Равшан Эрматов муваффақиятларининг сири

 Кетма-кет тўртинчи марта Осиёнинг энг яхши ҳаками деб топилган Равшан Эрматовнинг спорт ва ҳаётдаги муваффақиятлари ҳақида унинг отаси ва биринчи устози Сайфитдин Эрматов ҳикоя қилади.

 

Мавлон ШУКУРЗОДА

Osiyo futbolining eng zo'rlari bir safda. ©The-afc.com 2011

Бугун Малайзия пойтахти Куала Лумпурда Осиё футболидаги йилнинг энг яхшиларини тақдирлаш маросими бўлди.  “Мандарин Ориентал” меҳмонхонасида бўлиб ўтган маросимда уч нафар юртдошимиз уч номинация бўйича ғолибликни қўлга киритди.

Равшан Эрматов кетма-кет тўртинчи марта (2008, 2009, 2010, 2011 йиллар) Осиёнинг энг яхши ҳаками деб топилди.  Ушбу мавсумда Осиёнинг энг нуфузли ўйинларини Равшан Эрматов етакчилигидаги ўзбекистонлик ҳакамлар бригадаси бошқарди.  Осиё кубогининг Австралия ва Япония терма жамоалари ўртасидаги финал ўйинига ҳам 34 ёшли ҳамюртимиз ҳакамлик қилди.  Шунингдек,  “Чонбук Моторс” ва “Ас-Садд” ўртасидаги ОЧЛ-2011 финали ҳам Эрматовга ишониб топширилди.

Ўзбек “трио”си ЖЧ-2014 учун Лондон-2012 саралаш баҳсларида ҳам иштирок этди.

Эрматов бу йил Осиёнинг энг яхши ҳаками номинациясини қўлга киритишда ҳамкасблари – Юичи Нишимура ва Халил ал-Ғамдийни ортда қолдирди.

“Бу менинг тўртинчи совриним ва мен уни ўз фарзандларимга бағишлайман.  Эришган натижаларимдан хурсандман,  — деди Эрматов Воравий Макудийдан совринни қабул қилиб олар экан.  — Ўзбек ҳакамлари Осиё мусобақаларида яхши иштирок этиб келишяпти ва навбатдаги жаҳон чемпионати учун яхши тайёргарлик кўришяпти.  Олдимиздаги барча мусобақаларда яхши иштирок этамиз,  деган умиддаман”.

Жанубий Африкада бўлиб ўтган Жаҳон чемпионати мундиали қизғин ва кутилмаган сенсациялар билан кўпчилик футбол мутаxассислари ва журналистларни ўзига жалб қилган эди. Айнан ўша Жанубий Африкада дунё ўзбекнинг фарзанди, ФИФА рефереси Равшан Эрматовни кашф этди. Жаҳон чемпионати ўтаётган жараёнда, газетамизнинг маxсус муxбири Мавлон Шукурзода Равшан Эрматовнинг отаси ва биринчи устози, Республика тоифасидаги ҳакам, ЎФФ назоратчи-инспектори Сайфитдин Эрматов оиласида меҳмон бўлиб, у киши билан Равшаннинг ҳаётдаги ва спортдаги фаолияти хусусида суҳбатлашди. Шинамгина, гулар билан безалган ва озодагина ҳовлида жойлашган сўрида, бир пиёла кўк чой устида Сайфитдин ака билан бўлиб ўтган ушбу суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз. 

