Мадаминбекни Шермуҳаммадбек ўлдирганми? (2-мақола)

 Шермуҳаммадбек лашкарбоши ҳақида Америка ва Туркиядаги авлодлари гапиради

 Мавлон ШУКУРЗОДА

Шермуҳаммадбек билан Мадаминбек ораларидаги муносабатлар ҳақида

Муҳаммад Анвар Бек ва Даврон Бек. Довер (АҚШ,Нью-Жерси штати, 2008 йил.)

Муҳаммад Анвар Бек хотираларидан:

Шермуҳаммадбек ва Мадаминбеклар орасидаги муносабатлар жуда самимий бўлган, чунки 1917 йилда улар Қуръонни олиб, биргаликда озодлик учун курашишга қасам ичганлар. Шермуҳаммадбек Мадаминбекка нисбатан ёш жиҳатдан кичикроқ бўлганлиги туфайли унга нисбатан ҳурмат билан қараган. Мадаминбек Чор ҳукумати даврида Сибирга сургун қилинган. Россияда 1917 йилнинг февралида бўлиб ўтган инқилобдан кейин, Шермуҳаммадбек анча пул сарфлаб, унинг Ватанига қайтиб келишига катта кўмак берган, шунингдек, уни ўртоқлари билан биргаликда Когон темир йўл станциясида кутиб олган. Чунки Мадаминбекнинг шахсий душманлари томонидан ўлдирилиши хавфи мавжуд эди. Ўшанда Шермуҳаммадбекнинг ўртоқлари Мадаминбекнинг қиёфасини ўзгартириб, унга рус аскарини кийимини кийдириб, киши танимас ҳолга келтириб, нақд ўлимдан қутқазиб қолишади. Шермуҳаммадбекнинг ўртоқлари унинг қўлига пул, икки тўпонча тутқазишади ва Мадаминбекни яшириб, уни Марғилонгача бирга кузатиб боришади. Шермуҳаммадбек ва Мадаминбеклар бу қамалишдан олдин ҳам бир-бирларини яхши билишган. Шунинг учун Мадаминбек ҳам ёши каттароқ бўлишига қарамай, Шермуҳаммадбекни ҳурмат қиларди.

Мадаминбек гапга чечан бўлишига қарамасдан, Шермуҳаммадбекнинг ҳарбий билимлари олдида ўзини ожизроқ сезган ҳамда буни кўп жойда тан олиб гапирар, бу билан унга ўз ҳурматини билдирарди. Шермуҳаммадбек ҳам у кишини жуда сийлаган. Лекин тарихга назар ташласак, уларнинг ички ва ташқи душманлари бу икки тарихий шахсни бир-бири билан тўқнаштириш ва улар ўртасида низо чиқариш мақсадида кўп саъй-ҳаракат қилганлар. Мадаминбек қандайдир сабабларга кўра қизиллар билан алоқада бўлганига қарамасдан, Шермуҳаммадбек ҳеч бир ерда уни камситадиган ёки ҳақоратловчи гапларни гапирмаган, ҳақиқатни вақт кўрсатади, деб босиқлик қилган. Уларнинг дўстлиги эса абадийлигича қолган. Мадаминбек хатоликка йўл қўйганини, қизиллар тузоғига илиниб қолганини тушунганидан сўнг, қизиллар уни йўқ қилиш тараддудига тушадилар. Мадаминбек советлар фитнаси билан ўлдирилганидан кейин эса ҳамма айбни Шермуҳаммадбекка қўядилар, ҳатто, Мадаминбекнинг аёли Саодатхон опа ҳам уларнинг гапларига ишониб, газеталарга берган бир интервьюсида Мадаминбекни Шермуҳаммадбек ўлдирган, деб хатоликларга йўл қўядилар…

Даврон Бек хотираларидан:

Мадаминбекнинг қатл этилиши пайтида Шермуҳаммадбек Яккатут қишлоғида жанг олиб борарди. Унинг ўлимига Шермуҳаммадбекнинг ҳеч қандай алоқаси бўлмаган. Бу воқеларни эшитган Шермуҳаммадбек Холхўжадан нима сабабдан Мадаминбекни унинг ҳузурига олиб бормаганини сўрайди, шунда Холхўжа эшон бу ишлардан мутлақо хабарсиз эканини, Мадаминбекни қатл этилиши фақат қизиллар билан боғлиқ эканини айтади. Бу гапларни мен ўзим отам Шермуҳаммадбекдан эшитганман. Буларнинг ҳаммаси ўша даврда Шермуҳаммадбекнинг бутун қўрбошилар орасида обрўси ошаётган пайтда рўй берган. Қизиллар шу пайт хийлакорликка ўтиб, Мадаминбек билан Шермуҳаммадбек орасига нифоқ солмоқчи бўлишади ва бунинг уддасидан чиқиб, Мадаминбекнинг ўлимига Шермуҳаммадбек сабабчи дея жар соладилар. Бу ноҳақлик ҳалигача чўзилиб келмоқда… Афсус, истиқлолдан сўнг ҳам бу ишга жиддий ёндашилмаяпти.

Муҳаммад Анварбек Бек хотираларидан:

Дарҳақиқат, отам Нурмуҳаммадбек Мадаминбекнинг холаваччасига уйланган, ўшанда Мадаминбек ҳаёт эдилар. У пайтда Нурмуҳаммадбекнинг биринчи хотини бўлиб, ундан Абдулҳамид исмли бир ўғли бор эди. Улар Қумариқ қишлоғида яшашган. Ўзбекистонга

Даврон Бек Шермуҳаммадбек ўғли ва рафиқалари Сурмахон Бек Нурмуҳаммадбек қизи. Довер (АҚШ, Нью-Жерси штати), 2005 йил. .

