Ўзбекистонда Марказий Осиёда ягона бўлган ген дерматозларини даволаш бўлими ишга тушди

Куни кеча Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази қошида Марказий Осиёда ягона бўлган ген дерматозларини даволаш бўйича янги бўлимнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари, Россиянинг “Санъат, фан ва спорт” жамғармаси раҳбари Фатима Муҳомеджан, шунингдек, Россиянинг “Дети-бабочки” жамғармаси раҳбари Алена Куратова, жамғарма васийси, Россия федерацияси халқ артисти Ксения Раппопорт иштирок этди.

Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази қошидаги ген дерматозларини даволаш бўлими ирсий тери касалликлари, хусусан, буллёзли эпидермолиз ва ихтиозни ташхислаш ва даволаш учун мўлжалланган.

Ўзбекистонда буллёзли эпидермолиз касаллигининг 300 дан ортиқ ҳолати қайд этилган бўлиб, касаллик терида бўлган яралар билан ажралиб туради. Яраларни доимо махсус боғлов вoситалари билан қоплаш ва қайта зарарланишдан ҳимоялаш керак. Буллёзли эпидермолизга эга инсонларни “капалаклар” деб аташади, чунки уларнинг нозик териси капалак қаноти билан таққосланади.

Ихтиоз билан касалланганлар анча кўпроқ – улар 1900 нафардан ортиқ. Ихтиозга эга беморларнинг териси намликни сақлаб туролмайди ва доим махсус воситалар ёрдамига муҳтож. Терининг ташқи кўриниши балиқ тангачаларига ўхшагани туфайли, беморларни “балиқчалар” деб аташади.

— Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиёдаги “капалаклар” ва “балиқчалар”нинг Тошкент шаҳрида барча тиббий хизматларни олишлари учун ноёб имконият яратилди. “Капалак болалар” ННТ васийлигида бўлганлар учун бўлимда йилига 2 марта комплекс ташхис асосида симптоматик даволаниш имкони бор”, — дейди “Капалак болалар” ННТ директори Гулноза Ғафурова.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, келгуси бир неча йил ичида “капалаклар” ва “балиқчалар” сони ортади ва албатта, бундай касалликка эга инсонлар профессионал тиббий ёрдам олишлари керак. Уларни тўғри ва малакали парвариш қилиш йўли билан ҳаёт сифатини яхшилаш мумкин.

Бунга қадар Ўзбекистонда ноёб генетик дерматозларни даволаш амалга ошириладиган ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаси йўқ эди. Касалликнинг жиддий ҳолатларида беморлар чет элга даволаниш ва жарроҳлик амалиётини амалга ошириш учун юбориларди.

— Янги бўлим касалхонага ўхшамайди. Ёрқин ранглар кўзни қувонтиради, болаларга ва катталарга ёқади. Бўлим 24 та ўринга эга. Бемор билан бирга жойлашадиган шахс учун ҳам шароитлар бор. Замонавий махсус ускуналар билан жиҳозланган. Булар сув ва нур билан даволаш усуллари учун қўлланиладиган ускуналардир. Физиотерапевтик муолажалар ва мультидисиплинар диагностика учун махсус хона ҳам ташкил этилган, — дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор Акрам Раҳматов.

Яқин фурсатларда даволаш бўлими фақат Ўзбекистон фуқаролари учун ўз эшикларини очибгина қолмай, у ерда Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан келган аҳоли вакиллари ҳам тиббий ёрдам олишлари мумкин бўлади.