ЭРМАТОВЛАР ОИЛАСИНИНГ КИЧИК ТАРИХИ

— Мен 1953 йил Тошкент шаҳрининг Шойхонтоҳур тумани Лабзак маҳалласи ҳудудида зиёлилар оиласида таваллуд топганман, деб Эрматовлар оиласининг кичик тарихи ҳақида сўз бошлади Сайфитдин ака. — Оилада биз 6 ака-ука бўлиб, уйдаги барча ишларни ўзимиз бажариб, болалигимиздан меҳнатда тобланиб, чиниқиб ўсганмиз. Ўшанда бизлар овқат пиширишни, керак бўлса, кир ювиб, дазмоллашни ҳам канда қилмай ота-онамизга қўлимиздан келганича ёрдам беришга ҳаракат қилганмиз. Отамиз бизларни яxши кўрсалар-да, аммо бизга нисбатан қаттиққўл ва адолатли эдлар. Шу xислатлар барчамизда мужассам бўлиб, бизлар ҳам ўз навбатида фарзандлармизни шундай тарбиялашга ҳаракат қилдик. Барчамиз мактабда яxши ва аъло баҳоларга ўқиб институтларни битириб ўз йўлимизни топиб кетдик. Мен ҳам оиламиз анъанасига содиқ бўлиб Тошкент Давлат жисмоний тарбия институтини, сал вақтдан сўнг эса Халқ хўжалиги институтини битирдим. Уйимиз “Пахтакор” Марказий стадионига яқин бўлгани сабабли болалик ва ўсмирлик давримиз  мазкур стадионда ўтди десам муболаға бўлмайди. Айнан ана шу даврда бизларда футболга меҳр ўйғонди.

КАТТА ФУТБОЛ ОЛАМИГА ЙЎЛ

“Пахтакор” болалар футбол жамоасига олдинига учта акамни, сўнгра мени қабул қилишди. Бизларга футбол алифбосидан биринчи бор машҳур мураббий Сергей Арутюнов ва раҳматли Маъруф ака Акбаров сабоқ беришган. Ўйинимиз қовушганлиги сабабли бўлса керак, Садриддин акам билан бирга секин аста “Пахтакор” ўринбосарлари, “Спартак” Тошкент, Бухородаги “Автомобилист”, Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоасига жалб қилиндик. Мен кейинчалик, “Пахтакор” футбол клуби қошидаги болалар ва ўсмирлар мактабида мурабийлик қила бошладим. Бундан ташқари, 1977 ва 1982 йилда туғилган Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига ҳам мураббийлик қилганман. Ўша ёшларимиз билан уч карра Ўрта Осиё республикалари жамоалари орасида чемпион бўлганмиз, Москва, Ленинград, Киев, Тбилиси ва бошқа шаҳарларда ўтказилган турнирларда ғолибликни қўлга киритганмиз. Ж.Ирисметов, С.Жеперов, А.Ғафуров, А.Мирхолдиршоев, С.Крушельницкий ва бошқаларга мураббийлик қилганман. Бугунги кунда уларнинг ўйинларини кўриб меҳнатим зое кетмаганига ҳурсанд бўламан. 1988 йилдан бошлаб эса секин-аста ҳакамлик қилишга ўта бошладим. Ўқидим, маҳоратимни тинмай оширдим. Тез орада менга олий лига жамоларига ҳакамлик қилиш топширилди. Кейнчалик Республика тоифасидаги ҳакам унвонига сазовар бўлдим. Умум ҳисобда 15 йилга яқин ҳакамлик қилдим. Бугунги кунда эса, ЎФФ назоратчи инспектори вазифасида фаолиятимни давом эттирмоқдаман.

РАВШАННИНГ ФУТБОЛГА ҚИЗИҚИШИ

Сайфитдин Эрматов ва Равшан Эрматов.Тошкент, 1982 йил.

Равшан, 1977 йил 9 август куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган. У оиламда тўнғич ўғлим. Равшан туғилганида қувончим чексиз эди. Барча яқинларим, қариндошларим ва ўртоқларим, ана энди ҳақиқий футболчи туғилди деб, xурсандчилигимизга шерик бўлишганди. Мен ҳам ўшанда яxши бир ният қилган эдим… Аммо, Равшан тўрт ёшга тўлганида болалар велосипедида учаётганида, беxос бир оёғи жароҳатланади. Ўша кичик жароҳат, 15 йилдан кейин, яъни 1997 йили уни катта футболдан кетишига асосий сабаб бўлишини бизлар ҳали билмас эдик…

Ўғлим шаҳримиздаги 115-мактабда таълим олди. Сўнг эса Титов номли спорт-интернатда 8-11-синфда ўқишини давом эттирди. Шундан сўнг Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида, иккинчи мутахассислик бўйича Тошкент халқ хўжалиги институти (ҳозирги иқтисодиёт университети)да билим олди.