борганимда у кишини жиянларини топиб, яқиндан танишдим. Яна бир нарсани эслатиб ўтмоқчи эдим, Мадаминбек қизиллар фитнаси оқибатида қатл этилгач, қуролли ҳаракат янги куч билан аланга олди. Бу ҳаракатнинг илҳомчиси ва ташкилотчиси Шермуҳаммадбек қўрбоши бўлди.

Саодатхон Бек хотираларидан:

Отамиз бир нарсадан ҳар доим хафа бўлардилар… “Мадаминбекни Шермуҳаммадбек ўлдирган”, деб советлар томонидан чиқарилган гап, отамизга умрларининг охиригача ёмон таъсир қилиб келди. Бу ҳақда отамиз бир неча бор бизга шахсан ўзлари гапирганлар. Отамизни Мадаминбекнинг ўлимига ҳеч қандай алоқалари йўқ. Отамиз яна: “мен ҳаётимда бирон марта мусулмон одамга милтиқ кўтармаганман ва ўқ узмаганман, Оллоҳ шоҳид, бу чин сўзим”, – деб кўп такрорлардилар. “Кофирлар, босқинчиларга қарата ўқ уздим, буни тан оламан”, дея таъкидлагандилар.

Мадаминбекни қатл этган шахслар

Даврон Бек хотираларидан:

Энг ачинарлиси, Совет давридаги Ўзбекистон тарихи китобларида бу воқеа тамомила бузиб кўрсатилган. Бундан ташқари, улар тўғрисида бадиий асар ва бадиий фильмлар яратилиб, халқ орасида Шермуҳаммадбекнинг салбий образини яратишга ҳаракат қилинган. Шермуҳаммадбек ХХ асрнинг 60-йилларда “Америка овози” радиосига берган интервьюсида “Мадаминбекнинг ўлимига мен айбдор эмасман. Уни низо чиқариш мақсадида ўша пайтдаги армия қўмондони Зиновьев режа ишлаб чиқиб, ўз одамлари орқали ўлдирган”, деб айтган эди. Турк тарихчиси Али Бадемчи ҳам Шермуҳаммадбек тўғрисида кўп илмий-тадқиқотлар олиб борган.

Али Бадемчи Аданада Шермуҳаммадбекнинг кўпгина хотираларини эринмай магнит тасмасига ёзиб олган. Кейинчалик эса “1917-1934 йиллар. Туркистон миллий истиқлол ҳаракати. Қўрбошилар ва Анвар Пошо” номли илмий асарида қизилларнинг топшириғига биноан Сойиб қори ва Лутфулла махдумлар Мадаминбекни ўлдириб, сўнгра Бухорога қочиб кетганликлари, буни уларнинг ўзи ҳам эътироф этганликлари ёзилган.

Шермуҳаммадбекнинг биринчи невараси, Саодатхон Бекнинг ўғли – Мадамин Бек. Истанбул, 1975 йил.

Умуман, Али Бадемчи Мадаминбекнинг ўлими тарихини чуқур ва ҳар томонлама ўрганиб, у большевиклар томонидан ўлдириб юборилган, деган хулосага келади. Лекин душманларнинг барча иғволарига қарамай, Шермуҳаммадбек ва Мадаминбекнинг дўстлиги сақланиб қолган. Бунга яна бир мисол келтирсам: Шермуҳаммадбек биринчи ўғил неварасининг исмини ўз ҳурматли дўстини хотирлаб, Мадаминбек деб қўяди, энди ўзингиз ўйлаб кўринг, агар уларнинг орасида бирор гап ёки хафачилик бўлиб ўтганида Шермуҳаммадбек шундай иш тутармиди? У қаерда бўлмасин, Мадаминбекни Туркистон халқининг миллий қаҳрамони, миллатпарвар ва халқпарвар одам , деб улуғлаб келган.

Шермуҳаммадбекнинг сўнгги уринишлари ва Туркистонни тарк этиши

Муҳаммад Анварбек Бек хотираларидан:

Бу воқеалардан олдин Шермуҳаммадбекнинг энг яқин ишонган дўсти Мадаминбек 1920 йилда қизиллар тузоғига тушади ва улар билан алоқага киришади. Қизилларнинг нияти Мадаминбек орқали Туркистон халқи орасида обрў-эътибори кун сайин ошиб бораётган Шермуҳаммадбекни йўқ қилиш эди. Лекин вақт ўтиб борарди, Мадаминбек ҳеч қачон дўсти Шермуҳаммадбекка қарши уруш олиб бормаслигини тушунган қизиллар навбатдаги фитнани уюштириб, Мадаминбекни қатл этишади ва усталик билан ҳамма айбни бегуноҳ Шермуҳаммадбекка ағдаришади. Мадаминбекнинг ўлими қайсидир маънода Туркистондаги қуролли ҳаракатларнинг янги куч билан аланга ола бошлашига туртки бўлади. Туркистоннинг барча нуқталаридан босқинчи қизил армия кучларига қарши қақшатқич зарбалар берила бошланади.

