Нега Кўршермат? (1-мақола)

Шермуҳаммадбек лашкарбоши ҳақида Америка ва Туркиядаги авлодлари гапиради

Mavlon SHUKURZODA

Туркистоннинг яқин ўтмишида Кўршермат босмачи номи билан тарихга кирган шахс ким? Унинг советлар истилоҳидаги “Босмачилар ҳаракати” дея аталган қаршилик ҳаракатига қўшилишига нима ундаган?

Мавлон Шукурзода ана шу саволларга жавоб топиш мақсадида Шермуҳаммадбекнинг бугун Туркия ва Америкада яшовчи авлодлари билан суҳбатлашади.  Шермуҳаммадбекнинг оила аъзолари тилидан ҳикоя қилинадиган бу хотиралар ҳануз холис тарихий баҳосини топмаган Босмачилар ҳаракати фаоллари ҳақидаги илмий баҳсда ўз ўрнига эга.

Мақола тарихий суратлар билан бойитилган.

Таҳририят

Шермуҳаммадбек лашкарбоши.

”Босмачилик” – бутун Туркистоннинг истиқлоли учун бир улуғвор ғояга бирлашган миллатпарварларнинг ҳаракати эди. Бу ҳаракат Темур, Улуғбек, Навоийлар юртини келгинди босқинчилар чангалидан озод қилишга қаратилган “Туркистон – туркистонликларники” шиори остида олиб борилган миллий-озодлик кураши эди. Биз кўп йиллар мобайнида қонимизни зулукдек сўриб келаётган босқинчиларга, Масков ҳукмронлигига қарши истиқлол байроғини кўтариб чиққан эдик”.

Шермуҳаммадбек лашкарбоши,

Туркия, Адана, 1965 йил

Ўтган асрнинг 20-30- йилларида Ватан ва миллат озодлиги йўлида фаолият олиб борган ватандошларимиз турли дунёқараш, маслак ва мақсадга эга бўлишларига қарамай, эл-юртнинг бошқалар томонидан топталмаслигини астойдил истадилар. Улар мустабид Совет тузумининг Ўрта Осиё халқларини кейинчалик ҳам қуллик ва мутелик шароитида ушлаб туришини сезардилар. Бинобарин, бу ҳаракатга жалб этилган тоза виждонли ва эрксевар кишилар Ватан ва миллатнинг озод келажаги йўлида жон фидо этдилар.

Хорижий элларда қўмондон, миллий истиқлол қаҳрамони сифатида ном қозонган Шермуҳаммадбек лашкарбоши тўғрисида тарихий ва илмий асарлар талайгина. Аммо бизда нима учундир бу шахс тўғрисида ҳалигача тўлиқ маълумот мавжуд эмас. Совет мафкураси даврида Туркистон миллий озодлик ҳаракатида иштирок этганларнинг барчасини битта ҳақоратомуз «босмачи» деган сўз билан атаб, уларни халқ тинчини бузувчи, ярамас, исёнкор, қонхўр сифатида кўрсатиб келишган. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, бунга барҳам берилди. Ўзбек халқи ўзлигини англаб, аждодларининг Ватан озодлиги йўлида жон фидо этган фарзандларини ардоқлаб, янги тарихимиз саҳифаларига уларнинг номини олтин ҳарфлар билан ёзмоқда.

Айнан мана шу миллий озодлик ҳаракати даврида ўзбекнинг бир қанча мард ўғлонлари халқни янги курашга чорлаб, ўз ортидан эргаштириб майдонга чиқади. Булар орасида юз мингдан ортиқ қўшинга лашкарбошилик қилган, Туркистондаги аксарият қўрбошиларни бирлаштириб, қизил аскарларга қарши курашга чорлаган ватанпарвар одам Шермуҳаммадбек лашкарбоши ҳам салмоқли ўрин эгаллаган.

2009 йилнинг баҳорида мен Америкадан қайтаётиб, Туркияга бориб, Шермуҳаммадбекнинг қабрини зиёрат қилишни ният қилган эдим, шукрлар бўлсин, ниятимга эришдим. Адана шаҳри қабристонида анвойи гуллар, ям-яшил дарахтлар орасида жойлашган Шермуҳаммадбек ва укаси Нурмуҳаммадбекнинг қабрига бориб, ул зотлар руҳи покига тиловат қилиб, ўзимни анча енгил ҳис қилдим… Шермуҳаммадбек қабри ёнида аёли Зулфинисо опа қўйилган экан. Сал нарироқда эса жияни, Тошмуҳаммадбекнинг ўғли Холмуҳаммадбек, куёви АбдуСаййидбек, невараси Умарбек, Ассомиддин эшон мингбошининг ўғли Холмуҳаммадхон ва бошқа юртдошларимиз қабри бор экан. Ушбу марҳум ватандошларимиз мангу оромгоҳини Шермуҳаммадбекнинг невараси, Саодатхон опанинг ўғли Усмонбек ва журналист Али Бадемчи билан бирга зиёрат қилдик.

Шермуҳаммадбекнинг катта ўғли Даврон Бек ва жияни, Нурмуҳаммадбекнинг ўғли Муҳаммад Анварбек Бек ва синглиси Сурмахонбек Бек ҳозирда оиласи билан Американинг Нью-Жерси штатида яшамоқда. Шермуҳаммадбекнинг қизи Саодатхон опа эса Туркиянинг Адана шаҳрида истиқомат қилади.