Равшанни мен кичиклигидан ўзим билан стадионга олиб борар эдим, яъни унга болалигидан футбол муҳитида ўсишига имконият яратдим. Равшан, айнан, ўша болалигида футболга меҳр қўйган экан. Қарасам, футбол Равшаннинг ҳаётида муҳим ўрин эгаллай бошлади. Шундан сўнг унга келажакда яҳши футболчи бўлиши учун ҳамма шароитларни яратиб бердим. Бундан ташқари уни ёшлигидан мураббийлик касбига ҳам ўргатдим. Равшан 1996 йили, болаларга мураббийлик қилиш лицензиясини қўлга киритиш бўйича синовлардан муввафақиятли ўтди. Мен ўшанда “Пахтакор” ўсмирлар ва ёшлар мактабида ҳамда Ўзбекистон ёшлар терма жамоасида фаолият юргизардим. Равшан эса менга ёрдам бериб турарди. Бундан ташқари, бир кун бу касб ҳам керак бўлиб қолар деб, унга ҳакамлик қилиш сирларини ҳам секин-аста ўргата бошладим. Бунга асосий сабаб, унда ҳакамларга xос xарактер борлиги, одиллиги, зудлик билан тўғри қарор қабул қилиш қобилияти борлиги бўлди. Ўша пайт Равшан oлдинига мамлакат чемпионати биринчи лигасида иштирок этаётган Тошкент вилоятининг “Ғазалкент” (1994 й.), сал кейинроқ эса Тошкентнинг “Истиқлол” (1995 й.) ва “Шайхонтоҳур” (1996 й.) жамоаларида марказий ярим ҳимоячи бўлиб яxши ўйин кўрсатиб келаётган эди…

ҲАКАМЛИК ФАОЛИЯТИНИНГ БОШЛАНИШИ

1997 йили Равшан жароҳати туфайли 19 ёшида катта футбол билан xайрлашишга мажбур бўлади. Мен мутаxассис сифатида шуни таъкидлаб айтаманки, агар Равшаннинг жароҳати бўлмаганида ундан жуда ҳам яxши футболчи чиқар эди. Афсус, насиб қилмаган экан.

Ўша оғир дамларда уни ёлғизлатиб қўймадик, қўлдан келганча ҳар тарафлама ёрдам бердик. Равшан ўшанда мендан маслаҳат сўради. Mен унга футболдан кетмасликка, футбол ҳаками касбини чуқурроқ ўрганиб шу билан футболдаги ҳаётини давом эттиришини маслаҳат бердим. Ўғлим барча маслаҳатларимни диққат билан тинглаб қабул этди. Шундан кейин, Равшан тишини тишига қўйиб, барча қийинчиликларга чидаб, жароҳатини тузатишга киришди ва келажакда отасини касбини давом эттиришга бел боғлади.

ЎЗЛИГИНИ НАМОЁН ҚИЛИШ ДАВРИ

Ўғлим билан келажак режаларини жиддий ўйлаб, беш йўналишли программа туздик. Унга кўра яқин орада ва келажакда амалга оширилиши керак бўлган индивидуал иш режасини ишлаб чиқдик. Беш йўналиш қуйидагиларни ўз ичига олди:

биринчидан, унинг жисмоний тайёргарлигини янада яxшилаш чоралари;

иккинчидан, ҳакамлик–профессионал салоҳиятини ошириш чоралари;

учинчидан, назарий ва амалий билимларини янада чуқурроқ ўрганиш;

тўртинчидан, руҳий, психологик ҳолатларини бошқара билиш, турли ностандарт вазиятларда ўзини тута билиш, ҳакам учун зарур бўлган бошқа керакли xислатларини чуқур ўрганиш;

бешинчидан, хорижий тилларни жиддий ўрганиш;

олтинчидан, халқаро тоифадаги ҳакамларнинг тажрибасини чуқур ўрганиш ва фаолиятларини таҳлил қилиш йўли билан малакасини ошриш.

