Туркистон босмачилари аслида ким эди? (7-мақола)

Mavlon SHUKURZODA

Туркистондаги истиқлолчилик ҳаракати тарихи бўйича йирик мутахассис, ўзбекистонлик тарихчи олим Қахрамон Ражабов билан интервью

Қаҳрамон Кенжаевич РАЖАБОВ: тарих фанлари доктори,профессор. 1962 йили Бухоро вилояти Шофиркон туманининг Саврак қишлоғида таваллуд топган. Тошкент Давлат Университетининг тарих факультетини имтиёзли диплом билан битирган (1989). Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Тарих институти аспирантураси ва докторантурасида таҳсил олган. Айни пайтда шу институтда етакчи илмий ходим лавозимида ишлайди. 1995 йили “Фарғона водийсидаги истиқлолчилик ҳаракати: моҳияти ва асосий ривожланиш босқичлари (1918-1924 й.)” мавзусида номзодлик диссертациясини, 2005 йили эса “Туркистон минтақасида совет режимига қарши қуролли ҳаракат (1918-1924й.)” мавзусида докторлик диссертациясини Тошкентда ҳимоя қилди. “Мустақил Туркистон фикри учун мужодалалар (1917-1935й.)”, ”Бухорога қизил армия босқини ва унга қарши кураш”, “Раззоқ бобо ерлари”,шунингдек, ҳаммуаллифликда яратилган “Ўзбекистоннинг янги тарихи. 2-китоб. Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида”, “Ўзбекистон тарихи(1917-1991й.)”,”Туркестан в начале ХХ века: к истории истоков национальной независимости”, ”Тарих шоҳидлиги ва сабоқлари” ва бошқа китобларнинг муаллифи. Туркистон ва Ўзбекистон тарихининг долзарб масалаларига бағишланган 10га яқин китоблари ва 700дан зиёд илмий ва оммабоп мақолалари нашр қилинган. Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Хива, Вена, Бордо, Париж, Истанбул, Анқара, Ашхобод, Туркистон, Ўш, Душанбе ва бошқа шаҳарларда ўтган халқаро илмий конференциялар ва симпозиумлар иштирокчиси.

Қаҳрамон Ражабов Туркистондаги истиқлолчилик ҳаракати тарихи бўйича йирик мутахассис бўлиб, бу мавзуда у 20 йилдан ортиқ давр мобайнида илмий изланишлар олиб бормоқда. Қ. Ражабов Шермуҳаммадбек қўрбоши фаолияти бўйича 1997 йили Давронбек Шермуҳаммадбек ўғли ва невараси Ойдинбек билан Тошкент шаҳрида бир неча бора учрашиб суҳбатлашган. 2008 йил июль ойида Тошкентда Шермуҳаммадбекнинг жияни Анварбек ака (Нурмуҳаммадбекнинг ўғли) билан ҳам қизғин мулоқотда бўлган. (Анварбек ака 1934 йили Кобулда туғилган. айни пайтда АҚШнинг Нью-Жерси штатидаги Бунтон шаҳрида истиқомат қилади). Ниҳоят, 2009 йил март ойида Туркиянинг Адана шаҳрида Шермуҳаммадбекнинг қизи  Саодатхон ая билан узоқ кутилган учрашув юз берди. Бу суҳбатлар давомида ўзбекистонлик тарихчи олим Шермуҳаммадбек фаолияти ҳақида нодир маълумотларга эга бўлди. Қуйида сизларга 2009 йил 20 ноябрда Тошкент шаҳрида, профессор Қаҳрамон Ражабов билан ўтказилган қизиқарли суҳбат ҳавола қилинади.

Профессор Қаҳрамон Ражабов (ўнгда) ва Муҳаммад Анварбек. Тошкент, 2008 йил.


 -Қаҳрамон Кенжаевич, илтимос, Шермуҳаммадбекнинг истиқлолчилик ҳаракатидаги роли ва унинг сиёсий қиёфаси ҳусусида тўхталсангиз?

