Собир Сайҳон: “Қўрбошилар ички дунёси ҳақида кўпроқ ёзиш керак” (6-мақола)

Мавлон ШУКУРЗОДА

Туркиялик ватандошимиз, таниқли ёзувчи Собир Сайҳон рафиқалари Ҳафизахон опа билан. Истанбул, 2009 йил. Ёзувчи Собир Сайҳон

Газетамизнинг ўтган сонларида 80 йиллик таваллуд тўйини нишонлаган хориждаги ватандошимиз, таниқли ёзувчи Собир Сайҳон ҳақида бир оз маълумот берган эдик. Мазкур ватандошимиз золим фалакнинг гардиши билан ўзга юртларга бориб қолган ва ўша ерда палак ёзган минглаб ватандошларимиздан биридир. Собир Сайҳон Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманидаги гўзал Варзак қишлоғида 1931 йили туғилган. Унинг отаси Холмуҳаммадхон Асомиддинхўжа мингбоши ўғли ўтган асрнинг 20-йилларида қўрбоши Шермуҳаммадбек раҳбарлигида миллий-озодлик ҳаракатида фаол иштирок этганлардан бири. У 1920 йили Афғонистоннинг Кобул шаҳридаги махсус ҳарбий мактабни битириб, Туркистон миллий озодлик ҳаракатида фаол иштирок этган. Онаси Биби Улуғ Пошшо қизи, ўқимишли, зиё таратувчи отинойи аёл бўлган. Буваси Асомиддинҳўжи мингбоши (Эшон ота) ўз даврида Язёвон мингбошиси бўлган. Миллий истиқлол ҳаракати намояндалари Шермуҳаммадбек ва Мадаминбекларнинг қўлига қурол тутқазиб, уларни большевикларга қарши урушга даъват қилган.

30-йилларнинг бошларида қишлоқ аҳли бошига тушган офат унинг оиласини ҳам четлаб ўтмаган. Шўро ҳокимиятининг зуғуму зўравонлигидан жони ҳалқумига келган бошқа туркистонликлар қатори, унинг ота-онаси ҳам 1931 йили киндик қонлари тўкилган Фарғонанинг Варзак қишлоғини бир умрга ташлаб кетишга мажбур бўлишган… Шу вақтда Собиржон ҳали чилласи чиқмаган 30 кунлик чақалоқ эди. Ярим кечаси солга ўтириб Амударёни кечиб ўтишда, бир томондан, орқадаги қизил аскарлар, иккинчи томондан, олдиндаги афғон сарбозлари ёғдирган ўқ ёмғиридан қанчадан-қанча бегуноҳ юртдошлари, қўни-қўшнилари ҳалок бўлишган. Аммо ўттиз кунлик чақалоққа Оллоҳнинг раҳми келиб, у ота-онаси билан бирга шўроларнинг “қил кўприги”дан тирик ўтган. Собир афғон тупроғидаги хорлик ва зорликлар ҳам омон чиққан. Шундан сўнг ёш Собирнинг ҳаёти сарсон-саргардонликда — Ҳиндистонда, Покистонда, бир муддат Ироқда кечди.

Тақдир унга Туркия ҳавоси билан нафас олиб яшашни ҳам раво кўрган экан, 1952 йили бошқа туркистонлик ватандошлар каби уларнинг оиласи Туркияга кўчиб ўтади. Собир Сайхон Туркияда, олдин Адана шаҳрида ва 1964 йилдан бошлаб эса у Истанбулдек дунёнинг энг гўзал шаҳарларидан бирида истиқомат қилиб келмоқда. Ёшлигидан адабиётга ҳавас қўйган Собир Сайҳоннинг шеърлари, илк ҳикоялари, мақолалари 1953 йилдан бошлаб эълон қилина бошлаган. Кейинчалик унинг ватан ишқи, фидойилик ва миллийлик руҳи билан суғорилган бир қатор асарлари Ўзбекистон ва Туркияда кўплаб чоп этила бошланади. Собир Сайҳон бутун ҳаёти давомида Ватанга соғинч ҳиссини бир дақиқага бўлса-да йўқотмади. СССР деган темир қўрғоннинг деворлари нурай бошлаши билан у ўз қишлоғи ва ҳамқишлоқларини, осмонида истиқлол қуёши порлаган ўзбек диёрини кўргани, она-Ватан ҳавоси билан тўйиб нафас олгани келди.

У Ўзбекистонга биринчи бор 1972 йили ўша вақтда хориждаги ватандошлар билан алоқа қилиш “Ватан” жамиятининг таклифи билан ташриф буюрган. Шундан бери ҳар йили ватанга келиб кетади. Ўзбекистон мустақиллигини катта

Собир Сайҳон ўзининг Истанбулдаги уйида. 

хурсандчилик билан кутиб олди. Собир Сайхоннинг Ўзбекистонда 1992 йили “Тижорат ва ҳалол ош” маърифий-тарбиявий рисоласи, 1996 йили “Адашганлар” адабий асари, “Тўлғаной” ва “Емирилган ғурур” ҳикоялар тўпламларини чоп этилиши ўзбек китобхонлари томонидан яхши кутиб олинди. Бундан ташқари 2006 йили “Ватан қидирган йигит”, 2009 йили “Буғдой экиб, арпа ўрганлар” ва 2010 йили эса “Эгасини ғажиган ит” қиссалари нашр этилган У кишининг асарлари асосида “Ватан ягонадир”, “Бир сиқим тупроқ”, “Бировнинг қариндоши” каби телевизион фильмлар яратилди. 1995-1996 йили Собир Сайхон сценарийси асосида мамлакатимизда “Силсила” номли тарихий, бадиий фильм суратга олинди. Собир Сайҳон ҳурматли ўзбек адиби Одил Ёқубовнинг «Улуғбек ҳазинаси» aсарини турк тилига ўгириб туркиялик китобхонларга етказди. Собир ака “Сайҳон” таҳаллуси билан шеърлар ёзади. Ушбу шеърлар Ўзбекистондаги «Ватан» жамияти томонидан тайёрланган шеърий тўпламларга киритилган. Собир Сайхон Ўзбекистонда ва хориждаги ватандошларимиз орасида кенг жамоатчилика маълум, жуда ҳурматли одам. 

