Европа хавфсизлик ва мудофаа бўйича Америка билан ҳамкорлик қилади

Европа Иттифоқи ва Америка Қўшма Штатлари хавфсизлик ва мудофаа бўйича мулоқотни шу йилнинг охиригача бошлаш ниятида эканликларини Брюссел чиқарган меморандумга биноан эълон қилишди.

Вашингтонда Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича олий вакили Жозеп Боррел ва АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ўртасидаги учрашув якунлари бўйича тузилган меморандумда Боррел умумий хавфсизлик ва мудофаа муаммоларини муҳокама қилишга бағишланган ушбу канал ташкил этилганини олқишлаган. Бу ўтган йилнинг июнь ойида Брюсселда бўлиб ўтган икки томонлама саммитда Европа Иттифоқи ва АҚШ раҳбарларининг келишувига асосланган.

Томонлар, шунингдек, трансатлантик ҳамкорликни кучайтириш ва шу минтақада биргаликда ҳаракат қилиш мақсадида Ҳинд-Тинч океани бўйича маслаҳатлашувларни бошлашга келишиб олдилар.

Учрашувда улар Хитой ва Россия бўйича Европа-АҚШ мулоқотлари доирасида амалга оширилган ишларни олқишладилар. Пекин ва Москва билан муносабатлар бўйича юқори даражадаги иккита алоҳида учрашув ўтказишга келишиб олдилар.

Боррел ва Блинкен, шунингдек, Венесуеладаги вазият ва Соҳил минтақасида вазиятни барқарорлаштириш ҳаракатларини кўриб чиқишди.