Pадикалчилик ўзгалар назарида: Ғарбона қараш ҳақиқат мезони бўла оладими?

Abu MUSLIM

“Ислом радикалчилиги” тушунчаси америкаликлар орасида тобора оммалашиб бораётгани сабабли олдин бу сўз аслида қандай маъно англатишини аниқлаб олиш керак бўлиб қолди. Зеро, ҳамма учун баравар мақбул ягона таъриф бўлмас экан, ё бошқа-бошқа нарсалар ҳақида гапираётган бўламиз ёки ундан ҳам ёмонроғи ва тўғрироғи, йўқ нарса ҳақида гапираётган бўламиз.

Аксар луғатларда “радикал” сўзига “журъатли, тубдан ва кескин чоралар кўрувчи” деган маъно берилади. Ижтимоий-сиёсий истилоҳда эса “радикал” сўзи  “экстремал”, фундаментал маъносида қўлланилади.  “Радикал” сўзи орқали қатъий эътиқодли ёки ҳаддан ошувчи, экстремист” одам тавсифланади. Демак, бу ерда “исломий” радикал деганда қатъий (исломий) эътиқодга эга бўлган ёки дин тамойилларига қаттиқ амал қилувчи киши тушунилади.

Эҳтимол, бу таъриф “ислом радикализми” деганда кўпчилик назарда тутадиган тушунчага анчагина мос келиши мумкин. Бироқ, у маълум бир муаммо ва холис бўлмаган мулоҳазаларга ҳам олиб келиши мумкин. Масалан, мусулмонларнинг қайси эътиқодлари ёки маслаклари “кескин” ва “радикал” ёхуд бунинг акси эканини ким айтади, ким буни исботлаб, ҳал қилиб беради?

Шундай бўлса-да, баъзи ғарбликлар мусулмонларнинг “радикаллашуви” ҳақида гапиришмоқда. Гўё худди бу борада қандайдир умумий қабул қилинган қоида ёки қандайдир белгиланган чизиқ бор-ки, мусулмон ва ғайримусулмонларнинг умумий фикрига кўра, ундан ўтган инсон ўзини “радикал” тута бошлайди.

Аслида шундайми? Ҳамма инсонлар – мусулмон ва номусулмонлар ҳам, Ғарб ва дунёнинг турли минтақаларида ҳам барча бирдек риоя қиладиган шундай ҳаммабоп ўлчовлар (стандартлар) мавжудми? Аслида эса кўп жиҳатдан умумий нарсалар муштарак бўлса-да, ҳар қайси маданият ва тамаддун учун ҳаддан ошиш, яъни “радикал” қилиб кўрсатадиган ўзига хос фарқлар ҳам бор.

“Радикаллашув” тушунчасини қандайдир ҳамма бирдай қабул қилган маъноси бор, деб биладиганлар асосий далилни назардан четда қолдиришмоқда. Яъни, нарсаларни яхши ёки ёмон, тўғри ёки нотўғри, мўътадил ёки жангари деб билиш маданият белгилаб берган дунёқарашдаги шахсий эпистемологик ясаманинг аксидир.

Шу соҳанинг ҳар қандай мутахассиси тасдиқлайдики, бизнинг тушунчамизда радикал саналган хатти-ҳаракатлар бутун бошли жамият ва маданиятлар тушунчасида оддий (нормал) ҳол ҳисобланади. Ҳатто “радикалчилик” деганда экстремал қарашлар ёки хатти-ҳаракатларни тушунган тақдиримизда ҳам, кўп маданиятлар учун айнан Ғарб  ўзининг жинсий бошбошдоқлиги ва дунёвий (секуляр) инсонпарварлиги билан радикал бўлиб туюлади.

