Тақдирига шу битилган

Zahiriddin BOBUR
Жамол Малик бир уринишдаёқ 20 миллион рупий соҳибига айланди. У бунга қандай эришди?

А: у жуда айёр.
В: унинг омади келди.
С: у ростдан ҳам даҳо.
D: тақдирига шу битилган.

Ҳозирда абитуриентларга худди шундай тест топшириқлари синов тарзида берилади. Бу ҳам савол. Лекин оддий эмас. Бу — Яратганнинг жумбоғи. Бунга жавоб топиш учун эса Жамол Маликнинг кимлиги, унинг нима иш қилиши, оиласи, ватани, муҳаббати — умуман ҳаммасидан хабардор бўлиш талаб этилади. Келинг, шу саволга биргалашиб жавоб излаймиз.

Орамизда Ҳиндистон фильмларини хуш кўрувчилар қанча кўп бўлса, уни ёқтирмайдиганлар ҳам шунча топилади. Хуллас, салбий ёки ижобий хусусиятларни қўйиб, ҳинд киносига неча йиллардан бери бефарқ бўлолмай келаётганимизни эътироф этайлик. Ўша Болливуд ҳар доим Ҳолливудга тенглашишга ҳаракат қилиб келган. «Оскар» олиш ҳиндлар учун ҳам орзу ҳисобланарди (худди биз каби). Бир пайтлар Санжай Лила Бхансалининг «Девдас» кинокартинаси бу нуфузли мукофотга номзод қилинган эди. Бироқ америкаликларга ундаги қўшиқлар ёқмаган бўлса керак, фильм номзодлигича қолиб кетди.

Мана, орадан йиллар ўтиб, яна ҳинд фильми «Оскар»га номзодини қўйди. Ва «Харобадан чиққан миллионер» бутун дунёни ҳайратга солиб, 2009 йилнинг энг яхши фильмига лойиқ кўрилди. Гарчи ҳомий компаниялар ва бош ижодкорлар Ҳолливудга қарашли бўлса-да, ундаги актёрлар Болливуд тарбияланувчилари. Икки ёрти — бир бутун, деганларидек, Ҳолливуднинг ақли ҳамда Болливуднинг ҳиссиёти бир ажойиб фильмнинг яралишига замин ҳозирлади.

Фильм сюжети Ҳиндистондаги энг паст табақага кирувчи, томлари бир-бирига уланиб кетган харобаларда яшовчи ака-уканинг аччиқ ҳаёти тасвирланган воқеалар билан бошланади. Шу ака-ука орқали режиссёр бутун Ҳиндистон харобаларидаги зўравонликлар, зулм ва полициячиларнинг асл қиёфасини фош қилган. Ҳиндистон ҳозирда техника бўйича энг тараққий этган мамлакат, шу билан бирга, у қашшоқ ҳамдир. Фильмда худди ана шу масала очиб берилган.

Фильм бош қаҳрамони Жамол Маликнинг қисмати эса дунё бўйича бир хил сценарийда ўтказиладиган «Ким миллионер бўлишни хоҳлайди?» телеўйини учун ёзилгандек эди.

Фикримизни исботлаш учун телеўйиндаги ҳар бир саволга тўхталиб ўтамиз.

1-савол. 1973 йилнинг энг шов-шувли фильми бўлмиш «Занжир»нинг бош қаҳрамони ким?

Вариантларини келтириш муҳим эмас. Асосийси, бу саволга жавоб топиш учун Жамол ўқиб-ўрганиши шарт эмас. Ҳиндистон аҳолиси учун (айниқса, харобадагиларга) афсонавий актёр Амитабх Баччанни бир бор кўриш орзу бўлиб келган ва шунинг учун бу орзуга етишиш йўлида улар ҳар нарсага тайёр бўлишган. Бундай вазиятда юқоридаги саволга жавоб бериш учун, албатта, ўша кинони кўриб чиқиш шарт эмас.

2-савол. Ҳиндистон давлат гербида тасвирланган уч шер расми остига қандай сўзлар битилган?

Кўринишидан жуда осон туюлган бу савол Жамолдек ўқимаган, харобада ҳаёт учун курашиб яшаётган инсонга жуда мураккаб эди. Шунинг учун у ўзига берилган уч имкониятнинг биридан фойдаланишни афзал кўради, яъни залда ўтирган томошабинларга мурожаат қилади. Жамолни қийнаган полиция офицерининг айтишича, буни беш ёшли қизча ҳам билишини инобатга олсак, томошабинлардан юз фоизлик тўғри жавоб чиқиши ишонарли эди.

3-савол. Рам худоси ўнг қўлида нимани ушлаб туради?

Жамол Малик — мусулмон. Шу боис, у умри давомида Рам худосига ишонмаган. Бунга мусулмонларни ёмон кўрадиган ҳиндлар сабабчи бўлган. Мутаассиб ҳиндлар харобаларга ўт қўяди, тўғри келган одамни ўлдиради. Жамол акаси Салим билан қочиб қолишга улгуради. Қочаётган пайтда бир болани Рам худоси кийимида кўриб, бир муддат тўхтаб қоладилар. Боланинг ўнг қўлида ўқ ва ёй, чап қўли эса боши билан баравар қилиб кўтарилган эди. Бу ҳолат Жамолнинг миясида умрбод михланиб қолади, чунки ўшанда томирларида бир хил қизил ранг оқиб турган, лекин икки турфа динга ажралиб олган одамлар туфайли у онасидан айрилганди. Бу ерда бутунжаҳон бирдамлиги ҳақидаги орзу ғоя сифатида олға сурилган.

4-савол. «Darshan Do Ghanshyam» қўшиғи матни қайси машҳур ҳинд шоири қаламига мансуб?