Собир Сайҳон таниқли ўзбек журналистлари даврасида. Аҳмаджон Мелибоев (чапда) ва Тоҳир Қаҳҳор (ўнгда). Тошкент, 1992 йил.

Собир Сайҳон бошидан кўп яхши ва ёмон воқеаларни ўтказгани, ундан ҳам кўпроқ яхши ва ёмон кишиларни кўргани туфайли унинг насрий асарларидан у яшаган, у орзу қилган, унга қанот бағишлаган ҳаёт нафаси уфуриб туради.“Собир Сайхон насрий асарларининг менга, айниқса, манзур бўлган жиҳатларидан бири ўзбекона рангин тилидир. Замона зайли билан 30-йилларда ўз ватанларини ташлаб, хорижий мамлакатларда яшашга мажбур бўлган

Собир Сайҳон  ўғли Жавдот билан. Вашингтон, 1995 йил.

ватандошларимизнинг, хусусан, Собир Сайҳоннинг қисса ва ҳикоялари тили ва услубида оҳори тўкилмаган сўзларни, лисоний соддалик ва табиийликни, ўзбекона услуб жилоларини кўриб, қувонмай иложингиз қанча…, – дея ёзувчини ҳурмат билан тилга олади профессор Наим Каримов. Собир Сайҳон камтарин инсон, ўзини фақат ҳаваскор шоир деб билади. Лекин унинг қисса ва ҳикояларини ўқиган китобхон муаллифда бадиий дид ва дил борлигини сезмай иложи йўқ. “Хорижий оламда она юртини соғиниб-қўмсаб яшаган, муҳташам бинолар пештоқида ҳилпираб турган 12 юлдузли байроқни кўриб, кўз ёшларини яшира олмаган бундай ватандошларимиз оз эмас. Аммо Собир Сайҳон улардан қатор фазилатлари билан ажралиб туради. Бу фазилатларидан бири ва журналхонлар учун, айниқса муҳими, унинг шоир ва адиблигидир. Унинг асарларини ўқиган китобхон, Собир аканинг тақдирини, унинг қандай хатарли сўқмоқларидан ўтиб, Инсон бўлиб қолганини, бағрида нафақат ватансеварлик, балки ўзбекона кенглик, тантилик, олийжаноблик, меҳр-оқибат сингари эзгу хислатлар ҳам жўшиб турганини яхши билади,- деб алоҳида таъкидлайди, ўз дўсти ҳақида таниқли ўзбек адиби, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Беруний номидаги Давлат мукофоти лаурияти, филалогия фанлари доктори, профессор Наим Каримов.  

Шояд, Собир Сайҳон узоқ ижодий умр кўриб ва янада бадиий бақувват асарлар ёзиб барча мухлисларини хушнуд қилиб юрса.

 

Туркияга кўчиб ўтган биринчи туркистонликлар. Адана (Туркия), 1953 йил.

Туркиялик ватандошимиз, ёзувчи Собир Сайҳон билан интервью.

Муҳтарам ўқувчиларимизга, Собир Сайҳон билан Туркистон ўлкасида миллий озодлик ҳаракати ҳусусида, 2009 йилнинг баҳорида Истанбулда бўлиб ўтган кичик бир суҳбатимизни тақдим этмоқчиман.

– Собир Сайхон жаноблари, илтимос, ўзингиз ҳақингизда бир-икки сўз айтсангиз. Бувангиз Асомиддинхўжа мингбошининг Шермуҳаммадбек ва Мадаминбеклар билан алоқалари хусусида ҳам тўхталсангиз…

Собир Сайхон: Мен Марғилонда туғилганман, 30 кунлик чақалоқлигимда ота-буваларим оила аъзолари билан ватанни тарк этишган. Бунга кўп нарса сабаб бўлган… Отамнинг исми Холмуҳаммадхон, бувамлар илгари Ёзёвон мингбошиси бўлганлар, отлари –Асомиддинхўжа мингбоши. Бувам Асомиддин эшон мингбоши– ақлли, чуқур мулоҳаза юритадиган, етти ўлчаб бир кесадиган одам бўлган экан. Шу билан бирга шўхроқ, хуштабиат, меҳмондўст одам эдилар. Аммо бувимлар бувамнинг тамом акси эди: кечаю-кундуз ибодат билан машғул, невара-чевараларига доим диндорлик ва исломий шуур талқин қилиб, мусулмонлик шиорларидан бўлган ҳалоллик, тўғрилик, ҳаромдан ҳазар, ҳаққоният, барака, аҳиллик, исроф тўғрисида панд-насиҳат берган, ўз замонаси ва даврининг хотин авлиёси даражасига борган, мужодаларга эга аёл эдилар. Асомиддин эшон мингбоши Мадаминбек ва Шермуҳаммадбеклар билан яқин муносабатда бўлганлар. У киши Шермуҳаммадбек, Мадаминбек ва бошқаларни олдинига рус босқинчиларига ва кейин эса қизил аскар, болшавойларга қарши курашга даъват этиб, қўлларига милтиқ тутқизган.

Собир ака, Туркиялик журналист Али Бадемчининг яқинда нашр этилган икки жилдлик “1917-1934. Туркистонда миллий истиқол ҳаракати. Қўрбошиар ва Анвар Пошо”тарихий китоби тўғрисида фикрингиз қандай?

Собир Сайхон: Тадқиқотчи-журналист Али Бадамчи хорижлик мутахассис бўла туриб, ватанимизнинг тарихи, Туркистонлик истиқлолчилар ҳаракати тўғрисида кўп йиллар изланишлар олиб бориб, китоб ёзганининг ўзи таҳсинга сазовор. Бунинг учун унга миннатдорчилик изҳор қилсак арзийди. Лекин бошқа китоблар қатори унинг китобларида ҳам баҳсталаб ўринлар йўқ эмас. Менинг фикримча, мазкур китоб учун унга Истанбул ва Аданада яшаётган айрим ватандошларимиз томонидан берилган маълумотларнинг ҳаммасини ҳам асосли деб айтиш қийин.