Мен улар билан Америкада ва Туркия заминида бир неча марта учрашганман. Лекин сўнгги учрашув ва давра суҳбатимиз жуда қизғин кечди, унинг биронта сўзи ёддан кўтарилмаслиги учун диктофонимни ёқиб қўйдим. Суҳбатимиз тўрт оиланинг энг табаррук бисоти ҳисобланмиш тарихий суратларни томоша қилишдан бошланди. Мен ҳали ҳеч қаерда чоп этилмаган 1918-1922 йилларда олинган суратларни кўрдим. Уларнинг рухсати билан бир нечтасини ўз фотокамерамга туширдим. Суҳбатимизда яна Даврон Бек аканинг умр йўлдоши, Нурмуҳаммадбекнинг қизи, юзидан нур таралиб турувчи Сурмахон опа, унинг фарзандлари ва бу оиланинг яқинлари ҳам иштирок этди. Уйдаги ёш келинлар эса, биз учун турли ўзбек тансиқ таомларини тайёрлаш асносида, чиройли тузалган дастурхон атрофида жажжи болажонлари билан буваларининг тарихий хотираларини жимгина ўтириб тинглашарди…

ШЕРМУҲАММАДБЕК ЛАШКАРБОШИ ҚАНДАЙ ИНСОН БЎЛГАН?

Даврон Бек Шермуҳаммадбек ўғли. Шахсий архиви билан. АҚШ, Нью-Жерси штати, Парсиппани шаҳри, 2005 йил.

Даврон Бек Шермуҳаммадбек ўғлининг хотираларидан:

Шермуҳаммадбек 1893 йилда Фарғона водийсининг Марғилон шаҳри яқинидаги Гарви қишлоғида таваллуд топган. Шермуҳаммадбекнинг буваси Абдурайимбек Худоёрхоннинг бекларидан бўлиб, ўз даврида вазир лавозимини эгаллаган. Худоёрхон тахтдан кетгач, Абдурайимбек Қўқоннинг Қумариқ қишлоғига келиб, умрининг охиригача ўз ерида деҳқончилик қилган. Шермуҳаммадбекнинг отаси Қўшоқбек Ҳожи Қумариқнинг амини бўлган. У киши 1915 йилда ҳаж сафаридан қайтаётганда хасталаниб, мусофирчиликда бандаликни бажо келтиради. Қўшоқбекдан Тошмуҳаммадбек, Рўзмуҳаммадбек, Шермуҳаммадбек ва Нурмуҳаммадбек исмли тўрт ўғил ҳамда Тўфахон ва Савринисохон исмли икки қиз қолган.

Шермуҳаммадбек дастлабки бошланғич таълимни ўз қишлоғида, сўнгра Марғилонда олади. Ёшлигидан зеҳнли, билимга чанқоқ, адолатпарвар ва айни пайтда китоб ўқишга иштиёқманд бўлган, шунингдек, катта буваси ёнида юриб деҳқончилик сирларини астойдил ўрганган. Ёш бўлишига қарамай, мироблик сирларини ҳам пухта ўрганади ва бу унга кейинги Афғонистон ва Туркиядаги ҳаётида жуда асқотади. Ўсмирлик чоғида эса Шермуҳаммадбек миллат тарихи, ҳарбий cоҳа ва чавандозлик сирларини ўрганган.

Саодатхон Бек Шермуҳаммадбек қизи. Туркия, Адана шаҳри, 2009 йил.

Саодатхон Бек Шермуҳаммадбек қизининг хотираларидан:

Отам тўғрисида гапирганимда, мен бир нарсани эслайман: Отам Афғонистонда ҳам, Туркияда ҳам омонат ўтирдилар. Улар кўп ғурбатда юриб, кўп азият чекдилар, кўп гапларини айтолмай ўтиб кетдилар. Муҳожиратда отамизнинг катта бойликлари бўлмаган, умуман, улар бойликка ҳирс қўйган киши эмас эди. Бу нарса унинг фарзандлари ва яқинларига ҳам ўтган. Афғонистонда отам фақат ҳукумат ажратган маблағни олар, уни ҳам бошқалар билан бўлишиб ишлатардилар. Биз Афғонистонда туғилдик. Болалигимиздан биламан, отамнинг туну кунлари Ватан ишқида, Ватан ҳасратида кечди. Бирор кун ўз ҳузур-ҳаловатларини ўйламадилар. Отамиз чумолига ҳам озор бермайдиган, ўта мулойим табиат инсон бўлганлар.

Муҳаммад Анварбек Бек Нурмуҳамадбек ўғли хотираларидан:

Отам Нурмуҳаммадбек қўрбошининг гапларига қараганда, амакимиз Шермуҳаммадбек ҳарбий масалаларда нафақат ўзларига, балки атрофидагиларга нисбатан ҳам жуда талабчан, қаттиққўл, интизомли ва адолатпарвар бўлиб, уларда минглаб аскарларнинг ҳаётига жавобгарлик ҳисси кучли эди. Аммо уйда, меҳмондорчиликда, тўй-ҳашамларда Шермуҳаммадбек жуда майин, меҳмондўст, ширинсўз ва хушчақчақ инсон бўлганлар, ҳеч қачон овозларини кўтариб ёки бақириб гапирмасдилар. Шермуҳаммадбек Холхўжа ва бошқа қўрбошилардан фарқ қилиб, ўз аскарларига жуда яхши муомала қиларди. Улар 5-6 йил мобайнида ўзининг яхши хислатлари туфайли бутун қўрбошиларни бирлаштириб, улар орасида катта ҳурматга эга бўлган ташкилотчи ҳам  бўлганлар.

