Покистон ҳукумати афғон қочқинларини депортация қилмоқда

Толибондан қочган юзлаб афғонистонликлар Покистондан депортация қилинмоқда. Мамлакат қочқинлар оқимининг олдини олиш учун иммиграция масаласига жиддий ёндашишга мажбур бўляпти.

Яқинда Покистоннинг порт-шаҳри Карачига етиб келган афғонларнинг айтишича, янги келганлар полиция томонидан тўпланиб, депортация қилинган.

Толибон август ойида Ашраф Ғанининг ҳукуматини ағдариб ташлагач, Покистон чегаралараро ҳаракатни кескин чеклаб қўйди.

Исломобод 1979 йилги Совет босқинидан кейин миллионлаб афғонларни қабул қилганидан сўнг, “қочқинларни ортиқ қабул қила олмаслигини” айтган.

Миллий полиция ҳам депортация ишлари амалга оширилаётганини тасдиқлади. Дипломатларнинг айтишича, Покистон расмийлари йўл қўйиши мумкин бўлган “юмшоқлик” янада кўпроқ афғонларни чегарадан кўчиб ўтишга ундайдиган “омил” бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Бир неча нафар қочқинларнинг айтишича, афғонларни ёрдам тарқатиш ваъдалари билан бир жойга тўплашган ва шундан кейин депортация қилишган.