Собир Сайҳон туркистонлик дўстлари билан. Адана, 1955 йил.

Шермуҳаммадбек билан илк учрашувингиз қандай ўтган?

Собир Сайхон:Афғонистонда яшаганимизда мен Шермуҳаммадбек ва унга яқин одамлар даврасида кўп бўлганман, турли тадбирларда биз ёшлар уларнинг хизматида бўлганмиз, шунинг орасида қулоғимизга уларнинг қизиқарли суҳбатлари ва гаплари эшитилиб қоларди… Хусусан, уларнинг хотираларини эшитиб, мазза қилардик. Шермуҳаммадбек камсуқум, юмшоқкўнгил, ширин сўзодам эдилар. Биз ёшларга жуда эътиборли эдилар, барчамизнинг исмимизни билар, сизлаб гапирар эдилар. Эшитишимча, Шермуҳаммадбек қўл остидаги кўпчилик аскарларини ҳам исмарини билган эканлар. У киши художўй одам бўлиб, қўлларидан тасбеҳ тушмасди. Шермуҳаммадбек катта мадрасаларда ўқимаган бўлса-да, 80-90 йил олдин катта билим олмаган бир одамнинг дилида нақадар улуғ миллий ҳисиёт бўлганини ўйлаб, ҳозирги дунёнинг ўлчамига, тарозига қўйсангиз, Шермуҳаммадбекнинг қандай инсон бўлганлигини англайсиз.

Афғонистонда ҳарбий таълим олганлар орасида сизнинг отангиз ҳам бор эди…

Собир Сайхон: Ўтган асрнинг йигирманчи йилларида Афғонистон ўзи қолоқ давлат бўлишига қарамасдан, айрим жиҳатлар бўйича биз улардан ўрганадиган тарафлари бўлган. Ўша йиллар саксон нафар туркистонлик йигитларимиз Хонободга бориб, олти ой ҳарбий сабоқ олганлар. Улар орасида менинг отам Холмуҳаммадхон ва Шермуҳаммадбекнинг жияни (Тошмуҳаммадбекнинг ўғли), яъни менинг поччам Холмуҳаммадбек ҳам бўлганлар.

Шермуҳаммадбек ва Мадаминбек ораларидаги муносабат тўғрисида катталардан нималарни эшитгансиз?

Собир Сайхон: Бу воқеани менга 1974 йили Ватанга илк бор борганимда Тошлоқдаги Варзак қишлоғидаги кексалар гапириб беришган. Уларнинг гапига қараганда, Мадаминбек Николай тарафидан “висилка” қилиниб, сургунга юборилган. Инқилобдан сўнг, у турмадан чиқиб, Когон темир йўл стансиясига келганда, унинг эски шахсий душманлари уни ўлдиришмақчи бўлган. Аммо Шермуҳаммадбекнинг одамлари Мадаминбекни қиёфасини ўзгартириб, рус аскари кийимини кийдириб, юзига ясама чандиқ қўйдириб, кўзига ойнак тақиб, танилмас ҳолга келтириб, мутлақ ўлимдан қутқазиб қолишган. Когондан Марғилонгача Мадаминбекни Шермуҳаммадбекнинг йигитлари кузатиб, қўриқлаб келишган. Чунки Шермуҳаммадбекнинг Мадаминбек билан алоқалари олдин ҳам яхши бўлган. Бундан ташқари, Маҳамадаминбек қамоқдан қайтар экан, Шермуҳаммадбек идишдаги эритилган ёғ остига иккита тўпончани (наган) қўйиб, унгасовға қилгани аниқ.

Мадаминбекнинг ўлими ҳақида катталар даврасида нималарни эшитгансиз?

Собир Сайхон: Мадаминбекнинг ўлими тўғрисида кўпчилик китобларда мутлақо натўғри фикрлар талқин қилинади. Масалан, Шермуҳаммадбек Мадаминбекни ўлдирган деб айтишади, лекин у киши бировни бекордан-бекор ўлдирадиган одам эмасди. Унинг ёнида юрган, ҳамсуҳбат бўлганлар буни яхши билишади. Лекин акаларидан кўра Нурмуҳаммадбек бироз қизишганроқ, тез одам эди. Мен бу гапларни Шермуҳаммадбек ва Асомиддин мингбошилардан ўзим эшитганман. Мадаминбек билан Шермуҳаммадбек Андижоннинг Қўрғонтепа қишлоғига яқин жойда рус полициячиларинингмаҳаллий аёлларни хўрлашларини, уларнинг устига от солиб, бунинг натижасида икки аёл ўлганини кўриб, чидаб туролмайдилар. Шу он жангга киришиб, уларга қаттиқ зарба берадилар.

Шермуҳаммадбекнинг мужоҳидликдаги илк қадамлари хусусида гапириб берсангиз.

Собир Сайхон: Қизиллар билан бўладиган жанглардан сўнг Мадаминбек ва Шермуҳаммадбеклар бизнинг катта ҳовлимизда тўхтаб, бир оз дам олишиб, яна Гарвига қайтиб келишар экан. Бир нарсани айтиб ўтай, Шермуҳаммадбек қўним жойини кўпчилик турлича айтишади: Гарбобо; Ғорбобо; Карбобо; Гарва… Аммо беклар даврида бу ернинг номи “Гарва” деб машҳур бўлган. Ўша пайтларда русларга сотилган айрим бойларимиз ёғ, буғдой, нон танқислигини келтириб чиқаришарди. Шунда Шермуҳаммадбек ўз йигитлари билан бойларнинг заводидаги ёғларини олиб қўйиб, халққа тарқатишар экан. Кейинчалик турмахоналарга ҳужум қилишиб, у ердаги бегуноҳларни озод қилишган, полисларнинг қурол-яроғларини тортиб олишган. Шундай қилиб, Шермуҳаммадбек Туркистон мужоҳидларига раҳбарлик қилиш тажрибасини ортира бошлади.