Даврон Бек хотираларидан:

Отам доимо ўзбек мевалари-ю, болдек ширин, шираси тилни ёрадиган узум, қовун-тарвузларидан гапирардилар, чунки шундай ширин-шакар мевалар фақат Ўзбекистонда бор, дердилар. Отамнинг бу гапларига, Ўзбекистонга қилган илк ташрифимда ишонч ҳосил қилдим, уларни хурсандчилик ёшлари ила кўзимга суртиб, отамни эслаб, татиб кўрдим. Умрларининг охиригача ўзбекча яктак кийиб юрардилар, истиқлолчилик ҳаракати тамом бўлганидан кейин ҳарбий лашкарбоши кийимларини умуман киймаганлар.

Сурмахон Бек Нурмуҳаммадбек қизи. АҚШ, Нью-Жерси штати, Довер шаҳри, 2010 йил.

Сурмахонбек Бек хотираларидан:

Отам Нурмуҳаммадбек эски мактабни битирган, саводхон киши эди. Қуръон сураларини яхши билар ва бизни ҳам дин масаласида саводли қилишга уринардилар. Ватанпарварлик ҳиссиётлари улар учун бегона эмас эди. Доимо: «биз албатта Ватанга қайтамиз», деб гапирардилар. Қайнотам Шермуҳаммадбек ҳам шундай одам эдилар, уларнинг фикру зикри фақат Ватанда эди. Қайнотам замонавий университетларни битирмаган бўлсалар-да, эски мактабда ўқиган, жуда диндор, тақводор, шу билан бирга, ҳар нарсага ақли етадиган замонавий, ўта маданиятли инсон бўлганлар, қўлларидан тасбеҳ тушмасди. Улар ортиқча ҳашамни хуш кўрмасдилар, жуда оддий ҳаёт кечиришган.

Муҳаммад Анварбек Бек хотираларидан:

Aмаким Шермуҳаммадбек жуда сокин табиатли инсон бўлган. Елкасида доимо чакмани осиғлиқ эди. Улар  ўзбекларнинг мусофирпарварлиги, меҳмондўстлиги, дастурхонининг доимо очиқлиги, бағрикенглиги ҳақида бизга болалигимиздан гапириб, бизни шу руҳда тарбия қилганлар. Ватанимиз Мустақилликка эришгач, Шермуҳаммадбек ва бошқа қўрбошилар тўғрисида бир қатор мақола ва китобларнинг чоп этилиши бизни жуда хушнуд этди.

Даврон Бек хотираларидан:

Отам Ватан фидоийси бўлганлар, Ўзбекистоннинг мустақил, озод бўлишига жуда қаттиқ ишонардилар. Бир кун отамиз: “Мана кўрасизлар, кун келиб, ўзбеклардан бир мард раҳбар чиқиб, “Ўзбекистон озод ва мустақил давлат бўлди!” – деб, дунёга жар солади”, дея ишонч билан айтардилар… Шукрки, Парвардигор бизни шу кунларга етказди. Дарҳақиқат, отамнинг вафотидан 21 йил ўтгач, 1991 йилнинг 31 август куни отам орзу қилган, шундай мард ўзбек ўғлони бутун дунёга Ватанимизнинг озод бўлганлигини эълон қилди. Оллоҳга минг қатла шукрлар бўлсинким, шу куни отам ва отам қатори минг-минглаб ғурбатда ғариб бўлиб юрган ватандошларимизнинг кўп йиллик орзулари ушалди…

Мустақиллик, Истиқлол қадрини ғурбатда ғариб бўлиб юрган бизга ўхшаган минглаб одамлар бошқачароқ, чуқурроқ ҳис қилади, буни мусофир бўлганлар яхши билади. Шахсан мен ва оилам учун бу шодиёна кун – ҳаётимнинг мазмунига айланган кун, десам муболаға бўлмайди. Чунки бу куннинг келишини раҳматлик отам бир умр ишониб кутдилар, аммо бу қутлуғ кунни кўриш у кишига насиб қилмади… Бу қутлуғ кунни кўриш унинг фарзандлари ва невараларига насиб этди. Ёшим саксонга бориб қолган бўлса-да, қадрдон замин Ўзбекистонга бориб, она тупроқни ўпиб, ота-буваларимиз юрган жойларни зиёрат қилиш насиб этди. У ерда кўрган-эшитганларимдан руҳланиб, Ўзбекистонимизни буюк келажак кутаётганига амин бўлдим. Юртимга, Мустақилликка, халқимга бағишлаб бир қатор шеърлар битдим, Ватандан келин туширдим, жонажон Ўзбекистонимиз билан узвий алоқаларимизни янада яқинлаштиришга ҳаракат қиляпман.

Шермуҳаммадбекнинг миллий мужоҳид ҳаракатига қўшилиши сабаблари

Муҳаммад Анварбек Бек Нурмуҳамадбек ўғли. АҚШ, Нью-Жерси штати, Довер шаҳри, 2011 йил.

Муҳаммад Анварбек Бек хотираларидан:

Шермуҳаммадбек ўсмирлик даврида ақлли, фахм-фаросатли бўлиб, атрофдаги воқеаларни мулоҳаза қилиб кўрадиган, мустамлакачиларга нафрат руҳида тарбияланган, ёшлигидан Чор ҳукуматининг сиёсатига қарши ҳаракатларда фаол иштирок этган. Шермуҳаммадбекнинг укаси бўлган отам ҳам босқинчиларнинг маҳаллий халқ вакилларига қўпол муомаласини ёқтирмасди ва улар билан тортишарди. Отамиз бу ҳақда бизга кўп воқеаларни гапириб берганлар. 1917 йилнинг ёз кунларида шундай бир воқеа бўлиб ўтган экан: Тошлоқ томонда катта сайл бўлаётган бир пайтда, бу халқ сайли рус амалдорларига маъқул келмай, миршабларни халқни қўрқитиб, зарурат бўлса куч ишлатиб бўлса ҳам уларни тарқатишга буйруқ беради. Улар дўқ-пўписа қилиб, ҳаммани қамчилаб, “Ҳой ёввойи сартлар, агар тезда тарқалмасанг, ҳаммангни Сибирга жўнатамиз”, дея бақириб, ҳақорат қилиб, тарқата бошлайди.