Тан олиш керак: мусулмон учун радикалчилик Ғарбдаги баччабозликнинг нормал қабул қилинишидир. Мусулмонлардан чиққан муртадларнинг қатл қилиниши эса Ғарбда яшовчи учун нисбий тушунчадир.  Биз бу нуқтаи назарни қабул қилиш билан “исломий радикалчилик” – бошқача қилиб айтганда “аниқ ислом тамойиллари”га амал қилишни ҳам тан олаётганимиз маълум бўлади.

Мисол учун, Саудия Арабистонини олайлик. Ғарб ўлчовларига кўра, уларнинг яшаш тарзи ва маданияти  – аёлларининг бошдан-оёқ ўраниб олишидан тортиб то жиноятчиларни тошбўрон қилиш каби “шафқатсиз” жазо чораларигача бари “экстремал” бўлиб кўринади. Шу билан бирга, оддий саудиялик учун булар минг йиллик дин ва шариат негизида шаклланган қадриятлар бўлиб, улар фақат оддий ҳол бўлиб қолмай, балки мўътадил ҳолат ҳамдир. Шу билан бирга,  саудияликлар назарида эса ғарбча яшаш тарзи нуқсонли ва бузуқдир (бебошликдир), яъни бошқача айтганда улар ғарбликларни бу борада радикал ҳисоблайди.

Кимдир бу фикрга қарши чиқиб (Саудия Арабистони бундан истисно) “ваҳҳобийлар” асло типик мусулмон маданияти ва яшаш тарзига мисол бўла олмайди, дейиши мумкин.  Аммо, бу ерда масаланинг баъзи муҳим “аммо”лари бор.

Биринчидан, сўнгги вақтларда машҳур бўлиб кетган “ваҳҳобийлик” ва “салафийлик” истилоҳлари кўпчиликни адаштириб қўйиши мумкин. Чунки бу сўзлар билан Исломдаги қандайдир янги йўналиш назарда тутилади. Аммо Исломнинг асосий тамойилларига қайтиш ҳақидаги “ваҳҳобийлик” ғоялари Абдулваҳҳоб яшаган 18-асрдан ҳам анча асрлар олдин мавжуд эди. Биргина мисол келтирамиз: саккизинчи асрда яшаган ва катта таъсирга эга мужтаҳид олим Ибн Ҳанбал  Абдулваҳҳобдан минг йил олдин яшаб ўтган бўлса-да, худди у каби “радикал” қарашларга эга бўлган.

Бундан ташқари, ваҳҳобийлик-салафийлик қарашларининг бутун дунё бўйлаб мусулмон олами фикратига ўз таъсирини кўрсатишининг асосий сабаблардан бири, бу ғоянинг саудияликлар томонидан молиялаштирилаётгани ва Саудия Арабистонида чиқарилаётган диний адабиётлар, компьютер дастурлари ва оммавий ахборот воситалари мусулмон дунёси бозорини тўлдириб ташлаганидир, бундан ҳатто Оврупа ва Америка ҳам холи эмас.

Нима бўлганда ҳам Ғарб сиёсатчилари мусулмонларнинг дерадикаллашуви (радикалликдан воз кечиши) ҳақида муқаррар, табиий нарсадек гапиришади. Бу эса, гўё Хитой сиёсатчиларининг ғарб халқларини «дерадикаллаш» – девестернлаштириш мақсадида ғарбча фикрлаш ва яшаш тарзидан воз кечишлари ҳақида муқаррар, табиий нарсадек гапираётганига ўхшайди.

Минг йиллардан бери яшаб келаётган Ислом дунёқарашининг моҳиятига етиш ўрнига уни рад қилиб ташлашга уриниш, яъни мусулмонларни “дерадикаллаш” ҳақидаги барча гап-сўзларнинг асл моҳияти ҳам фақат шу, холос. Ғарб пешволари эса бунинг ўрнига ушбу дин моҳиятини ўрганиш ва бор ҳақиқатнинг тагига етишга озгина вақтларини сарфлашса, фойдадан ҳоли бўлмас эди.

Раймонд Иброҳим мақоласи асосида Абу Муслим тайёрлади.

SHARE