Истиқлолчи бекларнинг куч-қудрати нима эди, деб ўйлайсиз?

Собир Сайҳоннинг отаси Холмуҳаммадхон Асомитдин мингбоши ўғли (ўртада). Адана, 1960 йил.

Собир Сайхон: Бекларнинг кучи уларнинг аскарий кучида эмас, дилидаги Ватанга бўлган муҳаббатида, меҳрида деб биламан. Бу нарсага алоҳидааҳамият бериш керак ва уни кўпроқ ёритиш керак. Мен айтмоқчиманки, бекларимиз тўғрисида хотира ёзганда уларнинг миллий ҳисси ва ички туйғуларининг таржимони бўлишимиз керак. Уларнинг юракларида қолиб кетган ватан муҳаббатининг таржимони бўлишимиз керак.Асомиддин мингбоши бу нарсаларни мен каттароқ бўлганимда гапириб: ”Афсус! Нима учун барчамиз мусулмонликнинг умда-қоидаларини бўлак, парча-пурча, яримтаки биламиз, – деган эдилар. Ватан, ҳуррият, истиқлол тўғрисида, шунингдек жиҳод мавзуси на учун мияларимизга жойлашмаган?Бекларнинг аскарлари ўнмингдан битта кам бўлса, ўлса шаҳид, ўлдирса ғозий бўлмайди, деб фатво чиқарган, душман тарафдори уламоларга қарши на учун фикрий мужодала олиб борилиб, исломий қоидаларга мувофиқҳаракат қилинмаган? Тўғри, Шермуҳаммадбек уламоларни тўплаб,”шу хусусда бизга худо учун ёрдам қилингиз, ўқимаган йигитларимиз ё шаҳид, ё ғозий бўлмасак, на учун жиҳод деган нарсанинг орқасидан овора бўламиз, деб қочиб кетаётганлар ҳам бор, бизга қавий душманга зарба бериш учун дини бутун йигитлар керак”, деб мурожаат қилганини айтган эди.

Тўқсон йил олдин буларнинг ватанга бўлган меҳри-муҳаббати, вафолари ҳозирги пайтда афсуски ватан озодлиги йўлида ўз жонини фидо қилганларнинг на фарзандларида, на невараларида ёки бизда қолмаган… Ҳозир ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлиб қолди. Шахсан мен, қўрбошилар тўғрисида ёзганимда, кўпроқ аскарий хислатларини эмас, балки уларнинг ички дунёсини, юрагидаги ватан туйғусини кўпроқ кўрстаган бўлардим. Чунки четда юрган биз, ўзлигимизни йўқотдик... Шермуҳаммадбекнинг юрагида миллийлик ва миллатпарварлик кучли бўлганлиги сабабли халқ унга ишонди, орқасидан эргашди ва ҳаммага танилди.

Мадаминбекнинг руслар билан сулҳ тузиши миллий-озодлик ҳаракатига қанчалик салбий таъсир этган?

Собир Сайхон: Бир вақтлар Мадаминбек руслар билан мажлис қуриб, режалар чизар экан, руслар: ”Ким кучли, сенмиШермуҳаммадбекми?”, деб сурашганда, Мадаминбек: “Сўзга мен, урушга Шермуҳаммадбек уста”, деб жавоб беради. Шунда руслар: ”Шермуҳаммадбекни бизга олиб келсанг, сени бунданда каттароқ лавозимга қўямиз”, деб Мадаминбекни йўлдан урмоқчи бўлишган. Аммо тасодифми, ирода биланми, Мадаминбек Шермуҳаммадбекни ушлаб беролмаган. Иккинчидан, ўша пайт Шермуҳаммадбек ўқ еб, ярадор бўлиб, номаълум бир ерда муолажаолмоқда эди. Русларнинг қистови билан қўрбошиларни қизиллар тарафига ўтказиш ишлари бошланиб кетган эди. Ўша вақтда Олтиариқдан Дониёр полвонни, Андижондан Аҳмад полвонни, Намангандан Омон полвоннисулҳ тузиш баҳонаси билан чақиртириб келиб, қуролсизлантиришган ва йигитларини тарқатиб юборган. Ўшанда миллий бирлик заифлашганини сезган айрим бекларнинг кўзига ёш келган, дейдилар.

Сиз ўз асарларингизда Мадаминбек руслар билан сулҳ тузганидан кейин сал вақт ўтиб йўл қўйган хатосини англади, деб ёзган эдингиз, ҳақиқатан ҳам шундайми?

Собир Сайхон:Большевиклар Туркистонда миллий ҳаракатни тўхтатиш мақсадида Муҳаммаддаминни Бек”, деб эълон қиладилар. Энди давр сураман, деганда, Шермуҳаммадбек билан фикран айирилиб, бир киши қолгунча ватан учун курашаман деган Шермуҳаммадбекка у қарши тургандай бўлиб қолган эди. Мадаминбек менинг бувам, Асомиддин мингбошининг яқин улфати бўлган. Сизга бир гапни айтай, мен бу гапларни бувамдан ўзим эшитганман. Бу гапнинг муҳимлиги шундаки, бу воқеа Мадаминбекнинг руслар билан келишувидан кейинги воқелар билан боғлик. Сулҳга қўл қўйганидан бир оз вақт ўтгандан кейин Мадаминбек бизникига меҳмон бўлиб келадилар. Шунда бувам Ассомиддин мингбоши Мадаминбекка қараб, “Бек, нима иш қилдингиз?”, деб сўрайдилар. Шунда Мадаминбек бувамга қараб, “эҳ, Эшон, тўнимнинг пешини нажосатга ботириб келдим…” деб жавоб беради. Шунда оппоқдадамиз Бекка қараб,”Бек, бу пешингзни кесиб ташланг”, деб маслаҳат қилибдилар. “Иш вақтидан ўтди, энди халқимизнинг ҳоли нима бўларкин”, деб чуқур ўйга чўмибди ўшанда Мадаминбек. Бу билан Мадаминбек йўл қўйган хатосини кеч бўлса-да англаганини сезиб, бувамларга ҳасрат қилганлар. Демак, Мадаминбек жуда ақлли одам бўлган, кечроқ бўлса-да, русларнинг қармоғига илинганини тушунади. Бувамларга айтган гапига қараганда, Мадаминбек руслар билан тузган келишувдан пушаймон бўлган...