Шунда миршаблардан бири, бир бечорани қўлидан боғлаб, қамчиси билан уриб, судраб олиб кетаётганини Шермуҳаммадбек кўриб қолади. Бундай хўрлашга чидай олмай, уни бир уриб отдан йиқитади ва “сен кимларни “сарт” деб ҳақорат қиляпсан, тинч аҳолини шунчалар хўрлашга сенга ким рухсат берди? Билиб қўй, биз шу ерликмиз, бу ерлар – бизники. Сенлар келгиндисан, ҳаммаларинг бу ердан кетишларинг керак”, деб уни ўладиган даражада уради. Унга бутун оломон қўшилади, миршабларни ура бошлашади… Шундан сўнг, Шермуҳаммадбек учала ака-укаси ва яқин дўстлари билан Тошлоқнинг Гарви қишлоғи томон кетишга мажбур бўлади. Бу воқеа Шермуҳаммадбек учун миллий озодлик курашининг илк варағини очади ва келгинди босқинчиларга қарши курашга отланишга туртки бўлади.

Сал вақт ўтгач, Шермуҳаммадбекнинг ака-укалари, Мадаминбек, Асомиддин эшон мингбоши ва Марғилоннинг катта уламоларидан бўлган мулла – Шаҳоб домла еттовлари Тошлоқнинг Гарви қишлоғининг бир четидаги чинор тагида йиғилишиб, бирлашадилар. Улар қўлларига Қуръонни ушлаб, миллий мужоҳидлик ҳаракатини тузишга ва ҳаётларининг сўнгги кунигача бир тан ва бир жон бўлиб, Ватан мустақиллиги учун курашишга қасам ичадилар. Асомиддин мингбоши уйидан иккита бешотар милтиқни олиб келиб, Шермуҳаммадбекка тутқазади ва Ватан озодлиги учун курашга даъват этиб, уларни дуо қилади. Шермуҳаммадбекнинг кейинчалик Бек бўлишида Асомиддинхўжа мингбошининг ҳиссаси катта бўлади. Ўз навбатида Шермуҳаммадбек ҳам у кишини умрининг охиригача жуда ҳурмат қилган.

Шу тариқа улар бирлашиб, одам ва қурол-аслаҳа йиға бошлашади. Шермуҳаммадбек отаси Қўшоқбойдан қолган қўшотар милтиқни қўлига тутади. Бошқа ҳамфикрларини қуроллантириш мақсадида Скобелев (ҳозирги Фарғона) шаҳридаги турмага ҳужум қилади, у ердаги соқчилардан қурол тортиб олишади. Бу ишда Асомиддин эшон билан Мадаминбек ҳам қатнашишади. Шу тариқа, Фарғона водийсида миллий озодлик ҳаракати жонланиб, кураш авж ола бошлайди. Шермуҳаммадбек каттагина куч йиғиб, саркардалик, қўрбошилик фаолиятини бошлаб юборади. Босқинчиларнинг юртимиздаги қонхўрлиги ва талончилиги бунга сабаб бўлган эди. Шу жангларнинг бирида Шермуҳаммадбекнинг ўнг кўзига ўқ тегади…

Босмачилик ҳаракатининг келиб чиқиши сабаблари

Шермуҳаммадбек лашкарбоши. Қўқон шаҳри, 1920 йил.

Даврон Бек хотираларидан:

Биз балоғат ёшига етганимиз сари отамиздан босмачилик ҳаракатининг келиб чиқиш сабабларини сўрар эдик. Отам, Шермуҳаммадбекнинг гапларига қараганда, бу ҳаракат ХIХ аср ўрталарида Россия Қўқон Хонлигини истило этган пайтдан бошланган. Бу вақт орасида юзлаб катта қўзғолонлар бўлиб ўтган. Иккинчи сабаби, бу 1916 йилда Чор ҳукуматининг туркистонликларни энг оғир мардикорчилик ишларига жалб қилиши бўлди. Айни пишиқчилик, экин йиғини пайтида қўлидан иш келадиган ҳар бир мусулмон урушга сафарбар этилди… Бунда ҳамма қийинчилик оддий халқ бошига келиб тушди. Халқ бундай адолатсизликка чидолмай, яна қўзғолон кўтарди. Учинчиси, Қўқон мухториятининг қонга ботирилиши. Минг-минглаб бегуноҳ ватандошларимиз қизиллар ва арман дашноқлари томонидан ўлдирилгач, халқнинг сабр косаси тўлди. Кўриб турганингиздай, бу курашнинг бошланиши XIX аср ўрталарига бориб тақалади. Амаким, Нурмуҳаммадбек ҳам бу масалада ўз фикрларини билдирган эдилар. У кишидан “босмачилар” ким ўзи, деб сўраганимда, улар – «Мудофааи ватан, мудофааи дин, мудофааи миллат» шиори остида кураш бошлаган юрт ўғлонлари, деб жавоб берганлар.

Босмачи деб аслида кимни айтишимиз керак?