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нима учун Ҳиндистонда кўзи кўр ёки қаеридир майиб болалар тиланчилик қилиб юришади? Уларни шундай қилишга фақат камбағаллик мажбур қилганми? Бир ҳисобдан йўқчилик туфайли шундай ишга қўл уриш мумкин. Лекин Жамол ўғирлайдими, меҳнат қиладими, ишқилиб ҳеч қачон тиланчилик қилмайди. Бошпанасидан ажраган ака-ука ахлатлар уюми ичида ётганида ўзлари «меҳрибон» деб ўйлаган одамга дуч келадилар. Ўша «меҳрибон» киши уларга кўп пул топиш йўлларини (масалан, шеър ёдлаб, қўшиқ айтиш) ўргатмоқчи бўлади. Жамол эса бундан боши осмонда, шеър ёдлашга киришади. Алифни калтак деёлмайдиган бола «Darshan Do Ghanshyam» шеърини шундай ёдлайдики, бир умр хотирасига муҳрланиб қолади. Аммо бу тузоқ эди. Нутқи яхши ривожланган болаларнинг кўзлари эса шу заҳотиёқ кўр қилиниб, пул топиб келиш учун кўчаларга қувилади. Кўзлари ожиз ашула айтган болалар кўпроқ фойда келтирарди-да.

5-савол. АҚШнинг 100 долларлик банкнотида Американинг қайси давлат арбоби сурати туширилган?

Кўринишидан жуда осон савол. Бизда ҳам кўпчилик унинг исмини билмаса-да, қиёфасини бемалол танийди. Жамол ҳам оорадан бир неча йиллар ўтиб, яна Бомбейга қайтади. Бу пайтда Бомбей Мумбайга айланган эди. Севгилиси Латикани қидираётиб, тиланчилик қилиб турган бир кўзи кўр дўстини таниб қолади. У Жамолдан ҳам пул сўрайди. Жамол унга 100 АҚШ доллари беради. Бола пулни ҳидлаб, долллар эканини билади ва қийматини сўрайди. Жамол 100 долларлигини айтганда бола ишонқирамай, унга кимнинг расми туширилганини сўрайди. Жамол унинг исмини ўқий олмайди, лекин кўринишини тасвирлаб беради. Тиланчи бола дарров «Бенжамин Франклин», деб жавоб беради…

6-савол. Револьверни ким ихтиро қилган?

Латикани излаётган ака-ука яна «меҳрибон» киши — Маманга дуч келишади. Бироқ бу сафар Салим уни аяб ўтирмайди. Чўнтагидаги олти колибрли кольтревольвер билан унинг пешонасидан «дарча» очади… Тўғри жавоб эса Самуэль Кольт эди.

7-савол. Дунёда энг кўп очко тўплаган крикетчи ким?

Жамол Латикани акаси орқали топиб, унинг қандайдир бир бойга турмушга чиққанини билиб олади. Бир иложини қилиб, қиз яшаётган уйга хизматкор бўлиб келади ва севгилиси билан учрашади. Латика бу пайтда «Ким миллионер бўлишни хоҳлайди?» телеўйинини томоша қилаётган эди. Иккаласи кўришиб, гаплашишади. Шу пайт крикет «жинниси» бўлмиш Латиканинг эри кириб келади. У ғудраниб, канални крикет ўйинига олади. Тўғри жавобни эрининг ҳар бир нафас олишини ёдлаб олган Латиканинг ёрдамида топади…
Яна бир саволга Жамол 50х50 имкониятидан фойдаланган ҳолда таваккалига жавоб беради. Бу ерда ҳам уни Яратганнинг ўзи қўллайди…

Ва ниҳоят, охирги босқичга етиб келган Жамол Маликни яна бир тақдир ҳазили кутиб турарди. Бошловчи саволни ўқийди: «Александр Дюманинг «Уч мушкетёр» асарида уч мушкетёрнинг иккитаси Атос ва Портос бўлади. Учинчисининг исми нима?»

Қисматнинг ўйинини қарангки, мактабда юрган пайтида ўқитувчиси айнан шу асарни ўқишни тайинлайди. Булар эса мутолаага «вақт топа олмайдилар». Асар шунчалик машҳур бўладики, улар фақат бош қаҳрамонларнинг исмини билардилар холос. Салим — Атос, Жамол эса Портос эди. Учинчи шериги бўлмагани учун мушкетёрларнинг учинчиси ҳам улар учун аҳамиятсиз эди…

20 миллион рупий олиш имконини берадиган бу саволнинг жавобини Жамол билмайди ва таваккалга қўл уради. Шу пайтгача унга ўз тақдири ёрдам берган бўлса, сўнггисига омад қарашиб юборади. Ва у тўғри жавобни топиб, миллионерга айланади. Акаси Салим эса бу пайтда миллионларга кўмилиб, жон беради.

Фильм мазмуни қисқача шундай. Унинг моҳияти нимада? Режиссёр нима демоқчи бўлган? Омад омадлиларга ҳам, кучлиларга ҳам кулиб боқмайди. Ҳаёт йўлларида учраган тўсиқлардан тўғри хулоса чиқарган инсон омадли ҳисобланади. Жамол Малик ҳам кучли, ҳам омадли, ҳам даҳо саналади.

Жамол Малик бир уринишдаёқ 20 миллион рупий соҳибига айланди. У бунга қандай эришди?

А: у жуда айёр.
В: унинг омади келди.
С: у ростдан ҳам даҳо.
D: тақдирига шу битилган.

Жавоб эса оддий — унинг тақдирига шу битилган. Фильм ҳам шу савол билан бошланиб, охирида тўғри жавобни айтиб тугайди.

SHARE