Миллий-озодлик ҳаракати фаоли, Шермуҳаммадбекнинг жияни Холмуҳаммадбек. Адана, 1954 йил.

Мадаминбек ўз хатосини тўғирлаш учун чора қидирганмикин?

Собир Сайхон:Миллий бирлик ўша пайтда жуда заифлашган эди. Мадаминбек адашган, деб ҳукм чиқаришга ҳақли эмасман, аммо ўзи тўғри йўлдан чиқиб, адашиб бораётганини пайқагач, Шермуҳаммадбек билан кўришиб, хатоларини ювишга уннаган. Чоралар қидирган, бошини ҳар ёққа урган, бироқ йўл топа олмаган. Бувам Асомиддинхўжа мингбоши қуйидагиларни айтиб берган эдилар: Тезмижозлик, тўсатдан берилган қарорлар туфайли адашганлар оз эмас. Бу воқеаларнинг шоҳиди бўлганларнинг сўзларига қараганда, ўшанда Мадаминбек Холхўжага кўп ялинган, “Шермуҳаммадбек билан мени бир кўриштир, кейин ўлдирсанг ҳам майли”, деган. Аммо Холхўжа қандайдир сабабларга кўра Мадаминбекни кўриштирмаган.

Икинчидан, Шермуҳаммадбекнинг жияни Холмуҳаммадбек Мадаминбекнинг орқасидан қизилларнинг каттагина ҳарбий қисми изма-из келаётганини Холхўжага хабар қилади. Шундан сўнг Холхўжанинг жаҳли чиқиб, баттар асабийлашиб, Мадаминбекка ишонмаган бўлиши мумкин. Шунингдек, Шермуҳаммадбекнинг тоғдаги турар жойини Мадаминбекка кўрсатиб, шунинг воситаси билан миллий мужоҳид ва раҳбарларни таъсирсиз ҳолга келтириш каби русларнинг мақсади ва сири ҳам шу куни фош бўлиб қолган. Шундай қилиб, руслар Мадаминбекни иккинчи бор тузоққа туширмоқчи бўладилар.

Бекларнинг ватандан чиқиб кетиш ҳолатини қандай изоҳлайсиз?

Собир Сайхон:Отам ва бобомлар бу тўғрида тез-тез баҳслашиб қолишарди, мен уларнинг суҳбатларини диққат билан эшитардим. Тақдири илоҳий, агар ихтиёрлари ўз қўлларида бўлганда, беклар ўз ватанини ташлаб кетармиди? Инсофсиз, манфаатчи бир тўда аблаҳлар, халқимиз орасида ноиттифоқликни вужудга келтиришди. Дўст-душманни танимай қолдик. Уларни большевикларга ушлаб бермоқчи бўлишди ахир… 20- ва 30-йиллардаги қама-қамалар, Сталин терори ва умуман советларнинг сиёсатига қарши бўлган кўпчилик ватандан чиқиб кетишга мажбур бўлишган. Улар ватанни сотиб қочган эмас. Миллионлаб одамлар хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлди, уларнинг ҳаммасини сотқин дейишга ҳечкимнинг ҳаққи йўқ. Улар юракларида ватан ҳиссиётини ўлгунча сақлашган, буни ҳеч ким инкор қила олмайди.

Афғонистонда Шермуҳаммадбек билан дастлаб қачон учрашгансиз? Кобулдаги ҳаётингиз тўғрисида ҳам гапириб берсангиз

Собир Сайҳон Муҳаммад Анвар Бек ва Даврон Беклар билан. Нью-Йорк, 1985 йил.

Собир Сайхон:Отам Холмуҳаммадхоннинг гапларига қараганда, оиламиз катта қийинчиликлар билан Кобулга етиб келганида, Шермуҳаммадбек уларникида яшаб туришларини илтимос қилади. Чунки, Бек Асомиддинхўжанинг миллий-озодлик ҳаракати учун қилган хизматларини жуда яхши билиб, у кишига ҳурмат билан қарар эди. У йиллар Шермуҳаммадбек Кобулнинг Респонфуруший (чилвирсотарлар) маҳалласидаги яхшигина бир уйда яшар эди. Ҳовлиси кенг эди. Шермуҳаммаднинг уйида доим одам гавжум бўлар, ҳар куни йигирма-ўттиз одам келиб, меҳмон бўлиб кетар эди. Афғон ҳукумати Шермуҳаммадбекка ҳар ой минг рупий қирон маош бериб турарди. Бу аслида, афғон ҳукумати мусодара қилиб олган Шермуҳаммадбек ва одамларининг қуроллари эвазига берилган, хўжакўрсинга қилинган иш эди, холос. Биз Шермуҳаммадбекникида бир ҳафта меҳмон бўлиб, кейин бошқа ердан уй сотиб олиб, кўчиб ўтдик.

Кобулда халқнинг миннати ва ҳақорати зиёдроқ сезиларди. Бу маънавий камситиш ёлғизгина Эшон ота оиласига қарши эмас, балки зулмга учраб, Туркистондан чет элларга кўчишга мажбур бўлган муҳожирлар учун дашном саҳнаси, большевиклар тарафидан ҳозирланган таъна пардаси эди. Ерлик халққа ёмон кўрсатиб, ожиз ва қудратсиз ҳолга келтириш ва фикран заифлатиб, Туркистон номини қайтиб оғзига олмай, ватанпарварлик ҳиссини йўқотиб юрган саргардонлар карвонига қўшиб қўйишбольшевиклар ва жосусларнинг биринчи вазифаларидан эди. ”Ватанфуруш”, “каллахом”, “рус жосуслари” деган сўзлар ўлимдан, жаҳаннам ҳаётидан ёмонроқ эди. Аммо адашиб, нотўғри қилиб қўйилган ишнинг нотўғрилигини ўйлаганларга ҳақиқатни англатиш, нотўғри ҳукм бериб, бизни нотўғри ранжитяпсизлар деб уқтириш, келажакка ишонч билан қадам ташлаб, маънан кучланиш мажбурияти бор эди. Муҳожир ғариблар учун бир адашиб, минг озор эшитиб юриш осон иш бўлмаса ҳам, қисматга тан бериб, таваккал билан худога боғланиш –эътиқодли кишиларга хос бир вазифа эканлигини туркистонликларнинг кўпчилиги билардилар.