Хуллас, доимий кураш ва босқинчи совет армиясига қаттиқ қаршилик кўрсатган Шермуҳаммадбекнинг аскарлари пировардида бироз бўлса-да, мадорсизланади. Бу вақтга келиб, инглизлар ваъда қилган ҳарбий ёрдамдан ҳам дарак бўлавермагач, Шермуҳаммадбек қўшинлари 1923 йилда Омонуллахон подшоҳлик қилиб турган Афғонистон томон чекинишга мажбур бўлади. Улар аввалига Хонободда маълум муддат қўним топадилар. Шермуҳаммадбек Европа мамлакатларининг айрим миссиялари вакиллари билан Ҳиндистонда, Покистон ва Қашқарда музокаралар олиб боради… Ундан ташқари, Помир орқали Шарқий Туркистонга боради, қирғиз ва уйғур уруғлари бошлиқлари билан учрашиб, куч тўплаб, шўроларни Туркистондан чиқариб ташлашга даъват қилади. Лекин улар билан ҳам иш битмайди, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик йўқлиги учун бир неча ой бу масалани ҳал этиш йўлларини излайди. Аммо ночорликдан 300 навкари билан яна Афғонистонга қайтиб боришга мажбур бўлади…

Саодатхон Бек ва ўғли Усмон Бек. Адана (Туркия), 2009 йил.

Саодатхон Бек хотираларидан: Ватандошларимиз турли гапларни айтишарди: кимдир Шермат ака Ватанга кўп душманлик қилди, кўп одамни қирди, ўлдирди дейди. Кимдир эса Шермат ака юрт озодлиги, истиқлоли учун Оллоҳ йўлида душманларни отди, мамлакат учун хизмат қилди дейди. Ёлғизлик қилди, бир ўзи ғалабага муваффақ бўла олмади, кучи етмагач, Ватандан чиқиб кетди, деганлар ҳам бўлди. Энди ундай деганлардан ҳам, бундай деганлардан ҳам Оллоҳ рози бўлсин… Мен бу борада ҳеч нарса дея олмайман, ҳаққим йўқ… Ўтганлар нур ичида ётишсин, Оллоҳ ўз раҳматига олсин, чеккан азиятлари эвазига Оллоҳ роҳатини кўрсатсин, жойлари жаннатдан бўлсин. Отамиз: “мен ислом йўлида одам отган бўлсам-да, лекин ислом тарихида янглиш одам ўлдирмаганман, Оллоҳ менга зафар бермади, хатар берди, қисматим йўқ экан”, деб такрор-такрор гапирардилар…

Шермуҳаммадбекнинг Афғонистонга ўтиб кетиши

Муҳаммад Анварбек Бек хотираларидан: Отам ва амакимлар Ватанни тарк этиш даврини ҳаётларидаги энг оғир дақиқалар деб эслашарди… Шу онда уларнинг кўзлари жиққа ёшга тўлар эди… Афғон ҳукумати Кобулда Шермуҳаммадбекка алоҳида жой ажратиб, давлат томонидан тўланадиган ойлик маош ҳам белгилайди, унга ҳар ой 200 афғон рупийси бериладиган бўлади. Лекин бундай илтифот Шермуҳаммадбек билан бирга келган аскарларига қилинмайди, улар жуда қийин аҳволда қолишади. Улар бир амаллаб кун кечириб, энг оғир ишларни қилишга мажбур бўладилар. Бир кун уларнинг ичида юрган Юсуфжон қўрбоши  Шермуҳаммадбек ҳузурига келиб, ватанга қайтиб, русларга қарши жанг олиб бориш учун рухсат сўрайди. Кейинчалик бу довюрак Юсуф қўрбоши ўз аскарлари билан Туркистонга бориб қўшимча куч тўплайди ва рус аскарларига қарши мардонавор кураш олиб боради. Шермуҳаммадбек билан 30 га яқин аскар қолади.

Шу тариқа, Шермуҳаммадбек ва укаси Нурмуҳаммадбеклар Афғонистонда қўним топадилар, шу ерда

Шермуҳаммадбекнинг жияни Холмуҳаммад Бек. Миллий озодлик ҳаркатининг фаоли. Адана (Туркия), 1955 йил.

уйланиб, янги ҳаёт бошлайдилар. 1926 йилда Шермуҳаммадбек Андижондан Кобулга келиб қолган Зулфинисо исмли аёлга уйланади. Улар 1927 йилда биринчи ўғилли бўлиб, исмини Даврон Бек  деб қўядилар. Бу хушхабарни эшитган Афғонистон подшоси суюнчи сифатида Кобулнинг атрофида жойлашган Демазанг ҳудудидан катта ер ҳадя этади. Шермуҳаммадбек у ерларда катта боғ яратади, кейинчалик бу ерлар обод бўлиб кетади. Ўша ерда кичик ҳайвонот боғи ҳам қуради, сўлим дам оладиган жойлар қилинади, Ўзбекистонда ўсадиган кўпгина мева дарахтлари ўтқазилади.

Афғонистон подшоси, айниқса қовун пишиғи даврида Шермуҳаммадбекнинг уйига келиб, дам олиб кетар экан. У пайтлар Афғонистон подшоси ва унинг атрофидаги вазирлар Шермуҳаммадбек билан жуда яхши муносабатда бўлишган. Зулфинисо Шермуҳаммадбекка тўрт фарзанд туғиб беради: Даврон Бек, Жаҳонгирбек, Саодатхон ва Хосиятхон. Бугунги кунда Даврон Бек,  оиласи билан Американинг Нью-Жерси штатида истиқомат қилади. Синглиси Саодатхоним ўғил-қизлари билан бирга Туркиянинг Адана шаҳрида туради. Жаҳонгирбек ва Хосиятхонлар болалигида вафот этиб, Кобул шаҳрида дафн қилинган. Шермуҳаммадбекнинг рафиқаси Зулфинисохоним 1972 йилда Туркиянинг Адана шаҳрида вафот этганлар.

