Роҳинжалар оролда эркин ҳаракатлана олмайдиларми?

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бангладеш четидаги бир оролда иш бошлаши ҳақидаги битим, у ерга ҳукумат юборган минглаб роҳинжалик қочқинларнинг материкка эркин кўчиб ўтишига ҳеч қандай кафолат бермайди.

Бангладеш ҳукумати қочқинларнинг ва халқаро инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг норозилигига қарамасдан, Мянмадан қувғин қилинган, асосан мусулмон озчилик вакиллари бўлган 19000 нафарга яқин роҳинжа қочқинларини чегарадаги лагерлардан кўчириб юборган ва Бҳасар Чар оролига жойлаштирган.

Қочқинлар қирғоқдан бир неча соат узоқликда ва сув тошқини хавфи остида бўлган орол ва Кокс-Базар порт шаҳри яқинидаги материк лагерлари ўртасида эркин ҳаракатланишга имкон беришга чақиришди. Охирги ойларда ўнлаб одамлар оролдан қайиқларда қочишга уринган.

Оролдаги вазиятни баҳолаш тугагунга қадар Бҳасан Чарга гуманитар ёрдам кўрсатишдан бош тортган БМТ Қочқинлар агентлиги октябрь ойининг бошида имзоланган битим нима учун ошкор қилинмаганлиги ёки унинг мазмуни ҳақида изоҳ бериш сўровига жавоб бермади.

Агентликнинг 9 октябрдаги баёнотида айтилишича, келишув “қочқинларга оролда муносиб ҳаёт кечиришга ва келажакда Мянмага қайтишга яхшироқ тайёргарлик кўришга ёрдам берадиган ҳимоя, таълим, турмуш ва соғлиқни сақлашнинг асосий йўналишларини” ўз ичига олади.

Бангладеш ҳукумати амалдорларидан ҳам бу борада изоҳ олишнинг иложи бўлмади.