Муҳаммад Анварбек Бек хотираларидан: Кўп йиллар давомида советлар ташвиқоти Шермуҳаммадбекни ўта жоҳил, қаҳрли, қонхўр, ва босқинчи қиёфасида тасвирлаб келган. Бу ўзбек китобларида ҳам учраб туради. Ўзбекистон Мустақилликка эришгач, мен Фарғонага борганимда, мана энди «босмачи»  деган сўзга ҳақиқий изоҳ берадиган йиллар ҳам келди, деган масалани ўртага қўйиб, ўзбекистонлик кўп Давлат арбоблари, адабиётшунос ва тарихчиларга мурожаат қилдим. «Босмачи» сўзининг асл маъноси нима, у нимани англатади, деган саволни ўртага ташладим. Биз ҳам ўзбек, лекин кўпчилигимиз хорижда туғилиб ўсганмиз, илтимос, шу сўзни том маъносини бизга тушунтириб берсангиз, деб уларга мурожаат қилдим. Бизнинг тушунчамиз бўйича, босмачи – бу босиб олувчи маъносини англатади, хўш, босмачи деганда кимни назарда тутиш керак: ўз озодлиги ва мустақиллиги йўлида ҳаракат қилган ватанпарварларними ёки том маънода босқинчилик қилиб, Туркистонни босиб олган қизилларними?

Сизнинг эътиборингизни бир тарихий далилга қаратмоқчиман, Нью-Жерси штатидаги уйимизда меҳмон бўлган ўзбекистонлик тарихчи, профессор Рустамбек Шамсуддинов бизга қуйидагиларни гапириб берганди: 1917-1930 йиллар ўртасида Туркистондан 1,9 миллион киши хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлган, 1 миллион киши эса ҳалок бўлган, 1,7 миллион киши Туркистондан бадарға қилинган… Бу тарихий ҳақиқат, уни инкор қилиб бўлмайди. Бунинг сабаблари ва халқимизнинг кўрган зулми тафсилоти эса ўнлаб китобга ҳам сиғмайди. Шунинг учун «босмачи» сўзининг маъноси тўғри талқин қилиниши керак.

Туркистон Муваққат ҳукуматининг тузилиши

Даврон Бек хотираларидан:

Шермуҳаммадбек 1918 йилдан бошлаб миллий истиқлол ҳаракати раҳбари сифатида атрофига 2000 кишилик лашкар тўплаб, аввал Марғилон, сўнгра Яккатут, Қўқон ва Фарғона водийсининг кўпгина ҳудудларида мустамлакачиларга қарши кураш олиб боради. Қисқа вақт ичида унинг сафдошлари 13 мингга етади, халқ унга умид билан қараб, ишонч ҳосил қилади. Шермуҳаммадбек бошлаб берган ҳаракат халқ озодлиги ҳаракатига айланиб кетади ва тез орада Шермуҳаммадбек халқ ардоқлаган қаҳрамонга айланади. Шермуҳаммадбек миллий озодлик ҳаракати иштирокчиларини бирлаштиришни жуда орзу қилган эди. Отамнинг айтишларича, 1918-1923 йилларда Туркистонда 10 марта қўрбошилар қурултойи ўтказилган.

1918 йилнинг март ойида бўлиб ўтган қурултойда Катта Эргаш, худди шу йилнинг ноябрида эса Мадаминбек ва сал ўтмай Шермуҳаммадбек Фарғона водийсидаги 8 нафар энг йирик қўрбошини бирлаштириб, тўрт йил давомида мазкур мужоҳидларга раислик қилади. Шу давр мобайнида Шермуҳаммадбек Туркистондаги барча ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман, тожик қўрбошиларини бирлаштиришга эришади, айнан мана шу иш унинг Туркистон миллий озодлик ҳаракатини бирлаштириш йўлида қилган энг катта хизмати, десак хато бўлмайди. Барча қўрбошилар бирлашгач, 1920 йилнинг 3-майида Фарғона водийсининг Олтиариқ ҳудудидаги Ғариб ота қишлоғида ўтказилган қўрбошиларнинг навбатдаги қурултойида “Туркистон-турк мустақил ислом жумҳурияти”, яъни “Туркистон Муваққат ҳукумати” ташкил этилади.

Барча қўрбошилар Шермуҳаммадбекни Туркистон Муваққат ҳукумати раиси ва Бош қўмондон – лашкарбоши этиб сайлайдилар. Шермуҳаммадбек укалари Нурмуҳаммадбекни Бош қўмондон ўринбосари лавозимига тайинлайди. Янги ҳукумат ишини ташкил қилишда Шермуҳаммадбекка маҳаллий зиёли ва уламолар ҳамда Заки Валидий ва туркиялик дўстлар амалий ёрдам беришган. Нурмуҳаммадбекнинг айтишларича, ўша даврда Туркистон Муваққат ҳукумати ҳарбий қўмондонлиги қарамоғида 100 мингдан зиёд аскар бўлган. Бу ҳақда тарихий манбаларда маълумот йўқ. Шермуҳаммадбек ташаббуси билан таъсис этилган Туркистон Муваққат ҳукумати ташқаридан ёрдам ололмаганлиги, ўша даврдаги қўшни ҳукуматлар (амирлик ва хонликлар) ҳамжиҳатликда умумий душманга қарши биргаликда курашмагани сабабли ҳарбий масалаларда устун бўлган Шўроларнинг босқинчи қизил аскарлари томонидан ағдарилади.

Шермуҳаммадбек бошчилигидаги “Туркистон-Турк мустақил ислом жумҳурияти”нинг 1922 йил охирида тарқалиб кетиши ҳамда 1923 йилнинг охирида Бек Фарғона водийсини тарк этиши билан истиқлолчилик ҳаракатининг катта бир даври якун топади. Лекин бу қисқа вақт бесамар ўтмади. Икки ярим йилдан ортиқ вақт давом этган бу урушда истиқлолчилар водийдаги қизил армия жангчиларига қақшатқич зарба беришга муваффақ бўлишди. Мен аминман, “Туркистон-Турк мустақил ислом жумҳурияти”нинг ҳали биз билмаган тарихи ўрганилади, отамнинг халқ озодлиги учун қилган саъй-ҳаракатлари рўёбга чиқади.