Шермуҳаммадбекнинг Бухоро амири Саййид Олимхон билан муносабати

Муҳаммад Анварбек Бек хотираларидан: Шермуҳаммадбекнинг Бухоро амири билан муносабатлари Афғонистонга ўтишдан олдин унча яхши бўлмаган. Амир Саййид Олимхоннинг Туркистонга азалдан кеки бор эди, шунинг учун бўлса керак, туркистонликлар, хусусан Шермуҳаммадбек тузган ҳукуматини тан олмаган ва алоқа қилишдан бош тортган. Бунга сабаб, Амир Россиядан қўрққан бўлиши мумкин. Шермуҳаммадбек эса беғараз инсон бўлиб, кўнглида кир сақламаган, бахил бўлмаган. Шу жиҳатдан уларнинг Бухоро амири Саййид Олимхон билан бўлган муносабатини гапириб бермоқчиман. Шермуҳаммадбек Фарғонадан Бухорога, Амир ҳузурига элчи юбориб, қизилларга қарши биргаликда кураш олиб бориш, мужоҳидларга бир оз қурол-яроғ масаласида ёрдам беришини сўрайди. Аммо Амир бу илтимосни жавобсиз қолдиради. Бу ҳам етмаганидек, Афғонистондан сотиб олиниб, Шермуҳаммадбек учун келтирилаётган оз миқдордаги қурол-яроғ Амирнинг божхона ходимлари ва ҳарбийлари томонидан ўтказилмайди.

Бухоро Амири Саййид Олимхон

Энг ачинарлиси эса Саййид Олимхон Туркистондан борган элчиларга нисбатан ўта қўпол муомалада бўлади, уларни ушлаб зиндонга ташлатади. Шермуҳаммадбек ўшанда ўзини тутиб, босиқлик қилди. Аммо бироз вақт ўтгач, Саййид Олимхоннинг ўзи Бухорони тарк этиб, ҳозирги Тожикистон ҳудудида советларга қарши уруш олиб бориб, танг аҳволга тушиб қолганида Шермуҳаммадбекка хат ёзиб, илгариги хатолари учун узр айтиб, ундан ёрдам сўрайди. Бунга жавобан Шермуҳаммадбек 1920 йилнинг ноябрида Асқар қўрбоши қўмондонлигида 500 кишидан иборат суворийларни Шарқий Бухорога юборади. Фарғонадан етиб борган бу курашчилар Бойсунда қизил аскарларга қарши жанг қилдилар. Бойсун мудофаасида фарғоналиклардан 70 нафари шаҳид бўлади. Амир Афғонистонга эсон-омон ўтиб кетгач, Асқар қўрбоши Гарвига қайтиб келади. Амир Саййид Олимхон Афғонистонда яшаётганида бир марта Шермуҳаммадбекни уйига меҳмондорчиликка таклиф қилади. Илгари бўлиб ўтган хатоликлар учун узр сўраб, унга совға-саломлар инъом этади. Кейинчалик Амир хонанишинликка берилиб, бошқалар билан кам алоқа қиладиган бўлади. Шермуҳаммадбек ҳам, ўз навбатида, улар билан унчалик борди-келди қилмаган.

Шермуҳаммадбек ва “ФАОЛ” махфий ҳарбий ташкилоти…

Муҳаммад Анварбек Бек хотираларидан: Иккинчи Жаҳон уруши арафасида Германия ва Япония ҳарбий жосуслари Афғонистон СССР билан чегарадош давлат эканидан фойдаланиб, у ердаги туркистонлик муҳожирлардан ўз манфаати йўлида фойдаланишга ҳаракат қилишади. Германия вакиллари Кобулда шундай одамларни ахтариб топадилар, уларга катта маблағ ажратилишини ва асосий режаларини амалга ошириш йўлларини ахтарадилар. Бу ишлардан Афғонистон ҳукумати вакилларининг ҳам хабари бўлган, албатта. Эшитишимча, Зоҳиршоҳ ҳукуматининг бош вазири лавозимида ўша пайтлар хизмат қилган Ҳошимхоннинг (Зоҳиршоҳнинг амакиси) бу ишлардан хабари бўлган. Ўз навбатида, бу ишларни амалга ошириш Афғон ҳукуматига яқин одам – диний масалалар бўйича Зоҳиршоҳнинг маслаҳатчиси Мубоширхон Тарозийга топширилади.

У бу ишларни амалга ошириш учун немислар ажратган маблағни олиб, ўз атрофига йиғилган одамлар

Шермуҳаммадбекнинг укаси Нурмуҳаммадбек қўрбоши. Адана (Туркия), 1956 йил.

билан “Муваққат ҳукумат” тузишга киришади. Мубоширхон Тарозий ўғли Сайдулло Тарозий Бухоро амирининг куёви эди. У киши бундан икки йил муқаддам оламдан ўтганлар. Худо раҳмат қилган бўлсин. Ҳужжатларда айтилишича, амир Олимхоннинг катта ўғли мазкур ҳукумат раҳбари, Сайдулло Тарозий “Муваққат ҳукумат” раҳбарининг ўринбосари, Асатилла Тўра – молия вазири ва бошқалар мазкур ташкилотнинг раҳбар лавозимларига тавсия қилинади. Бу рўйхатни тузишиб, Германиянинг Афғонистондаги Бош консуллигига боришади, у ердагилар Мубоширхон Шерозий келтирган рўйхат билан танишиб чиққач, нима учун рўйхатда энг асосий ишни олиб борувчилар – ҳарбийлар йўқлигини суриштиришади. Тарозий шундай одам бор, тасодифан рўйхатдан тушиб қолибди, дея Шермуҳаммадбек ва Нурмуҳаммадбекни ҳарбий қўмондон ва қўмондон муовини этиб кўрсатади.

