У АКБАР ЭДИ… (Эссе)

Zahiriddin BOBUR

У ҳаммага яхшилик қиларди. У ҳамманинг ҳожатини чиқаришга уринарди. У ҳамма учун қайғурарди. У эндигина 24 ёшда эди…

У ҳали ўзи учун яшамаганди. У ҳали уйланмаганди. У ҳали ўқишини ҳам битирмаганди. У эндигина яшай бошлаганди…

У ҳақиқий журналист эди. Журналистикани ипидан игнасигача биларди. Энг майда хатоларгача-да эътибор берарди. “Маърифат” газетасининг энг ишонган ва суянган жонкуяр мухбири эди.

У ҳақиқий таржимон ҳам эди. Бутун дунёни забт этган, Америка луғатига кунг-фу сўзини киритиб кетган Ли Сиалонг тўғрисида ҳикоя қилувчи “Брюс Ли ҳақида афсона” телесериалини хитой тилидан ўзбек тилига моҳирона ўгирган эди.

У ҳақиқий дўст эди. Нима сўрасангиз, берарди, айтарди, ёрдам қиларди. У шунчалик яхши эдики, у ҳақда заррача ҳам ёмон фикрга бормасди одам.

 

Динора АЛИЕВА (http://twitter.com/DinoraAlieva), “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси пи-ар бўлими ходими:

— Яхши кўрардим уни! Одам сифатида. Уни кузатганимда ҳаттоки ўғлим бўлса, исмини Акбар қўяман деган хаёл ўтганди. Жуда тиришқоқ, кўнгли очиқ ва ва энг муҳими, теран фикрлайдиган, ўз қарашига эга инсон эди. Кўрсам, доим хурсанд бўлиб кетардим. Чунки Акбардек одамлар ўзларининг самимийлиги ва поклиги билан нур таратадилар. Афсуски, Акбар билан кўп ўқимаганман. Учинчи курсда Хитойга ўқишга кетганди… Нимага ҳаёт шундай яхши одамларни эрта олиб кетаркан…

Шуҳрат НОМОЗБОЕВ, “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали катта муҳаррири:

— Вафотидан кейин одамлар ҳақида ёмон гап айтиб бўлмайди, дейишади, лекин Акбар ҳақида ҳаётлигида ҳам умуман салбий гап эшитмаганман ва ўзимда ҳам бундай фикр бўлмаган…

Висола ҚАРШИБОЕВА (http://twitter.com/tVisola), “Маърифат” газетаси мухбири:

— Вафотидан кейин одамлар ҳақида ёмон гап айтиб бўлмайди, дейишади, лекин Акбар ҳақида ҳаётлигида ҳам умуман салбий гап эшитмаганман. У ҳали одамга ўхшаб яшамаган эди, доим қаергадир шошиб юрарди. Журналда рўйхатнинг бошида ҳам, телефонимдаги “контакт”ларимда ҳам биринчи ўринда Акбар турарди…

Шерзод ҒАЙБУЛЛАЕВ (http://twitter.com/SherzodABC ), ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети хитой гуруҳи талабаси:

 — Охирги дарсларидан бирида уни хафа қилиб қўйгандим. Энди ўйлаб қарасам, айб менда экан, шундан ҳам қаттиқ афсусдаман. Хонамиз калити йўқолиб қолган эди. У менга тез хона ё калитни топишни айтганди. Мен бўлсам, жаҳл қилиб, дарсига кирмагандим. Чуқурроқ ўйлаб кўрсам, у ҳар қандай шароитда ҳам бизга дарс ўтмоқчи бўлган экан… Шу воқеадан кейин охирги дарсига кечикиб келдим. У эса мени кечириб бўлган экан, ҳатто менга ҳазил қилганди ўшанда…

Мансур ЖУМАБОЕВ, “Münchner Volkshochschule” Мюнхен олийгоҳи талабаси:

— Мен дўстим Акбарга жуда ҳавас қилардим. Инсонийлиги, эътиқоди, билими, иқтидори… Ҳатто юриши, ўзини тутиши ва қарашларидан ҳам андоза олишни истардим. У чин маънода Аллоҳнинг суйган бандаси эди ва мана шу қисқа умри давомида бизларга чин Инсон қандай бўлиши кераклигини ўргатиб кетди.

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ (http://twitter.com/DiorUz), “Наврўз” радиоси ва “Стадион” газетаси мухбири:

— “Ҳаётимда маъни қолмади… Мен энди ким учун яшайман?!”

Кетма-кет иккинчи дилбандини йўқотган онанинг бу фиғонини эшитишнинг ўзи кимгадир осон деб билмайман. Комил фарзанд доғини ҳеч бир она бошига солмасин!