Афғонистонда “Фаол” ватанни озод этиш махфий ҳарбийташкилотининг тузилиши тўғрисида фикр билдирсангиз. Бу ташкилотга Шермуҳаммадбекнинг қанчалик алоқаси бор деб ўйлайсиз?

Мен бу ташкилотнинг махфий томонларини яхши билмайман. Биласиз, 1941 йилнинг кузида Иккинчи Жаҳон уруши бошланди.Олмон (Германия)ҳарбий кишилари советларга орқадан зарба бериш учун ўз жосуслари орқали Афғонистондаги туркий халқлар вакиллари ва у ерда муқим муҳожир туркистонликларнинг муносабатини ўрганиб кўрди. Хусусан, Афғонистон ҳукумати одамларига махфий суратда маблағлар беришади. Режаларини амалга ошириш қудратига эга ишончли бир киши топиб беришни сўраб, истиқболда Афғонистонинг шимолий тарафидаги Туркистон тупроқларини абадиян афғон ватани қилиб беришни ваъда этиб, махфий иш юритишади. Афғон манфаатига мос бу келишув ҳукумат сиёсатига мувофиқ тушарди. Зотан, улар большевикларнинг мағлубиятига ишониб, ҳатто ўзларини ориён ва олмонларга қариндош дея бошлашган эди. Шунинг учун аслини унутган амалпараст туркистонлик олим ва афғон ҳукуматида катта бир лавозимда ишлаган Мубоширхон Тарозий дегани таништирилди.

Аданада (Туркия) Туркистонликлар жамиятининг биринчи раҳбарлари, Бадри Хўжанд (ўртада), Росиҳ Ўзганд (чапда), Бойхон Олпар (ўнгда). 1954 йил.

Тулкисифат, айни замонда мансабдор бу зот туркистонликларнинг ватанпарварлик хисларини жунбушга келтириб, “Фаол” деган бир ясама ташкилот таъсис этди. Бу йўлда олмонлардан олинган пулнинг учдан бир қисмини афғон хазинасигаю, учдан бирини ўз чўнтагига, қолганининг бир қисмини ўз яқинларига, жузъий бир қисмини сидқидил билан ватанни қутқазиш умидида ташкилотга кириб қолганларга харажат ва йўлкира деб берилди. Шуларнинг рўйхатига Боғлон шаҳрида муҳожирлар орасида эътибори баланд бўлган бувам Асомиддинхўжа мингбоши, ўша пайтда Кобулга тасодифан оила юмуши билан ташриф буюрган отам Холмуҳаммадхон ҳам бор эди. Мазкур ташкилотнинг раҳбарлари қаторига Шермуҳаммадбек ва Нурмуҳаммадбекларни ҳам киритишади. Лекин менинг улардан эшитишимча, улар бундай рўйхатдан бехабар эканлар, билганларида унга аъзо бўлиб кирмасдилар, деб айтишарди. Аммо олмонларнинг толеи қайтиб, большевикларнинг қўли баланд келгани ҳамон афғон ҳукумати ўзларини оқлаш учун “Фаол” ташкилоти рўйхатидаги туркистонликларни бир-бир ушлаб, энг оғир жазолар тайинлаб, турмага ташладилар...

Шермуҳаммадбекнинг дўсти Асомиддинхўжа мингбоши ва унинг ўғли Холмуҳаммадхоннинг бундан кейинг ҳоли не кечди?

Собир Сайхон:Толесизликни қарангки, олмон пулидан катта ҳиссаларни ўмарганлар Кобулда ёғу бол еб, Холмуҳаммадхон Мазори Шарифда қўлга олиниб, қирқ киши юк машинасида Кобулга келтирилади. Кобулда энг оғир қамоқхона ҳисобланмиш Демазанг турмахонасига ташланади. У ерда унинг боши ва оёғи ўн икки килограм келадиган оғир занжирга кишанланиб, турмахонада озорланиб, хўрланади… Турмада рус-большевиклар тўдаси Афғонистон подшоҳи Зоҳиршоҳга қарши бир махфий ташкилот тузишади. Русларни кўрган Холмуҳаммадхон улардан нафратланади ва улар тузган ташкилот хусусида афғон мутасадиларига хабар қилади. Буни пайқаган руслар уни ўлдириш пайига тушадилар… Шундан сўнг Холмуҳаммадхон бошқа турмага ўтказишни сўраб,Зоҳиршоҳ номига мактуб ёзади. Мактуб кўрилмайди. Аксинча, ариза ёзгани учун унингҳаёти хавф остида қолади. Фақат Шермуҳаммадбекнинг аралашувидан сўнг афғон генерали Зелмайхоннининг ёрдами билан нисбатан тинчроқ, кичик шаҳар қамоқхонасига кўчиришади ва шуорқали уни ўлим чангалидан қутқариб қолишади.

Аданада (Туркия) Туркистонликлар жамиятининг биринчи фаоллари.1954 й.  