Бу рўйхат ва қилинаётган ишлардан Шермуҳаммадбек ва Нурмуҳаммадбекларнинг умуман хабари бўлмаган. Мен ўша кунларни жуда яхши эслайман, чунки бу воқеалар содир бўлганида мен оқ-қорани танийдиган бўлиб қолган эдим. Улар қамоқда ўтиришганида ҳар кун овқат олиб бориб турардим, отам ўшанда туҳмат билан қамалганликларини куюниб гапирардилар. Бундан ташқари, Шермуҳаммад уруш арафасида кўпроқ уйда бўлиб, унақанги икир-чикр ишларга ҳафсаласи бўлмаган. Ҳеч қандай немисларнинг миссияси вакиллари билан учрашмаган ва улар билан алоқа қилмаган. Буларнинг ҳаммаси – советлар уюштирган бўҳтон.

Саодатхон Бек хотираларидан: Отамнинг душманлари у кишига Афғонистонда ҳам тинчлик беришмади. Ҳаттоки уларнинг дастидан қамоққа ҳам олинди. Душманлик, ёлғон гап ва чақув билан отам қамалиб қолди. Бундай туҳматларга отамиз кўниб қолган эдилар, бу ҳақда улар менга тез-тез гапириб турардилар. Бундай туҳматларни кўпроқ руслар ва уларга ёлланган ватандошларимиз тарқатишарди. Оллоҳга шукр бўлсинким, отамни ҳақиқий турмага тиқишмади. Унинг олдинги хизматларини назарга олишиб, бир ҳарбий қўмондоннинг хизмат жойида хона ажратишиб, у ерда сақлашди. Отамиз тез-тез уйга келиб турдилар, бу тўрт-беш йил давом этди. Отам қамоққа тушганларидан кейин уларга бериладиган ойлик ҳам кесилди. Иккинчи Жаҳон уруши тамом бўлгандан сўнг, отам турмадан озод этилди. Отамга овқат олиб борганимда, у ерда уларнинг гапларини эшита туриб ва уларга яратилган шароитга қараб мен тушундимки, Шермуҳаммадбек катта жиноий иш қилмаган экан, содир этган бўлганида афғонлар отамизни тинч қуйишмасди…

Муҳаммад Анварбек Бек хотираларидан:

 

Туркистон миллий озодлик ҳаракатининг байроғи.

Шермуҳаммадбек ва отам Афғонистондаги “Фаол” Ватанни озод этиш ташкилоти тўғрисида кўп марта гапириб беришган. Бу гаплардан хулоса қиладиган бўлсак, умуман бу ишга отам ва амакимнинг алоқаси бўлмаган. Уларнинг иккисини ҳибсга олиш пайти ҳамон кўз олдимда. Бу воқеа 1943 йилда содир бўлди. Турмада Шермуҳаммадбекка тузукроқ шароитлар яратилди, аммо Нурмуҳаммадбек полислар билан гап талашиб, ҳақиқат ва адолат излагани учун бўлса керак, оғирроқ шароитга тушиб қолган. Бу ташкилотнинг тузилишига Шермуҳаммадбек ва Нурмуҳаммадбеклар қарши бўлишган, чунки бу ишга катта пул аралашганини улар сезиб қолишганди. Бундан ташқари, бу ерда миллий ғоя эмас, балки бойлик орттириш асосий мақсад қилиб олинганлиги билиниб турарди. Немислар томонидан ажратилган бу пулларни асосан Мубоширхон Тарозий ва унинг яқинлари ўзаро бўлиб олгани кейинчалик маълум бўлиб қолди.

Шермуҳаммадбек ва Нурмуҳаммадбеклар “Фаол” ташкилотининг ҳарбий қўмондонлари бўлган десак, унда қуйидаги саволлар туғилади: биринчидан, улар қўмондон сифатида қандай ишларни амалга оширишган? иккинчидан, қаерда ва қачон ҳарбий амалиётлар ўтказишди? учинчидан, қўмондон сифатида бирор марта ҳарбийлар билан йиғилиш ўтказдиларми? Йўқ! Буни ҳеч ким тасдиқлай олмайди, чунки бундай ишларнинг ўзи бўлмаган. Агар бўлган тақдирда бу ҳаммага аён бўлар эди, аввало русларга… Мана сизга оддий ва чин ҳақиқат. Шундан хулоса чиқараверинг. Бугунги кунда Истанбулда, катта ҳурматга эга, ёши улуғ Саидаҳмад тўра деган ватандошимиз яшайди, у инсон бу воқеалардан хабардор бўлиб, менинг гапларимни тасдиқлаши мумкин.