Шермуҳаммадбекнинг давлатчилик тизимини барпо этишидаги ўрни

Муҳаммад Анварбек Бек хотираларидан:

Туркистон Турк ислом жумҳурияти тузилганидан сўнг, Шермуҳаммадбекка давлат арбоби сифатида ҳам фаолият юритишга тўғри келди. Атрофига зиёли, давлат ишларидан хабардор кишиларни йиға бошлади. Шермуҳаммадбек давлат тизимини тузишда, сиёсий ва маданий ишларни ташкил этиш борасида Заки Валидий ва бошқа Туркистон жадидчилари билан ҳам маслаҳатлашиб иш тутди. Бундан ташқари, уламо ва дин пешволарини мужоҳидлар орасида тарбиявий ишларни ташкил этишга, ғозий ва шаҳид бўлиш амаллари, мамлакат озодлиги учун миллий туйғу, иймон ва эътиқодлари бутун аскарларни тайёрлаш учун ҳамкорликка даъват қилди. Албатта, сал олдин тузилиб, қизиллар томонидан ағдарилган “Туркистон Мухторияти”нинг фожиали тажрибаси ҳам Шермуҳаммадбекка асқотди. Мамлакат ишини юритиш учун у кишида ҳатто, Парламент тузиш режаси ҳам бор эди. Шермуҳаммадбек Мадаминбекка ўхшаб қизилларга қаршилик кўрсатиш чора-тадбирларини қайта ишлаб чиқишга уринган.

Маълумки, мужоҳидларда қурол-яроғ масаласи доимо муаммо бўлиб турган эди, айнан шу нарсани ҳал этиш мақсадида кичик бўлса-да, устахоналар қурдириб, шу ишни йўлга қўйган. Яна бир нарсани мен алоҳида таъкидламоқчиман: Шермуҳаммадбек Туркистон Муваққат ҳукуматига раҳбарлик қилган даврида хориждан ҳарбий ва молиявий ёрдам олмаган. Барча маблағ маҳаллий халқ, уламо, руҳонийлар, бойлар ва оддий кишилар томонидан берилган. Афғонлар ва инглизлар билан бўлиб ўтган кўп маротабалик музокаралар ҳаётда ўз амалий ифодасини топмади, бу тарихий ҳақиқат, буни ҳамма билиши лозим.

Лекин шундай бўлса-да, Шермуҳаммадбек тинмай изланишлар олиб борди ва бир қатор мамлакатларга ўз элчиларини юборди. Ўзингиз бир қиёслаб кўринг: рўпарангизда тиш-тирноғигача қуролланган душман – қизил армия турибди, орқангда оч, тинкаси қуриган, кўп йиллар эзилиб келган, ҳимояга муҳтож халқимиз турибди. Шундай бир паллада Шермуҳаммадбек янги тузилган Туркистон Турк ислом жумҳуриятининг ташкилий масалаларини ҳал қилиш учун ҳам вақт топарди. Жанглар орасида Шермуҳаммадбек қурултой ва катта йиғилишлар ўтказиб турди. Бундай ҳарбий ва сиёсий жараёнларнинг барчаси Шермуҳаммадбек ва унинг атрофида юрганларга ижобий таъсир этди, кундан-кунга уларнинг тафаккури ва сиёсий онги ҳам ошиб борди.

Туркистонда миллий истиқлол ҳаракатининг янада авж олиши

Даврон Бек хотираларидан:

Мана шу қисқа вақт оралиғида Туркистон муваққат ҳукуматини Ҳиндистон, Афғонистон ва у пайтларда ҳали инглизлар қўлида бўлган Шарқий Туркистон тан олган, Шермуҳаммадбек бу давлатларга ўз элчиларини юборган. Шарқий Туркистонга Аъзамхўжа эшоннинг ўғли Мўйдинбойни элчи этиб тайинлайди. Худди шундай вакил Ҳиндистонга ҳам тайинланган. Умуман, бу пайтда Туркистонда истиқлол ҳаракати янги паллага чиқиб, Туркистон муваққат ҳукумати ўз олдига қуйган вазифаларини бирин-кетин амалга ошира бошлади.

Муҳаммад Анварбек Бек хотираларидан:

Отам Нурмуҳаммадбекнинг айтишларича, 1920-1922 йилларда қўрбошилар жуда уюшган пайт эди. Шермуҳаммадбек атрофида Фарғона водийсидаги бутун қўрбошилар тўпланади. Истиқлолчилик ҳаракати 1921 йилнинг баҳорига келиб водийда қайта авж олиб кетди. Улар қизилларга қақшатқич зарба бериб, қаттиқ қаршилик қилишган. Бу эса қизилларни шошириб қўйиб, уларни пала-партиш иш тутишга, шошилинч чора кўриб, хатоликларга йўл қуйишга мажбур қиларди. Бу пайтга келиб ҳарбий соҳада ҳам қўрбошиларнинг тажриба ва билимлари анча ошган эди. Ўша пайтда қўрбошиларда разведка бўлинмалари ҳам анча фаол иш юритарди. Энг асосийси, маҳаллий халқ уларга ишониб, орқасидан эргашиб, қўлдан келганча қўллаб-қувватларди. Айнан мана шу ишонч қўрбошиларга куч ва мадад берарди.