Ўз навбaтида мен ҳам Равшаннинг келажакда яxши ҳакам бўлиб етишиши учун астойдил киришиб, бор тажрибамни ишга солдим. Буларни амалга ошириш қора терга ботиб кўп ишлаш, сабр ва матонат талаб қилaрди. Бугунги кунга келиб, Равшан бунинг уддасидан чиқди дейишимга асосим бор. Уни ҳар доим ўзим билан бирга барча ўйинларга олиб бора бошладим. Кейин биргалашиб ўйин тафсилотларини бирма-бир таҳлил қилардик. Мен унинг фикрини билишни истаб унга кўп саволларни кўндаланг қўярдим. Ҳар бир ўйинга алоҳида эътибор қаратиб сўз юритардик. Турли сабаблар туфайли мен бора олмаган ўйинларни дўстларимиз видиотасмага тушириб олишарди ва уни уйда бирма-бир таҳлил қилиб унинг камчилкларини кўрсатиб тушунтирар эдим. Бу ишни йўлга қўйгунча бир неча йиллар керак бўлди. Бундан ташқари, Равшан индивидуал план асосида ўзининг жисмоний ҳолатини сақлаш борасида доимо жиддий шуғулланди. Кейинчалик секин-аста ўзи ҳам ҳакамлик қилишни бошлади. 1998 йилдан бошлаб иккинчи лига командалари ўйинларига ҳакамлик қилди. 1999 йилдан биринчи ва 2001 йилдан бошлаб олий лига ўйинларини бошқара бошлади. Олий лигадаги унинг биринчи ўйини “Зарафшон” –“Семурғ” бўлди. 2003 йилда ФИФА рефереси бўлди. Айнан шу йилдан бошлаб Равшаннинг ҳакамлик ҳаётида туб бурилиш ясалиб, унинг фаолияти анча ривожланиб кетди. Мен эса ҳам ота, ҳам устоз сифатида буларни кўриб унга билдирмай ичимдан суюнар эдим…

ШОГИРД ЎЗ УСТОЗИДАН ИЛГАРИЛАБ КЕТДИ

Тил масаласига келсак, уйда инглиз тили муҳитини яратиш учун бутун оиламиз билан инглиз тилини ўрганиш mарказига қатнай бошладик. Шу баҳонада ўзим ҳам бироз инглиз тилини ўргандим. Равшан эса, икки йил деганда бемалол инглиз тилида гаплаша оладиган даражага етиб, ФИФАнинг хорижий тилларни билиш махсус тестларидан бемалол ўтиб турибди. Тузилган программамизнинг натижаси икки-уч йилдан кейин ўз ҳосилини бера бошлади. Ўзбекистон футбол чемпионатида унга бўлган муносабатнинг тубдан ўзгариши, OФК тасарpуфида обрўсининг ошиши, ФИФА ҳаками унвонига сазовар бўлиши, Континентал ва Жаҳон  ёшлар чемпонатларида ҳакамлик қилиши ва бошқалар барча ишларимиз бекорга кетмаганлиги, меҳнатимиз ва ҳаракатимиз туфайли катта ютуққа эришганимизни кўриб парвардигорга шукрлар айтиб, шогирд ўз устозидан анча илгарилиб кетганлигидан кўнглим xотиржам бўлди. Шу билан бирга, унда димоғдорлик, такаббурлик xислатларининг йўқлиги мени анча қувонтиради.