Саодатхон Бек хотираларидан:

Отам турмага тушганларида мен 15-16 яшар қиз эдим. Озодликка чиққач, отамиз кўпроқ уйда бўлдилар, у кишини ҳурмат қилганлар иззат-икром билан келиб кўриб кетишар эди. Тўй-томоша ва айш-ишратларга қўшилгиси келмасди, улардан узоқроқ юрарди. Ўшанда биз ҳаммамиз уйда эдик, бир неча ҳарбийлар келишиб, бизнинг олдимизда отамиз ва Нурмуҳаммад амакимизни ҳибсга олганлар, лекин амакимни алоҳида, катта, шароитлари оғирроқ махсус турмахонага олиб кетдилар. Мубоширхон Тарозий сабабли отамиз ҳибсга олинди. Отам билан ҳеч маслаҳат қилмай ҳарбий ташкилот тузадилар ва унинг бош қўмондони этиб Шермуҳаммадбекни кўрсатишади. Лекин отамиз бошидан бундай ташкилот тузилишига қаршилик кўрсатган. Немислар томонидан ажратилган маблағни улар ўзлари бўлиб олишади, отам ва амаким ҳеч қандай маблағга қўл теккизмаган ва кўрмаганлар ҳам. Агар Шермуҳаммадбек “Фаол” ташкилотининг асосчиси бўлганида, уларнинг ташкилий ишларида, мажлисларида қатнашган бўлар эди. Бошқа шаҳарларга бориб аскар тўплар эди… Лекин отамиз доимо уйда бўлганлиги учун биз отамизнинг бу ташкилотга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини ишонч билан айта оламиз. Ҳалигача эслайман, Афғонистонда 30-йиллардан бошлаб, отамиз кўпроқ уйда ўтирардилар, йиғин ёки мажлисларга боришга тоқатлари йўқ эди. Кўп ҳамюртларимиз бизникига келиб, отамга турли гапларни айтишарди.

Ижозат қилсангиз, Сизга шу воқеа билан боғлиқ ва ўзим шоҳиди бўлган бир воқеани гапириб берсам. Иккинчи Жаҳон уруши арафасида Мубоширхон Тарозий икки-уч одамни отамизнинг олдига жўнатади. Улар “ Мубоширхон Тарозий тўра дастурхон ёзиб, меҳмон чақиряптилар, сиздан албатта боришингизни илтимос қилдилар”, дея отамни ўша йиғилишга алдаб чақирмоқчи бўлишди. Отам уларга ишониб қолади, чунки уларнинг асл ниятини ўшанда англай олмадилар. Негадир бу одамлар бизга шубҳали кўрингани учун биз ҳаммамиз қаршилик қилдик. Биринчи бўлиб Нурмуҳаммадбек амаким “ака, борманг”, дедилар, кейин онам айтдилар: «Бек ака, бормаганингиз маъқул», – деб. Ўшанда биз ва ўгай акамиз (она бир, ота бошқа) Ғуломҳайдар ҳожи ҳам илтимос қилиб, “борманг, ота” деган эдик. Лекин ўша 2-3 киши отамнинг боришларини роса қисташди,  аммо отам уйдагиларнинг гапига қулоқ бериб, бормадилар.

Туркистон миллий озодлик ҳаракати иштирокчиларининг қуроллари.

Ўша мажлис куни уйимизга яна ўша таниш одамлар қўлларида Қуръонни кўтариб кириб келишди ва

Мубоширхон Тарозий тўра хафа бўляпти, эл-юртга ош-нон беряпти, ҳамма ўша ерда, фақат сиз йўқсиз… сизга буни ҳеч қандай зарари йўқ, илтимос, биз билан боринг, – деб яна қисташади. Қўлларидаги Қуръонни кўргач, отамиз бу одамлар алдамаса керак, нима бўлса қисматимдан, деб уларга қўшилиб кетади. Орқаларидан Нурмуҳаммад амаким ҳам борадилар. Борсалар, ҳақиқатан ҳам кўпчилик йиғилган экан, дастурхонлар ёзилган, ҳамма қатори отамиз ҳам меҳмондорчиликда қатнашибди. Лекин Мубоширхон Тарозий тўранинг махсус одамлари фотоаппарат билан отам ва бошқаларнинг расмларини олишаётганидан бехабар эканлар. Ўша куни махфий ҳарбий ташкилот тузилаётганидан отамизнинг умуман хабари бўлмаган. У ерда бу ҳақда гап ҳам очилмаган. Унгача барча рўйхатлар тайёрланиб, бу ишлар учун ажратилган барча пуллар Мубоширхон Тарозий ва унинг атрофидагилар орасида бўлинганлиги кейин маълум бўлди. Тадбир ўтганидан сўнг, Мубоширхон Тарозий барча керакли қоғозларни тўплаб, олинган суратларни қўшиб, немислар вакилига олиб бориб кўрсатади, мана барча туркистонликлар рози, бу ёғига бизга пул, қурол-яроғ ва бошқа керакли анжомларни беринг, деб уларни ҳам алдайди.

Отамиз Афғонистонга кўчиб ўтганларидан сўнг, онамизга уйланадилар. 300 содиқ аскарларига рухсат бериб юбордилар, кейин эса ғарибликка бўйин эгиб, сокин ҳаёт кечириб, тоат-ибодат билан, тақдирга тан бериб яшаб ўтганлар. Ҳеч қандай ҳарбий ташкилотга аъзо бўлмаганлар, бузғунчилик билан шуғулламаганлар, лекин Мубоширхон Тарозийга ўхшаган кимсалар отамга душманлик қилишди. Ўша йиллари қайта куч тўплаб, Туркистонга бостириб кириш тўғрисида фикр отамизнинг умуман хаёлига келмаган, чунки ўша пайт бундай имкониятнинг ўзи ҳам бўлмаган. Унга ёрдам берадиган, маблағ ажратадиган ва қўллаб-қувватлайдиган одам бўлмаган, буни тўғри англаб, эндиликда русларга қарши бош кўтариш мантиқсизлик эканлигини англаган эдилар. Улар фақат Оллоҳга илтижо қилиб, мамлакатни унсурлардан озод этишни сўраб турардилар, холос.

