatix Corporation” вакиллари иштирок етди.

Жанубий Корея Республикасининг ахборот технологияларини ривожлантириш миллий агентлигининг 150 минг AҚШ доллари қийматидаги грант лойиҳаси асосида “ Digital Twin” (рақамли эгизак), 3D-технологиялари ва географик маълумотларни “Google maps” тизимига бириктирган ҳолда Исмоил Сомоний мақбарасининг нусхаси яратилади.

Учрашув якунида томонлар Исмоил Сомоний мақбарасининг 3D-макетини яратиш борасидаги тажриба лойиҳасини якунлаш бўйича ҳамкорликдаги ишлар режасини имзолашди. Aсосий лойиҳани амалга ошириш – Бухоронинг тарихий қисми 3D нусхасини яратиш ҳамда онлайн-мониторинг тизимини ўрнатиш орқали “Uzbekistan Digital Heritage Planform” платформасини ишга тушириш учун маданий мерос объектларида Корея Республикасининг Ер, инфратузилма ва транспорт вазирлиги грантига аризалар тайёрланади ва топширилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 6 млн. AҚШ долларини ташкил этади.

Мазкур лойиҳа доирасида Маданий мерос агентлиги ҳузурида барча зарур техника ва ускуналар билан тўлиқ жиҳозланган, алоҳида Ўзбекистондаги тарихий ва археологик объектларни рақамлаштириш хизмати ташкил этилади. Мазкур хизмат келгусида мустақил равишда тарихий-маданий мерос, археология объектларини рақамлаштиришни амалга оширади ҳамда уларни рақамли платформага киритади.

Мазкур платформанинг муҳим хусусиятларидан бири шундаки, оддий фуқаролар онлайн-туризм билан таништириш ва турли тадқиқотлар ўтказиш учун олимлар каби объектларнинг юқори аниқликдаги рақамли 3D нусхасидан (аниқлик ҳар бир сантиметргача) фойдаланиш имкониятига эга бўлади.