Факультетда ҳавас қилсанг арзийдиган талаба у қадар кўп эмасди. Агар 3та бўлса, Акбар уларнинг орасида, 1та бўлса, унинг ўзи Акбар эди…

Талабалик олтин давр эканини энг кам ҳис қилган Акбар бўлса керак. У илм олиш билан банд эди. Барча фанларни аъло баҳога ёпишида ҳам, Президент стипендияти бўлишида ҳам бундан бошқа ҳикмат кўрмайман.

Тил ўрганишда Акбар етакчи эди. Тўрт йилни ким қандай ўтказгани менга қоронғу, аммо дўстимиз фақат изланишда бўлди. Тошкентда олган билими билан чекланишни истамай Хитойда ҳам ўқиди. Чин ўлкасида таҳсил олаётган дўстларим жуда кўп. Улар Интернетни чиройли расмлар билан тўлдираётган бир пайтда Акбар келажаги учун фойдали ишлар билан банд эканини билардим. Мана шундай пайтда келажакнинг мавҳум бўлиб қолиши ғоятда ачинарли…

Қўлидан портфели тушмаган йигитни тасаввур қилишингизни хоҳламайман. Юмористик қобилиятдан ҳам қисмаганди уни Худо. Домлаларни “пародия” қилиш фикри уйғонганда сценарийни Акбар билан ёзгандик. Ўшанда уни ўзим учун янгидан кашф қилгандек бўлгандим.

Сўнгги марта факультет кубогида футбол ўйнадик. У билан бир жамоада бўлганимдан фахрланаман. Эртаси куни Акбар касалхонага тушиб қолди. Бу қандай рўй берганини тасаввуримга ҳам сиғдира олмайман. Бир кун аввал югуриб турган йигитнинг эртаси куни ҳушини йўқотиши балки бутун умр сир бўлиб қолар. Аммо ўша сир ёнида дўстим Акбарнинг хотираси мангу яшайди. Ҳаётлик пайтида ўзидан 2 ёш кичик дўсти учун берган ўгитлари, илм олишдаги матонати, ҳаракатчанлиги, фаоллиги ва айниқса, кучли иродаси мен ва унинг яқинлари учун бир умрлик ибрат бўлиб қолади.

Охиратинг обод бўлсин, дўстим!..   

Висола айтиб берди: “Ҳеч қайси куни ўқишга бормасак ҳам, Акбар айтган куни, албатта, етиб келар эдик. Бир куни Акбар ҳаммага қўнғироқ қилиб, эртага эртароқ келишимизни, хоналарни тозалаш кераклигини айтади. Лекин аксига олиб, нимадир бўлиб, шу куни ҳеч ким келмаган экан. Мен эса нисбатан эртароқ келгандим. Хонага кирсам, Акбар полни артаётган экан. Ёрдам бермоқчи бўлгандим, у ишидан қолмай, парталарнинг чангларини артишимни айтди. Буни қарангки, бутун факультетдан чанг артадиган латта чиқмади. Кейин Акбар туфли латтасини олиб: “Мана, шунда артаверинг, туфли артганман, лекин тоза”, деди…”

Умр — ўткинчи нарса. У ҳамма учун ҳар хил кечади. Кимдир умри давомида ўйнаб қолишга, тўйма-тўй, базмма-базм юришга одатланган. Кимдир бутун бошли ҳаётини нималаргадир бахшида қилиб юборган. Масалан, илм-фанга, севган ёрига, отаси ё онасига… У эса ҳаётини ҳаётга бахш этди. Яъни у яшаш керак бўлгани учун яшамади. Шу дунёда нимадир қилиб қолиш кераклиги учун яшади. Ўзидан нимадир қолдиришга уринди. Бундан 24 йил олдин дунёга келганида кулиб қаршилаган яқинлари энди уни юм-юм йиғлаганча охиратга кузатдилар.

Аниқ эсимда, у ҳаммани хурсанд этишга, хурсанд кўришга ҳаракат қиларди. Ҳазиллари ҳам самимий эди. Ҳеч кимга оғир ботмасди. Юмшоқ нонга мой ботирилгандек “ҳазм” бўларди. Энди эса ўйланиб қолдим. Бошқалардан мисол қилмай, ўзимдан қиёс келтираман. Юқоридаги воқеани оладиган бўлсак, камина, ўйлаб кўрсам, бундай қилмаган бўлардим. Ёлғиз ўзим полни артмасдим. Лекин Акбар… У қандай одам бўлган экан-а…

Бу бола ҳақида бир дунё китоб ёзса, арзийди… Ўзбекистон жаҳон тиллари университети халқаро журналистика магистранти, “Маърифат” газетасининг собиқ ва содиқ мухбири Акбар Раҳматов энди орамизда йўқ. Уни Аллоҳнинг ўзи раҳматига олсин.

http://twitter.com/_Zahiriddin

SHARE