Ана шу вақтлар олмон пулинининг катта бир қисмини босиб олиб, ўзлаштирганТарозий, Убайдулла тўра, қора Абдусамат кабилар хусусий махбусхонада алоҳида ҳужраларда, ҳар ҳафта оиласи билан бирга бўлиб, ором-ла яшашарди… аммо Эшон ота оиласига ўхшаган бегуноҳлар эса қашшоқликнинг сўнгги поғонасида кун кўрар, бу эса уларга қаттиқ таъсир этарди. Бундан ташқари, ўзига тинч ватандошлар вазиятни таҳлил этишдан ожиз, адашганларидан бехабар, айшу ишрат билан машғул, ҳатто Асомиддинхўжа мингбоши (Эшон ота) кабиларни хоин дея хўрлашарди…

Ўша кунлар оддий гуноҳлар билан турмага тушган бир гуруҳ туркистонликлар Боғлон турмасидан Кобулга келтирилиб, Демазангда, Холмуҳаммадхоннинг душманлари орасига ўрнаштирилади. Ҳечнарсадан хабарсиз Эшон отани таниб қолганлар коммунистлар манфаати учун уни бир ҳафта ичида заҳарлаб ўлдиришади…. Улар бу билан Холмуҳаммадхондан интиқом, ўч олишган бўлишди. Асомиддин мингбошига ҳеч ким ёрдам бера олмади, чунки Шермуҳаммадбек ва Нурмуҳаммадбеклар ҳам ўша пайт турмада эдилар. Хомуҳаммадхоннинг қизи Кимёхон ва Холмуҳаммадбекнинг елиб-югурганлари ҳеч қандай натижа бермади, бу ишни ҳал қилишга уларнинг кучлари етмади. Эҳтиёткор бўлишлик ҳақида ўз вақтида отаси Асомиддинхўжа мингбошига хабар бера олмагани учун, Холмуҳаммадхон умр бўйи виждон азобини чекиб юрди. Аммо Афғонистон хусусида отасига айтган фикрларини эслаб юпанарди. Жабру жафо чекиб, ватан ҳасратида ғурбатда ғариб, шаҳид бўлиб ўлган Эшон ота Кобулнинг “Ошиқону-орифон” деган қабристонига отсиз, ному нишонсиз кўмилди, хок билан яксон ўлароқ дорулбақога кўчди…

Туркистонлик муҳожирларининг Туркияга кўчиб ўтишлари хусусида гапириб берсангиз. Ўзбек оилаларининг Туркияга кўчиб ўтишига Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳам роли бўлганми?

Собир Сайҳоннинг опаси Кимёхон опа. Нью-Йорк, 1994 йил.

Собир Сайхон: Ўша пайтларда Туркияга кўчиш учун турк элчихонасига ариза беришга уринишлар кўп бўлган. Аммо афсуски, ўзбекларнинг Туркия элчихонасига яқин бориши у ёқда турсин, кўчасидан ўтганлар ҳам ҳафталарча маҳаллий полис тарафидан таъқиб қилиниб, сўроққа тутиларди. Бунга сабаб Афғонистон ҳукуматига советларнинг шундай иш тутиш борасидаги сиёсий босими, шунингдек афғон миллатчилари Афғонистон шимолида яшовчи маҳаллий халқнинг Туркия эли билан боғланиб, қардош эканлигининг фарқига бориб қолиши келажакда Афғонистон учун сиёсий таҳлика туғдиришидан хавфсирашарди.

1948 йили Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) ва Миллатлар Лигаси талаби билан афғон тарафидан рухсат берилиб, муҳожир туркистонликлар ҳам инсон ҳуқуқининг бир қисмига эришди. Шермуҳаммад, Нурмуҳаммад, отам Холмуҳаммадхон ва бошқалар ўз армонлари, орзу-ҳаваслари амалга ошириш учун туркиялик доктор Ҳалил Ғурун орқали Турк элчихонасига ариза бериб, икки йил деганда рухсат олишга эришдилар. Бундан ташқари яна етти оилага ҳам рухсат олишга муваффақат бўлинди. Холмуҳаммадхон ғурури туфайли бутун фуқаролиқ ҳуқуқидан маҳрум бўлишга чидаб, салкам йигирма йил афғон фуқаролигини қабул қилмай юрди. Ҳалил Муҳаммадхўжа, Холмуҳаммадбек, Акром Ўзтурк, Абдулллоҳ қори, Мўмин Ўғуз, Расул Турон ва Абдулҳаймахсум оилалари Туркияга кетиш учун 1951 йилда Покистонга кўчиб ўтган биринчи ўзбек муҳожир оилалари эди.

Шермуҳаммадбек ва бошқа ватандошларимиз пировардида турк фуқаролигини қабул қилишди. 1951 йили охирларида Туркияга кўчиб ўтиш ниятида йўлга чиққан ватандошларимиздан бир қисми Покистон, Эрон, Сурия орқали 1951 йилнинг бошида Туркиянинг Адана деган шаҳрига етиб келдилар.

Аслида-ку, чет элларда яшовчи барча туркистонликлар шахсияти юксак, ватанпарварилик туйғуси теран, миллий мужодала йўлида бор-йўғини фидо қилишга тайёр, оққўнгил, виждонан пок кишилар. Аммо афсуски, баъзи шуҳратпараст, манманликка мубтало, фикри қолоқ, аммо бойлиги туфайли андишали халқимиз орасида сўзи ўткирлашиб қолган чаламулла, жоҳиллар ҳам йўқ эмас эди… 1948 йили расман қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари декларацияси”дан улар ҳам хабардор бўлиб, шу ҳақдан фойдаланиб, Туркияга кўчишган эди. Улар Отатурк раҳбарлигида қурилган янги жумҳуриятдаги онги ўсган, ҳурриятпарвар халқнинг миллий руҳидан ҳам таъсирландилар. Эски Усмонли давлати ва Туркистон тарихини Туркияда ўқиб-ўрганиш ҳам ёш туркистонликларга бир қувват булоғи эди.

– Адана шаҳрида туркистонлик муҳожирларининг “Туркистонликлар ёрдамлашма уюшмаси” ҳақида ҳам тўхталсангиз?