 Қ.РАЖАБОВ: Шермуҳаммадбек шўроларга қарши Фарғона водийсидаги миллий-озодлик курашининг илк босқичиданоқ жанг майдонига кирди. У истиқлолчиларнинг Катта Эргаш ва Мадаминбекдан кейинги тан олинган йирик кўрбошиси эди. «Туркистон – туркистонликлар юртидир. Бошка ҳеч ким унга эгалик килишга ҳаққи йўқ!» деган сўзларни ўзига шиор қилиб олган истиқлолчиларнинг асосий максади юртни қизил аскарлардан озод килиш эди. Бу кураш йўлида Мадаминбек либерал йўлбошчи, Шермуҳаммадбек эса кескин ҳаракат киладиган- радикал кўмондон сифатида саҳнага чикди. Шермухаммадбекнинг сиёсий киёфаси мухолифлар томонидан у ҳали қуролини ташламаган пайтлардаёқ шундай таърифланарди: «Кўршермат (Шермуҳаммадбек – Қ.Р.) – миллати сарт (ўзбек -Қ.Р.) бўлиб, барча қўрбошилар ичида энг гайратли ва қатьиятлиси ҳисобланади. Жангда ўта жасур, қўл остидагиларга нисбатан талабчан ва русларга шафқатсиз. У аҳоли ўртасида ғоят катта обрў-эътибор ва шуҳратга эга».

 –Шермуҳаммадбекнинг Олий бош қўмондон сифатида миллий озодлик ҳаракатини бирлаштириш йўлидаги интилишлари тўғрисида гапириб берсангиз

 

Туркистонда босмачилик ҳаракати иштирокчилари.

Қ.РАЖАБОВ: Мадаминбек кизил армияга карши курашдан четлашгач, 1920 йилнинг эрта баҳорида Шермуҳаммадбек Фарғона водийсидаги қуролли ҳаракатнинг  Олий бош кўмондони этиб сайланади. Унинг бошчилигида 1920 йил 3 май куни Туркистон-турк мустакил ислом жумхурияти (Туркистон муваққат хукумати) тузилди. Бу ходиса водийда истиқлолчиларни қайта бирлаштириш ва шўролар тузумига қарши ҳал қилувчи жангни бошлашда муҳим ўрин тутди. Шермуҳаммадбек Бухоро ва Хоразм Республикалари ҳамда Самарканд вилоятида ҳаракат килаётган истиклолчилар билан алоқаларни яхши йўлга қуйди. Анвар Пошо ва Жунаидхон билан уч томонлама ҳамкорлик ўрнатди.

 Шунингдек, унинг Шаркий Бухоро қўрбошилари -Иброҳимбек ва Фузайл Махдум билан муносабатлари яхшиланди, Афғонистон, Туркия билан ҳам алоқалари анча жонланди. Большевиклар маддоҳларидан бирининг эътирофича, улар учун «Мадаминбек қўрбошилар ичида энг кучлиси бўлса, Шермуҳаммадбек, шубҳасиз, энг хавфлиси эди». Саркарда Шермуҳаммадбек Туркистон минтақаси ахолисига мурожаат қилиб, қуролли кураш мохиятини шундай тушунтирган эди: «Большевиклар алдайдилар ва ўлдирадилар. Барча давлатлар большевикларни тугатиш учун уларга қарши курашмоқда. Туркистон халқига ўзини ўзи бошқа-риш ҳуқуқи берилганида эди, биз курашмаган бўлардик. Туркистонга ўз ҳуқуқи берилмас экан, биз ҳуқуқ ва виждонимиз, ор-номусимиз учун сўнгги томчи қонимиз қолгунича большевиклар билан кураш олиб бораверамиз».

Туркистонда босмачилик ҳаракатининг фаоллари.

-Маълумки, Фарғона водийсида Шермухаммадбек раҳбарлик қилган пайтда кураш яна ҳам шафқатсиз ва муросасиз тус олди. Истиқлолчилик ҳаракати айниқса 1920 йилнинг ўрталарига келиб янги босқичга кўтарилди. Бунга нималар сабаб бўлган деб ўйлайсшз? 