Бир жиҳатни аниқ айтишимиз мумкинки, бу тўғрида отамиз умуман ўйламаганлар ҳам, чунки мен, Давронбек  акам ва Анварбеклар ёшимиз анча улғайиб, оқ-қоранинг фарқига борадиган, ҳамма нарсани тушуна оладиган ёшда эдик. Немислар билан махфий музокаралар олиб борилган, деган гапларнинг барчаси ёлғон ва туҳмат… Отамиз фақирона ҳаёт кечирдилар, ўзлари ҳеч қандай маблағ тўплаган эмас ва ҳеч кимдан пул олмаган. Мана, уйимиз ва отамиз яшаб ўтган уйларини кўрдингиз… катта пули бор одам шундай оддий ҳаёт кечирармиди? Отамизнинг пули кўп бўлса, буни биз ва эл-юрт ҳам билар эди-ку? Худога шукр – оч яшамадик, кўпчилик ватандошларимиз қатори кун кечирдик, меҳнат қилдик, тирикчилик қилдик, отамизга ўхшаб, мен ҳам ҳаётимдан асло нолимайман…

Афғонистонда Беклар авлодига муносабатнинг ўзгариши

Даврон Бек Шермуҳаммадбек хотираларидан: ХХ асрнинг 30-йиллари ўрталаридан бошлаб Афғонистонда Бекларга нисбатан муносабат ўзгариб қолди. Бу ўз навбатида ҳукмдорларнинг ўзгариши ва советларнинг бу ердаги ўзбекларга бўлган ёв қарашларидан, деб билсак бўлади. ХХ асрнинг 40-йилларидаги бир воқеа хотирамда муҳрланиб қолган: Сизлар Беклар авлодлари экансиз деб, мени ва амакимнинг ўғли Анварбекни мактабдан ҳайдашган. Аввал, яъни Омонуллахон даврида бизга муносабат жуда яхши бўлган эди, кейинчалик руслар сиёсатидан қўрққан Афғонистоннинг янги подшоҳлари бизга нисбатан қаттиққўлликни жорий қилдилар, бир қанча чеклашлар қўлланди, масалан, бизга 6 чақиримдан нарига бориш ман этилган эди. Руслар талаби билан амаким Нурмуҳаммад қўрбошини бир неча бор зиндонбанд қилиндилар.

Шермуҳаммадбек лашкарбоши, Адана (Туркия), 1957 йил.

Амакимни турли хил баҳоналар билан турмага олиб кетишарди, Афғонистонда 27 йил яшаган бўлсалар, шундан ярмидан кўпроғи, яъни 14 йили турмада ўтди. Нурмуҳаммадбек Шермуҳаммадбекка ўхшаган оғир-вазмин эмас эдилар, сал тез феълроқ эдилар, ўз ҳуқуқларини ҳимоя этиб, маҳаллий ҳукумат ва полиция вакиллари билан доимо тортишиб, ўз билганларидан қолмасдилар. Шу сабабдан, у кишини тез-тез турмага қамаб қўйишарди.

Саодатхон Бек хотираларидан:

1943 йилда отамни турмага қамашларидан олдин Афғонистонда яшаганимизда отам бизга фақат АРК (Ҳукумат докторхонаси)дан келган тиббиёт ходимлари қарашарди, бошқаларга отамиз ишонмасдилар. Дориларни ҳам ўзлари олиб келишарди, ташқаридан дори олмасдик. Кобулдаги уйимизни ҳам афғон ҳукумати ҳарбийлари кечаю кундуз қўриқлаб туришарди. Подшоҳ билан учрашув бўлганда Аркдан махсус ароба (автомашина) келарди, отамиз 2-3 соат у ерда бўлар, яна олиб келиб қўйишарди. Яқинда мен бир гап эшитиб қолдим, бир китобда отамиз ўтган асрнинг 30-40 йилларда Кобулдаги СССР элчихонасига икки марта бош эгиб бориб, уларга ялиниб, оиласи билан бирга Туркистонга қайтишига рухсат сўраган, деб ёзилган эмиш.

Ўша пайтда биз ёш бола эмас эдик, уйдаги бўлаётган воқеалардан, гап-сўзлардан хабардор эдик. Лекин отамиз рус элчихонасининг яқинига ҳам бормаганлар, ҳатто кўчасидан ҳам ўтмас эдилар, буларнинг ҳаммаси бўлмағур гап. Отамизнинг феъл-атворини билганим учун бундай гапиришга асосим бор. Шунча йил ёнма-ён яшаб, отамиз бош эгиб ўз ихтиёрига қарши борганини эслай олмайман. Ўша пайтда халққа зулм ўтказиб, қийноқларга солиб, қирғинбарот бўлаётган СССР деган мамлакатга бориш тўғрисида бирор сўз ҳам эшитмаганман. Мен бунга инонмайман, қолаверса, отам ҳар нарсага бўйин эгадиган одам бўлмаган.