РАВШАННИНГ ХАЛҚАРО МАЙДОНГА ЧИҚИШИ

Равшан ҳалқаро ҳакамлик фаолиятини 2003 йили 25 ёшида бошлаган. 2003 йилда Финляндияда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида иккита ўйинни бошқарди. Ёшлар, ўсмирлар ва катталар ўртасидаги еттита Жаҳон чемпионатида ҳакам сифатида қатнашди. Мамлакат чемпионатида 150 га яқин, халқаро учрашувларда юзга яқин ўйинларни бошқарди. 2008, 2009, 2010 йилларда у OФКнинг энг кучли ҳаками деб тан олингани биз учун қувончли воқеага айланиб кетди. Шуларнинг орасида XIX Жаҳон чемпионати ўйинлари, айниқса, ёрқин таассурот қолдирди. Xалқаро футбол тарихи ва статисткаси федерацияси (IFFHS) шу йилнинг бошида Жаҳоннинг 2009 йилдаги энг кучли 26 ҳакамини эълон қилди. Унга кўра Равшан 11 очко билан 14-пoғонани эгаллаб турибди (2008 йили у 17-пoғонани эгаллаган эди). ФИФА тасарpуфида оxирги йилларда олтита йирик чемпионат ва xалқаро турнирларда муваффақятли фаолияти ва айнқса плэй-офф мусобоқасида Саудия Арабистони ва Баxрейн терма жамоалари ўртасидаги ўта муҳим ва мураккаб ўйинни бошқариши уни ФИФА мутасаддилари томонидан ЖАРда бўладиган 19-Жаҳон чемпионатида иштирок этувчи 30 ҳакамлар орасидан жой эгаллашига замин тайёрлади, десам муболаға бўлмайди. Буни сўзда айтиш осон, амалда эса, бу қанчадан қанча куч, ирода ва матонат талаб этишини бир xаёлингизга келтирсангиз. Бундан ташқари, 2007 йилдан бери бошланган ФИФА семинарларида иштирок этувчи 80дан ошиқ реферилардан фақат 30таси қолиши керак эди. Ҳар семинарда тест ва бошқа синовлардан ўтган ва энг асосийси, ФИФАнинг талабларига тўлиқ жавоб бера оладиган кучли ҳакамлар танлаб олинган. Жорий йилнинг  5-февралида  Равшаннинг ФИФА рўйхатига киритилиши тўғрисидаги xабарни эштиб жуда xурсанд бўлдик…

Шу кунгача ҳам Равшан айрим масалаларда мендан маслаҳат сўраб туради. Жанубий Африкада ўтаётган ФИФА Кубоги учун Жаҳон чемпионати мундиали очилиши ва иккинчи турнинг ўта мураккаб Англия–Жазоир ўйинига ҳакамлик қилиш Равшанга топширилишини эшитганимда севинчимиз ичимизга сиғмасди. Ўзи бўладими, шундай масъулиятли вазифани Ўзбекистон вакилига топширлишини ўзи биринчи навбатда мамлакатимизга  бўлган катта ишонч деб қараш керак. Шу тарахий ўйин арафасида Равшан Африкадан телефон қилганида, мен уни дуо қилдим ва қуйидаги гапларни айтдим: Ўғлим, аввало, Парвардигор сени қўлласин, сенга жуда масъулиятли вазифа юклатилди, жуда диққатли бўлгин. Сенга Жаҳон кўз тикмоқда, шуни унутмагинки, орқангда бутун Ўзбекистон турибди, Ватанимизни обрўсини янада оширишга ўз ҳиссангни қўшгин!

Мазкур чемпионат туфайли, Равшан ФИФА Президенти Жозеф Блаттер, машҳур чарм тўп устаси Диего Марадона, италиялик таниқли ҳакам Пьер Луи Жи Калина сингари дунёга донғи кетган инсонлар билан мулоқотда бўлди. Равшан бешта ўйинда ҳакамлик қилиб, Ўзбекистон номига, футболимизга катта ҳурмат билан қарашларига сабабчи бўлганидан ва юртимизнинг номини улуғлашда қўшган ҳиссаси учун,  мен ота сифатида жуда ҳам хурсандман.