 Қ.РАЖАБОВ: Буни куйидаги омиллар билан изоҳлаш мумкин. Биринчидан, 1920 йилнинг баҳор ва кузидан эътиборан факат Фарғона водийси ва Самарқанд вилоятида эмас, Хоразм ва Бухоро Республикаларида ҳам босқинчи кизил армияга қарши куролли ҳаракат бошланиб, қисқа муддатда авж олиб кетди. Иккинчидан, большевиклар ҳукуматига қарши чиққан туб ерлик аҳоли вакиллари -қўзғолончилар асосан россияликлардан ташкил топган қизил армия қисмларига қарши кураш олиб бордилар. Маҳаллий халқ билан босқинчилар ўртасидаги жанглар ҳаёт-мамот курашига айланди. Большевиклар хукуматида хизмат қилган миллий раҳбарларнинг маҳаллий аҳоли вакилларини қизил армия сафига олиш ҳақидаги талаби дастлаб Турккомиссия ва Тошкентдаги шўролар ҳукумати томонидан инобатга олинмади. Сирасини айтганда, улар маҳаллий аҳоли кўлига қурол беришдан чўчидилар. Шу тарика, ҳаракатнинг дастлабки босқичи, мохиятига кўра, у миллий истиқлол учун кураш сифатида баҳоланди.

 Марказий ҳукумат раҳбарлари ва унинг Туркистондаги таянчлари факат 1920 йилнинг ўрталарига келиб ушбу ҳакикатни англаб қолди. Махаллий аҳоли вакилларини қизил армия сафига чақириб, уларни қўзғолончиларга қарши қўйиш билан бу кураш моҳиятини  ўзгартиришга, Туркистонда ҳам Россиядаги каби фуқаролар урушини бошлашга ҳаракат қилдилар. Шу мақсадда Туркистон фронти қўмондони М.В.Фрунзе 1920 йилнинг 7 майида қизил армия сафига маҳаллий халклардан 30 минг кишини чақириш ҳақида буйрук чикарди. Лекин масала бу билан улар ўйлаганидек осонгина хал бўлмади. Қизил армия сафида жанг килишни истамаган чақириқ ёшидаги минглаб жасур йигитлар истиқлолчилик ҳаракати сафини тўлдирди. Шу билан бирга, шўролар ҳукумати ташвиқотларига, большевикларнинг баландпарвоз ваъдаларига ишонган юзлаб маҳаллий аҳоли вакиллари қизил армия сафига кириб, ўз халқига қарши кураш бошлади.

 Бу пайтда Хоразм ва Бухорода ташкил этилган янги хукуматлар маҳаллий етакчилар қўлида эди. Бироқ улар хам шўро Россияси манфаатларига бўсунишга, ўз мамлакатлари ҳудудида қизил армия қўшинларини сақлашга мажбур эдилар. Шундан келиб чиқиб, Хоразм ва Бухорода истиқлол учун курашни изчил давом эттираётган саркардаларнинг қўшинлари ҳам қизил аскарларга қарши, ҳам янги ташкил топган миллий ҳукуматларга қарши кураш олиб боришига тўғри келарди. Икки фронтда кечаётган жанг янада шафқатсиз ва муросасиз давом этарди. 

 

Миллий озодлик ҳаракати аъзларининг қуроллари.

-Ёвузлиги билан тарихда ўчмас из қолдирган Михаил Фрунзенинг 1920 йил май ойида маҳаллий қўзғолончиларни қиришга мўлжалланган махсус кўрсатмалари истиқлолчилар харакитига қанчалик ўз таъсирини ўтказди?