1921 йилнинг август ойи, Марғилон билан Ёзёвон шаҳри ўртасидаги бир ҳудудда ўтказилган музокаралар. Унда советлар томонидан 1-армия қўмондони Зиновьев, ҳарбий қўмондонлар Березин, Слуцкий ва бошқалар, жами 25 киши қатнашган. Миллий курашчилар номидан Шермуҳаммадбек, Алиёр қўрбоши ва бошқа намояндалар, жами 7 киши иштирок этишади.

“Туркистон туркистонликлар учун!”

Даврон Бек хотираларидан:

Биз болалик ва ёшлик давримизда Шермуҳаммадбек отамиздан, илгари ўзлари шоҳид бўлган тарихий воқеаларни сўзлаб беришларини сўрардик. Сизларга шундай воқеалардан бирини сўзлаб берсам. Шермуҳаммадбек Туркистон муваққат ҳукуматини бошқарган пайтлар Москвадан келиб Туркистонни Россияга қўшиб олиш босқини ва қонли сиёсатини юритган Зиновьев ва бошқалар билан бир неча марта мулоқотда бўлган. Айнан мана шу учрашувларда Шермуҳаммадбек ўзининг ватанпарварлик сиёсатини олға суриб, руслар ва улар билан кириб келган аскарлар Туркистондан чиқиб кетишини қатъий талаб қилган. Отамиз шундай учрашувларнинг бирини эслаб, бизга гапириб берганлар. Шермуҳаммадбек беҳуда қон тўкилмаслиги учун Туркистон ўлкасига мухторият мақоми берилишини совет раҳбарияти ва ҳарбий қўмондонликдан қатъий талаб қилган.

Шундай музокаралардан бири 1921 йилнинг август ойида Марғилон билан Ёзёвон шаҳри ўртасидаги бир ҳудудда ўтказилган. Унда советлар томонидан 1-армия қўмондони Зиновьев, ҳарбий қўмондонлар Березин, Слуцкий ва бошқалар, жами 25 киши қатнашган. Миллий курашчилар номидан Шермуҳаммадбек, Алиёр қўрбоши ва бошқа намояндалар, жами 7 киши иштирок этишади. Мазкур музокаралар қизғин тус олиб, 8 соат давом этган. Туркистонликларни ўз томонига оғдира олмаган советлар вакили охирги уриниш сифатида, Шермуҳаммадбекка Тошкентни идора қила олмаслигини шаъма қилиб, фақат Фарғона мустақиллигини бошқаришни таклиф қилади.

Шунда Шермуҳаммадбек унга қарши чиқиб, бутун Туркистон мустақил бўлиши керак, бу Ватан бизники, руслар бу ердан чиқиб кетишлари керак, сизнинг бу ерларда яшашга ҳаққингиз йўқ, деб ўз сўзида қаттиқ туради. Зиновьев томонидан қилинган таклифларни қабул қилмайди. Ўшанда Шермуҳаммадбек уларга қарата: “Туркистон туркистонликларнинг юртидир, унга бошқа ҳеч кимнинг эгалик қилишга ҳаққи йўқ!” деган шиорни илгари суриб, музокараларни тўхтатиб, чиқиб кетади… Бу шиор кейин Туркистон миллий истиқлол ҳаракати қатнашчиларининг умумий шиорига айланади.

Бундан кейинги музокараларга Тошкентдан Низомиддин Хўжаев етиб келади ва Шермуҳаммадбекка ўзини йирик давлат арбоби сифати таништириб, нима гап бўлса, у билан ҳал қилишга даъват этади. Шермуҳаммадбек унга мурожаат қилиб: агарда сиз шунчалик катта давлат арбоби бўлсангиз, аввал русларни бу ердан чиқариб юборинг, бу иш қўлингиздан келса, кейин сиз билан гаплашамиз, дея жавоб бериб: “билиб қўйинг, Туркистон туркистонликлар учундир!” – деб айтади.

Муҳаммад Анварбек Бек хотираларидан:

Шермуҳаммадбек доимо изланувчан ва узоқни кўра билган инсон бўлган. 1920 йилда Заки Валидий Тўғон ташаббуси билан Бухорода “Туркистон Миллий бирлик жамияти” ташкил қилинади. Бу ҳаракат мужоҳидларни бирлаштиришга катта ҳисса қўшади, деган фикр билан бу ташкилотга аъзо бўладилар. Бундан ташқари, 1920 йилда Бокуда бўлиб ўтган Мусулмонлар қурултойига Шермуҳаммадбек ўзининг яқин одамларини жўнатади. Ушбу қурултойда туркистонликлар Шермуҳаммадбекнинг топшириғига биноан “Туркистон туркистонликлар учун!” деган шиор билан қурултойда катта маъруза қилиб, дунёга Туркистонда кечаётган жараёнлар ҳақида очиқ гапирилади. Туркистонлик мусулмонлар вакиллари бирлашиб, Бокудаги қурултойда миллий истиқлол ҳаракати бўйича катта баҳсни вужудга келтиришади ва  қуролларини қўймасдан курашда давом этажаклари айтилади. Шундай оғир, мураккаб паллада Шермуҳаммадбек ҳарбий ишлар билан бир қаторда сиёсий ишлар билан ҳам шуғулланишга вақт ва имкон топади.