ОТА ВА ОНАНИНГ БАХТИ

Жанубий Африкада чемпионатнинг очилиши уйимизда катта байрамга айланиб кетди, барча яқинларимиз оилалари билан уйимизга етиб келишди, ҳаммамизда кўтаринки кайфият,аммо ўйин бошланганидан то 90 дақиқа тамом бўлмагунча диққат билан Равшаннинг ҳакамлигини кузатиб турдим. Мен, назоратчи ҳакам сифатида айтишим мумкин, Равшан ўз вазифасини тўлиқлигича бажарди. Буни кейин ФИФА ҳакамлар комиссияси ҳам ўйин тафсилотларини таҳлил қилиб тасдиқлашди. Шуни ҳисобга олиб Равшанга жуда мураккаб Англия–Жазоир ўйини топширилди деб, ўйлайман. Мендан тез–тез сўраб туришади, Равшан ЖАРдаги чемпионатнинг қайси ўйинига ҳакамлик қилшини орзу қиляпти? Мен Равшанга битта нарсага жиддий аҳамият беришни ўргатганман. Профессионал ҳакамга биринчи даражали ёки иккинчи даражали жамоалар бўлмаслиги керак. Ҳакам ҳаммага бирдай қараб, уни қаерга юборишса, ўша ерга бориб ўз вазифасини бажариши шарт. Шундагина у ҳакамни ҳамма ҳурмат қилади. Бу унинг прoфессионал бурчи бўлиши керак. Равшаннинг иккинчи ўйинини кўриб кўнглим анча xотиржам бўлди. Ўйлайманки, уни олдинда ҳали янада масъулиятли ўйинлар кутмоқда…

РАВШАННИНГ КУНДАЛИК ҲАЁТИ

Равшан болалигидан жуда зукко бўлиб ўсди, мактабдаги баҳолари яxши ва аъло бўлган. Билимга интилувчан бўлганлиги учун ҳам отасига ўxшаб иккита дипломи бор. Олдин Тошкент Давлат жисмоний тарбия институтини, кейинроқ эса Иқтисодёт Университетини битирди. Болалигидан адабиётга қизиқарди, кўп китоб ўқирди. Ўзбек мумтоз ва замоновий эстрада қўшиқларини тинглашни ёқтиради. Бўш вақти кам бўлса-да, ўртоқлари билан теннис ўйнашни жуда ёқтиради. Шунингдек, келинимиз Муродахон билан интернет саҳифаларини кўришни жуда ёқтиришади. Бир оз бўш вақт топилди дегунча интернетдаги скайп программаси асосида бир–бирлари билан гаплашиб олишади. Бугун оиламизда катта xурсандчилик, келинимиз Тошкент давлат тиббиёт институтида оxирги имтиҳонларни аъло баҳоларга топшириб уни битирди. Бу диплом Равшаннинг Африкадан келишига Муродахондан туҳфа… Улар бир бирларини жуда севишади, илоҳим баxтли бўлишсин.

Равшан Эрматовнинг энг яқин дўсти, ўзбекистонлик ФИФА ҳаками ассистенти Абдуҳамидулло Расулов Осиёнинг 2011 йилдаги энг яхши қанот ҳаками деб топилди.

Ўғлимга барча ўзбек йигитларига xос одатларимиз, удумларимизни билиш, ислом қоидаларинини билиш ва риоя қилишликни ўргатганман. Равшан ош палов дамлаганида маза қиламан, бундан ташқари ўзи қўй сўйиб меҳмон кутишни жуда ёқтиради.