 Қ.РАЖАБОВ: 1920 йилнинг 15 майида Туркистон фронтининг қўмондони М. В. Фрунзе Фарғона вилоятидаги 2-Туркистон ўқчи дивизияси командири Н. А. Веревкин-Рахальскийга буйруқ жўнатиб, қуролли ҳаракатга қарши кураш тактикасини ўзгартириш ва «босмачи»ларни ёппасига кириб ташлаш вазифасини кўйди. Фрунзе «қўрбошилар билан музокаралар олиб боришни тўхтатиш, босмачи шайкалар таркибига кирган ҳар кандай шахсни халқ душмани сифатида отиб ташлаш»га амр қилди. Яна махсус жазо отрядлари ташкил килиниб, улар ҳам Фарғона водийсига ташланди. бу тадбир ва уринишлар ҳам истиқлолчиларнинг шаштини синдиролмади. Фарғона водийсида тобора кучайиб бораётган қуролли ҳаракат 1920 йил баҳоридан бошлаб Шермуҳаммадбек номи билан бевосита боғлиқ эди. Турккомиссия ва Туркфронт раҳбарияти куролли мухолифатга қарши кураш стратегияси ва тактикасини тубдан ўзгартирди: кечагина ўзлари эълон қилган сиёсий тадбирлар, кураш қатнашчиларини тинчлик йўли билан оғдириш каби нозик дипломатик ўйинлар йиғиштирилди, харакатни «курол кучи ҳамда зўравон-лик билан» бутунлай тор-мор қилишга киришилди.

-Истиқлолчилик ҳаракатининг айнан қизиган палласида Шермуҳаммадбекнинг ташаббуси билан Фарғонаводийсида Туркистон муваққат ҳукумати тузилди. Мазкур ҳукуматнинг тузилиши истиқлолчилик ҳаракатига қанчалик ижобий таъсир қилди?

 Қ.РАЖАБОВ:1920 йили 3 майда Фарғонанинг Ғойибота қишлоғида (ҳозирги Олтиариқ тумани) ўтган водий қўрбошиларининг навбатдаги қурултойида Туркистон-турк мустақил ислом жумҳурияти (Туркистон муваққат ҳукумати) тузилди. Қурултойда Шермуҳаммадбек ҳукумат раиси ва Фарғона водийсидаги истиқлолчиларнинг Олий бош қўмондони этиб сайланди. Саркарданинг укаси Нурмуҳаммадбек (тахминан 1899-1984) ва Олой воҳасидаги кирғизлар етакчиси Муҳиддинбек (тахминан 1877-1922) унинг ўринбосарлари этиб белгиланди. Туркистон муваққат ҳукумати Фарғона водийсидаги озодлик кураши учун муайян даражада хизмат қила олди. Боймирза Ҳайитнинг Шермуҳаммадбек ва Нурмуҳаммадбек хотира-лари ҳамда Закий Валидий асарларига таяниб ёзишича, ҳукумат таркибига олти киши киритилганди: Шермуҳаммадбек – ҳукумат раиси ва Олий бош кўмондон; Акбаржон Эшон – шайхулислом; Mуллажон Қори  – хавфсизлик (ички ишлар вазири); Абдусалом Қори – ҳукумат бош котиби; Назиржон – молия вазири; Мулла Ҳожи Ниёз – махсус ишлар вазири.

Туркистон миллий озодлик ҳаракатини қонли бостириш учун юборилган қизил аскарларнинг бир гуруҳи.

 Шермуҳаммадбек томонидан ташкил этилган ўн иккилар кенгаши ҳукумат ишини мувофиқлаштириб турган. Кенгаш аъзолари давлатни идора этиш, уруш харакатлари бўйича таклиф ва мулоҳазаларни ишлаб чикканлар. Бундан ташқари, 14 кишидан иборат харбий маҳкама ҳам тузилади. Олий бош қўмондон Шермухаммадбек раислик килган бу маҳкамада унинг ўринбосарлари – турк зобитлари Исмоил Ҳакқибей ва шунингдек, Алиёрбек, Юсуф Полвонбой, Мулла Пўлат, Асқарбой ва Нурмуҳаммадбек каби кўрбошилар фаолият олиб бордилар. Маҳкама йиғинларида келажакдаги ҳарбий амалиётларга тегишли барча масалалар кўриб чиқилган, қарорлар қабул килинган. Мулла Умар, Жамол, Абдулазиз ва Абдусалом сингари қозилардан тузилган қозихона жумҳуриятнинг мустакил суд идораси сифатида фаолият кўрсатган.