Собир Сайхон: Биринчи карвон Туркияга жўнагач, кўчиш ниятида юрган Афғонистондаги тўқсон оилага яқин туркистонлик ҳам 1952 йилнинг охирида кўчишга муяссар бўлди. Шу карвонни Туркия чегарасида Абдулхай махсум, Нозиржон ва камина кутиб олдик. Адана шаҳрида эски замонда “Ёвузлар” деб номланган жой бор, у ерда бир неча туркистонлик оила яшаш учун жой сотиб олди. Бели бақувват юртдошлар шаҳар ичидан кўп қаватли, замонавий уйлардан ҳарид қилган бўлса, пули камроқлари марказдан сал узоқроқ бўлса-да, арзон, бир қаватли уйларни сотиб олди.

Улар орасидаги қоблиятли йигитларнинг онги қисқа муддатда ўсиб, аслини таниш бошланди. Шу туфайли Адана шаҳрида йил ўтиб, эски жамият давоми сифатида “Туркистонликлар ёрдамлашма уюшмаси” таъсис этилди. Мазкур ташкилот ватандошларимиз Бадри Хўжанд, Росиҳ Ўзганд, Бойхон Олпар, Аҳмад Туркэли, Ҳожи Ғулом, Неъмат Ўзули каби яхши кишиларнинг ғайрати ва фидикорлиги туфайли очилди. Камина ҳам мазкур жамиятнинг ишини фаоллаштиришга баҳолиқудрат ҳисса қўшдим. Аданадаги туркистонликлар ҳаётида улар тузган жамият тобора оммалашиб бормоқда эди. “Туркистонликлар ёрдамлашма жамияти” дейилган бу марказ сиёсий, ижтимоий, маданий фаолият юргизиб, ғурбатдаги ватандошларга кўп йиллар хизмат қилди. Ватандошларни бирлаштириш, ўзаро кўмак уюштириб, аҳилликка эришишнинг ўзи бўлмасди, албатта. Аммо жамият раҳбарлари ва аъзолари бу улуғ мақсадни амалга оширишга имкон қадар интилдилар. Маросиму гап-гаштаклардан ташқари, жамият ташаббуси билан гоҳ-гоҳ турли йиғинлар ўтказилар, баъзан шаҳар ташқарисида сайиллар юштирилар эди. Ҳозирда ҳам Аданадаги туркистонлик ватандошларнинг аксари жамият уюштирган йиғинларга, Сайхон дарёси соҳилидаги сердарахт бир оромгохга тупланиб, турли тадбирларни ўтказишади.

Илк учрашувимизда сиз “Турк дунёси” тушунчасига эътибор қаратган эдингиз. Бунинг боиси нимада?

Собир Сайҳон таниқли ўзбек ёзувчиси Ҳамид Ғулом билан учрашмоқда. Тошкент, 1980 йил.

Собир Сайхон:Мен 37 йилдан бери Ўзбекистонга бориб келаман, ҳатто советларнинг энг кучли бўлган пайтларида ҳам борганман. Турк дунёси деган дунё бор. Туркиясиз бугунги турк дунёсини тасаввур этиб бўлмайди… Ўз даврида Туркия ягона мустақил давлат эди, туркларнинг мустаҳкам қалъаси эди. Меним мақсадим ва армоним: маданият, тижорат, халқаро дипломатия, илму-маърифат, борди-келди масалаларида барча Ўрта Осиё мамлакатлари, хусусан Ўзбекистон билан Туркия ўзаро иноқ бўлишларини жуда хохлайман. Шунинг учун ҳам бир одам сифатида баҳоли қудрат қўлимдан келганича бир мунча ишларни қилиб юрибман.

Яқинда Туркия марказий телевидениесида “Турк дунёси” деган янги канал очилди. Ундаги ҳамма махсус кўрсатувлар туркий давлатлар тилида олиб борилади. Мазкур дастурда ўзбек дастури ҳам бор, кўрсатувда мен бу гапларни ҳаммасини гапирдим. Ўзбекларни гапи борку, “Ҳа деган туяга мадор…”. Мен ва менга ўхшаганлар қўлимиздан келганича ватанимизга баҳоли қудрат ёрдам бериб турибмиз. Мақсадимиз Ўзбекистонга фойдамиз тегсин. Ўзбекистон она ватанимиз, киндик қонимиз тўкилган азиз юрт.

Ватанимиз омон бўлса, барча ишлар ўз изига тушиб кетади, қийинчиликлар ўткинчи, нима бўлганда ҳам энди ватан ўзимизники, биз мустақилмиз, биз озодмиз. Албатта, қийинчиликлар ўзиданўзи ҳал бўлиб кетмайди, бунинг учун ўқиш керак, яхшилаб ишлаш керак. Ахир, ўзи бўладими, масалан одам бир уйдан иккинчи бир уйга кўчиб ўтса 10 ой тешасини топа олмай юради… Шунинг учун сабр-бардошли бўлишимиз керак. Кўпчилик хориждагилар пул топиш ғоясида юрадилар деб ўйлайди, лекин бу мен учун асосий ғоя эмас. Хориждаги ўзбекларга ватанимиз маданият ва маърифат масаласида катта ёрдам бериши керак. Бу кетиш бўлса хориждаги ўзбеклар ўз маданиятини йўқотиб қўйишлари мумкин. Кўҳна Туркистон заминидаги Ўзбекистон дея аталувчи жумҳурият биз учун ҳам азиз ва муқаддас. Чунки у заминда бизнинг киндик қонимиз тўкилган. Халқимиз тинч, ватанимиз обод бўлсин, Парвардигор ўз паноҳида асрасин.

Собир Сайҳон ва Мавлон Шукурзода. Истанбул, 2009 йил.

Истанбул-Адана-Тошкент,

2010 йил.

(Давоми бор)

Aloqador maqolalar:

Нега Кўршермат? (1-мақола)

Мадаминбекни Шермуҳаммадбек ўлдирганми? (2-мақола)

Шермуҳаммадбекнинг хориждаги ҳаёти (3-мақола)

Шермуҳаммадбек қандай инсон бўлган? (4-мақола)

Хорижлик тадқиқотчилар Шермуҳаммадбек ҳақида (5-мақола)

SHARE