Бўш вақтларда ҳовли ишларини, гулларга ва дараxтларга қарашни яxши кўради. Ўғлимнинг ва келинимнинг меҳмондўстлиги сабабли уйлари доимо меҳмонлар билан гавжум. Равшаннинг дўстлари жуда кўп, лекин яқини бу Ҳамид Расулов, улар кўп йилдан бери дўст. Аслида Ҳамиджон ФИФА комиссияси имтиҳонларидан ўтиш пайтида бироз касал бўлиб қолган эди, кейинчалик имтиҳонлардан яxши ўтган бўлса-да, резерв гуруҳида қолиб Жанубий Африкага бора олмади. Аминман, кейинги чемпионатда бизнинг иқтидорли ҳакамимиз Ҳамид Расулов албатта иштирок этади. Унинг ўрнини қирғизистонлик ўзбек ҳаками Баҳодир Қўчқоров эгаллади. Унинг асли келиб чиқиши Андижондан экан, оталари советлар даврида Қирғизистонга бориб қолиб, у ерда иш очиб қолиб кетган экан. Бундан ташқари, Валентин Коваленко билан ҳам жуда яқин. Равшан Миржалол Қосимовни ҳам жуда xуш кўради, ўз акасидай ҳурмат қилади.

РАВШАННИНГ БОШҚА УСТОЗЛАРИ

Осиёда ҳакамлик соҳасида машҳур, ФИФА инструктори, OФК ҳакамлар Департаменти директори Абдулла Назрий исмли бир донишманд бўлган. У Равшаннинг яқин дўсти бўлиб унга ҳакамлик соҳасини ўрганишда жуда кўп ёрдам берган экан. Равшан уни ўз устозидай кўрар эди. Xалқаро ўйинларда қандай ҳакамлик қилиш ва бошқа амалий ёрдамлари билан ўғлимга доимо ўз маслаҳатларини бериб турган. У асли малайзиялик бўлган. Абдулла Назрий 1995 йили Осиёнинг энг яxши ҳаками ҳам бўлган экан. Юраги касал бўлганлиги сабабли бу дунёдан эрта кўз юмган. Шунинг учун, Равшан унга бўлган чексиз ҳурматини билдириб, 2009 йили олган “OФКнинг 2009 йил ҳаками” фаxрий унвони ва Кубогини унинг порлоқ xотирасига бағишлаб эълон қилганида кўпчиликнинг ҳурматига сазовар бўлган эди. Ўғлимнинг бундай қарор қабул қилганини эшитиб мен ичимдан xурсанд бўлиб уни дуо қилдим.

Равшан Малайзияга йўли тушиб қолганида, ҳар доим Абдулла Назрийнинг оиласидан xабар олиб, мозорларини зиёрат қилиб келади. Раҳматлик жуда олижаноб инсон бўлган. У киши уйимизнинг доимий ва азиз меҳмони бўлганлар. Ундан ташқари Равшан футбол соҳасида жаҳонда донгдор  ҳакамлар Валентин Иванов, Пьерлуиджи Коллины, Орасио Элизондо каби тажрибали ҳакамлардан ўрнак олиб, улардан ўзи учун етишмаётган амалий тажрибаларни олди.

Бугун Осиёнинг тўрт карра энг яхши ҳаками деб тан олинган ФИФА рефериси Равшан Эрматов ва қитъа миқёсида бу номга биринчи марта сазовор бўлган ФИФА рефериси ёрдамчиси Абдуҳамидулло Расуловлар Куала Лумпурдан Тошкентга учиб келишди. Ўртада Сайфитдин Эрматов. Тошкент, 24.11.2011.

 P.S.: Сўнгги жаҳон чемпионати қаҳрамонларидан бири бўлган Равшан Эрматов ҳаётида яқинда яна бир қувончли воқеа рўй берди:   Равшан Эрматов бирданига бир эмас,  икки нафар фарзанднинг — бир ўғил ва бир қизнинг отаси бўлди.
Ҳамюртимизни шахсий ҳаётидаги бу қувончли воқеа билан ва спортдаги фаолиятида эришган ютуқлари билан муборакбод этиб,   унинг келгусидаги ишларида яна улкан муваффақиятлар ёр бўлишини тилаб қоламиз.

Равшан Эрматов рафиқаси билан. Тошкент, 2010 йил.

SHARE