Қозоғистонда ортиқча харажат қилган амалдорлар текширилади

Қозоғистон харажатлари даромадидан ошиб кетган амалдорлар устидан тизимли текширув ўтказишни режалаштирмоқда.

“Бу йил Президент топшириғига биноан 2022–2026 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши сиёсатни ишлаб чиқиш концепцияси тузилмоқда. Унда асоссиз бойиш учун жавобгарликни киритиш илгари сурилмоқда. Биз қонун лойиҳасини парламентга тақдим этдик. Даромаддан ошиб кетган харажатлар молиявий аудит ёки тергов бошлаш учун муждадир”, – деди Марат Ахметжонов Қозоғистон Республикаси Коррупцияга қарши кураш агентлигининг брифингида.

Унинг аниқлик киритишича, 2018 йилда Қозоғистон томонидан ҳисоблар бўйича маълумот алмашиш тўғрисидаги халқаро шартнома хориждаги активларни идентификациялаш имконини беради.

“Кейинги қадам – активларни қайтариш. Бу йўлда бизга коррупционерларнинг чет эл ҳисоб рақамларига яширин даромадларини олиб қўйишига қарши курашишнинг самарали асосига айланадиган Европа конвенцияларига қўшилиш ёрдам беради. Бундай чоралар бойиш мақсадида давлат хизматига ишга киришнинг олдини олади”, – дея ишонтирди Ахметжонов.

Унинг қайд этишича, Қозоғистонда коррупция учун жавобгарлик имкон қадар кучайтирилган.

“Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва судьяларга нисбатан коррупция учун санкциялар кучайтирилди. Порахўрлик учун 15 йилгача қамоқ жазоси белгиланган. Бугунги кунда Қозоғистонда фақат қотиллар ва педофилларга бундан кўпроқ муддат берилади. Коррупцияда айбланганларга давлат хизматида умрбод ишлаш тақиқланади. Оғир ва айниқса ўта оғир коррупциявий жиноятларни содир этган шахсларни шартли равишда озод қилиш имконияти олиб ташланди”, – деди агентлик раҳбари.