Кўршермат” ҳақоратомуз лақабининг келиб чиқиш тарихи

Даврон Бек хотираларидан:

Шермуҳаммадбекка совет тарихида ҳақоратомуз исм қўйишиб, «Кўршермат» қўрбоши деб аташган. Отамнинг ҳақиқатан ҳам бир кўзлари ожиз бўлган. Бу 1917-1918 йилларда Фарғонада содир бўлган бир воқеа сабабли рўй берган. Ўшанда Шермуҳаммадбек бир неча аскарлари билан Фарғонадаги марказий турмахонага ҳужум қилиб, бегуноҳ ётган кўпгина ватандошларини қутқарган ва турмахона қурол-яроқларини мусодара қилади. Мана шу жангда унга қарата милтиқдан отилган сочма ўқ ўнг кўзига тегади ва шу сабаб у кишининг ўнг кўзлари кўрмай қолади. Шермуҳаммадбек шундай йўллар билан рус аскарларининг қурол-яроғини тортиб олиб, атрофига қуролланган аскар йиға бошлаган эди.

Шермуҳаммадбек ҳарбий таълимни ҳеч қаерда олмаган, махсус билимгоҳларда ўқимаган, ундаги ҳарбий қўмондонлик истеъдоди Оллоҳнинг неъматидир. У киши бирор ишни бошлашидан аввал чуқур мулоҳаза қилар, қилинадиган ишларни бирма-бир хаёлдан ўтказар, ёрдамчиларига керакли ва аниқ топшириқларни берар эди…

Саодатхон Бек хотираларидан:

Отамизнинг ҳикоя қилишларича, 1918 йилда русларга қарши ғазотга чиққанларида рус аскарлари томонидан отилган ўқ ўнг кўзларига тегади… Отам ва унинг атрофидагилар қанчалик уринмасинлар, кўзни қутқариб қолишнинг иложи бўлмайди, шу сабаб, ўнг кўзлари кўрмай қолади. Унгача Шермат ака дейишар экан, аммо кейинчалик Кўршермат дейишадиган бўлишибди… Отамиз ҳам бу номга кўникиб қолган, ҳеч ҳам хафа бўлмасди. Бир кун дедиларки: “Оллоҳ йўлида ғазотга чиққанимда, бу ҳодисалар бўлиб ўтди… Аммо у замонлар мен ўлсам ҳам, рози бўлардим, чунки шаҳид бўлардим… Аммо уни Оллоҳ менга лойиқ кўрмади, ғазотда кўзимдан айрилдим, қисматим шу экан, мингдан-минг розиман”, – дердилар.

Шермуҳаммадбек ва Туркистондаги инглиз миссионерлари

Муҳаммад Анварбек Бек хотираларидан:

Буюк Британиянинг Туркистондаги вакиллари Шермуҳаммадбек билан бир неча марта учрашиб, Туркистондаги миллий истиқлолчилик ҳаракатига қизиқишлари борлигини яширмаганлар. Шермуҳаммадбек ташаббуси билан Туркистон Муваққат ҳукумати тузилганидан кейин бу алоқаларни яқинлаштиришга ҳаракат қилинди. Лекин улардан бир ташаббус бўлмади. Шермуҳаммадбек 1923 йилда Афғонистонга бориб, у ердан Ҳиндистон, Покистон ва Шарқий Туркистонда инглиз миссионерлари билан шахсан учрашиб, жиддий музокаралар олиб боради. Улардан мазкур халқ ҳаракатини қўллаб-қувватлашини сўрайди. Чунки ўша пайтдаги сиёсий ва ҳарбий муҳит шуни тақозо қилар эди. Миллий истиқлолчилик ҳаракатини оддий халқ 5-6 йил қўллаб-қувватлади… Туркистондаги очлик, қизилларнинг талон-тарожи оддий халқни жуда қийнаб юборган эди. Энди фақат ташқаридан ёрдам зарур эди… Афсус, инглизлар ўз манфаатини кўзлаб бўлса керак, Шермуҳаммадбек раҳбарлик қилаётган истиқлолчиларга ҳарбий ва молиявий ёрдам бермайди. Ваъдалар ваъдалигича қолди. Шермуҳаммадбекка инглизлар катта маблағ ажратган, деган гапларни эшитиб, ҳайрон қоламан…

Бундан ташқари, янги рус китобларида инглизлар “босмачиларни” қуроллантирган, Шермуҳаммадбек армияси инглизлар томондан берилган ҳарбий кийимда юришган ва ҳатто қўрбоши инглиз армияси генерали кийимида расмга тушган, деган ҳақиқатдан йироқ гаплар ҳам бор. Буларнинг ҳаммаси иғво ва бўҳтондир. Бундан ташқари, инглизлардан амалий ёрдам чиқмаслигига амин бўлган Шермуҳаммадбек, 1925 йилдан кейин улар билан алоқа қилмай қўйган… Ғарбнинг Туркистонга муносабати советлар даврида ҳам аввалгидек қолаверди. Оммавий ахборот воситалари ва даврий нашрларда рус-большевизмини салбий ёритилишига қарамай, Туркистон миллий озодлик ҳаракатига ҳеч қандай амалий ёрдам кўрсатилмади. Аксинча, қизилларнинг бу ерда қилаётган ваҳшиёна ҳаракатларини бир чеккадан кузатиб турдилар, холос. Бу билан улар ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, большевиклар билан алоқаларини бузмасликка ҳаракат қилган бўлишлари ҳам мумкин.

“Vatandosh” газетасининг махсус муxбири Мавлон Шукурзода, Сурмахон Бек ва Даврон Бек. АҚШ, Нью-Жерси штати, Довер шаҳри, 2008 йил.

Aloqador maqolalar:

Мадаминбекни Шермуҳаммадбек ўлдирганми? (2-мақола)

Шермуҳаммадбекнинг хориждаги ҳаёти (3-мақола)

Шермуҳаммадбек қандай инсон бўлган? (4-мақола)

SHARE