Муҳаммад Анварбек Бек хотираларидан:

Болалигимизда оталаримиз бизга кўпроқ Ватан хусусида гапирар эдилар. Шермуҳаммадбек ва Нурмуҳаммадбеклар ўз фарзандларининг тарбиясига жиддий аҳамият қаратишарди. Бизга кўп вақт ибратли амаллар тўғрисида гапириб беришарди. Эсимда, Отам Нурмуҳаммадбек, мен 14 ёшга тўлганимда олдиларига чақириб, балоғат ёшига етганим сабабли қасам ичирганлар. Ўнг қўлимга Қуръонни ва чап қўлимга ўзининг тўпончаларини тутқазиб, “Туркистон Ватанимизга хиёнат қилмайсан, ҳаётингни сўнгги дақиқаларига қадар Ватанингга содиқ бўласан, Ватан озодлиги учун ҳаракат қиласан, халқни бирлаштириш учун қўлингдан келганича курашасан”, – деб қасам ичирганлар. Шундан сўнг икки ракат намоз ўқитиб, мени ўз бағриларига босиб, пешонамдан ўпганлар. Сал вақт ўтиб, мен ҳам миллий истиқлол ҳаракатига қўшилдим…

Шермуҳаммадбекнинг тавсияси билан Кобулда “Туркистон турк ёшлари бирлиги” ташкилотининг тузилиши

Муҳаммад Анварбек Бек хотираларидан:

Омонулла Хўжа деган (асли келиб чиқиши Андижондан) шеригим билан Кобулда 1949 йилда  “Туркистон турк ёшлари” ташкилотини туздик. Бу ишни биз Шермуҳаммадбек ва Нурмуҳаммадбекларнинг тавсиясига асосан амалга оширдик. Бу ташкилотни тузишдан кўзланган асосий мақсад муҳожирликда яшаётган барча туркий ёшларни бирлаштириш, улар онгига Ватан туйғуси, миллий урф-одатларимизни сингдириш эди. Бундан ташқари, ёшларимизга ўтмишимиз, тарихимиз, ўзлигимизни англатиш борасида қатор тадбирлар белгиланган эди. Бу янги тузилмага бирин-кетин ёшлар аъзо бўлиб кира бошлашди. Ташкилий ишларни амалга ошириш учун биз зеҳни ўткир, уддабурон, қўлидан иш келадиган ёшларни жалб қила бошладик, раҳбарлик ҳайъатига ҳам обрўли, етарли илмга эга ёшларни жалб қила бошладик. Улар орасида наманганлик Абдулҳаким Қуёш, Даврон Бек, бухоролик Барат Билгин ва Абдурауф Найза, тошкентлик Ғуломжон Тошканд, самарқандлик Фозилжон Санжар, марғилонлик Ҳожимуҳаммад Аёзлар бор эди.

Ёшларимизнинг илмга интилишини ҳисобга олиб, энг аввало кичик мактаб очиб, муаллимликка Омонуллахон даврида Туркияга бориб илм олиб келган, туркий тилларни жуда яхши билгувчи бир афғон муаллимни таклиф этдик, у ёшларимизга туркий тилда сабоқ бера бошлади. Мен катталар билан маслаҳатлашган ҳолда, сармоя тўплашга киришдим, чунки ташкилотнинг кирим-чиқими бўлади. Ташкилотимиз тез ривожлана бошлади, бироз ўтмай аъзолар сони 350 нафардан ошди. Орадан бир йил ўтди. Лекин бу ташкилот ҳаммага ҳам хуш келмади, душманларимиз томонидан афғон махсус бўлинмаларига мутлақо бошқа маънодаги ахборот етказилади. Кобулда ўша пайтда давлат миллий ташкилоти раиси Мулла Расулхон исмли бир шахс бизнинг тарихимизни жуда яхши билар ва ич-ичидан бизни ёмон кўрарди. Ишимизга аралашиб, бизни Афғонистонда Буюк Турон ғоясини юритаётганликда айблаб, туҳмат қилади.

Мактабимизда фақат форс, инглиз, испан ва рус тилларини ўрганишимиз, туркийни эса умуман тилга олмаслигимизни уқтирди, мен унга қарши фикр билдирдим. Шундан сўнг, 1950 йилда мен ва яна 5 кишини ҳибсга олиб, қамаб қўйишди. Мен у ердан туриб Туркия ҳукумати номига хат ёзиб, Туркияга кўчиб ўтишга рухсат беришларини сўраб, мурожаат қилдим. Тез орада менга у ердан жавоб хати келди. Шундан сўнг, Туркия Бош консуллиги менга Туркияга кетишимга рухсат бериб, муваққат паспорт топширди. Шу билан бирга Бош консул жаноблари Афғонистон Ташқи ишлари вазирлигига мурожаат қилиб, туркийзабон ёшлар турмада ноҳақ ушлаб турилганини айтиб, уларни озод этишни талаб қилади. Сўнгра бизни турмадан чиқаришди. 1952 йилда Туркиянинг Адана шаҳрига кўчиб ўтдик. Унгача бироз Покистонда яшадик. Афғонистон фуқаролигини қабул қилмаганлигимиз бу борада ишимизни бироз осонлаштирди…

Шермуҳаммадбек лашкарбоши (чапдан иккинчи) қуролдош дўстлари даврасида. Қўқон, 1920 йил.

 

Aloqador maqolalar:

Нега Кўршермат? (1-мақола)

Мадаминбекни Шермуҳаммадбек ўлдирганми? (2-мақола)

Шермуҳаммадбекнинг хориждаги ҳаёти (3-мақола)

Шермуҳаммадбек қандай инсон бўлган? (4-мақола)

Хорижлик тадқиқотчилар Шермуҳаммадбек ҳақида (5-мақола)

SHARE