 Идора мажлиси, яъни маъмурий кенгаш таркиби Абдулбоки бойвачча (раис), муфтий Мусо Қози, Мулла Ғойиб Назар, Мулла Йўлдош Охун ва Абдулқаюмдан иборат бўлган. Давлат бошқаруви идоралари қаторида 88 кишилик парламент -Шўро ҳам ташкил этилган. Ўқимишли ва нуфузли кишилар Шўро аъзолигига қабул қилинган. Боймирза Ҳайит бу борада қуйидагиларни қайд этади: Шермуҳаммадбек большевиклар чангалидан озод қилинган жойларда элликбоши, юзбоши, мингбоши лавозимлари қайта тикланди. Қўқон хонлигида олий лавозим ҳисобланган беклик вазифасини кўрбошилар бажарардилар. Соликларни аҳолининг кўлидан -элликбошилар йиғиб, мингбошилар оркали кўрбошиларга етказганлар. Қўрбошилар эса бу маблағларни молия вазири орқали ҳукумат ғазнасига топширганлар. Ўн иккилар кенгаши солиқ тушумларидан иборат бу даромадни харажатлар учун тақсимлаган. Кўпинча, бадавлат кишилар ҳисобланган йирик мулкдорлар: бойлар, савдогарлар ва уламоларга кўшимча солиқлар ҳам солинган. Ушбу тўловлар шўро ҳукумати халкдан олган солиқ ва тушумлардан бир неча марта кам бўлган. Қўрбоши йигитларининг озиқ-овқат таъминоти эса улар жойлашган кишлоклар зиммасида эди. 

Шермуҳаммадбек лашкарбоши. 1922 йил.

 -1920 йил кузи ва 1921 йил бошларида Фарғона водийсидаги истиклолчилик ҳаракати иккинчи бор юкори чўқкига чиқишига қандай омиллар таъсир қилган эди?

 Қ.РАЖАБОВ:  Биринчидан,Шермуҳаммадбек саркарда сифатида шу йиллари катта тажрибага эга бўла бошлади. У харбий разведка маълумотларини чуқур таҳлил қилиб сўнгра қарор қабул қилган. У ҳар бир берилган имкониятни қўлдан чиқармасликка ҳаракат қилар эди. 1920 йил август охири ва сентябрь бошларида, Туркфронт кўмондони Фрунзенинг буйруғига кўра, Фарғонадаги кўшинларнинг катта кисми Бухоро амирлигини тугатиш учун юборилди. Бу имкониятдан фойдаланган кўзғолончилар ҳарбий ташаббусни кўлга олиб, ҳаракатни янада кучайтирдилар. 1920 йили 10-27 сентябрда улар Водил, Гурунчмозор, Чувол, Урганжи қишлокларини кўлга киритиб, Ўш ва Қўрғонтепа темир йўл бекатларида турган қизил аскар гарнизонларига зарба бердилар.

 Ўш шаҳри вактинча бўлса-да яна миллий кучлар кўлига ўтди. Бухоро амирлиги қурол кучи билан тугатилган кун -1920 йил 2 сентябрда Туркистон АССР ҳукуматининг Туркфронт кўмондони номига йўллаган мактубида «Босмачилик Фарғона вилояти ҳудудидан чиқиб, Тошкент уездининг саккизта волостини қамраб олди», деган хавотирли сўзлар битилган эди. Бундан ташқари водийдаги қизил армия гуруҳи кўмондони Д.Коновалов РСФСР қуролли кучлари Олий бош қўмондони С.Каменев номига ёзган маълумотномада ўша даврдаги вазиятни шундай шарҳлайди: «Фарғонада босмачилик 1920 йил сентябрь ойида энг юқори чўққисига чиқди, яширин ҳолда ишлаётган мусулмон ташкилотлари ўз фаолиятини бутун совет Фарғонасида авж олдириб, Туркистонда совет ҳокимиятига қарши қўзғолонни кучайтирдилар».

 Иккинчидан, қуролли ҳаракатнинг авж олишига большевикларнинг ғалла монополияси ва озиқ-овқат сиёсати ҳам жиддий туртки бўлди. Аҳоли қўлидан ғалла ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари тортиб олинди. 1920 йил ёзида бутун Фарғона вилояти ҳудудида озиқ-овқат тақсимоти жорий этилганди. Маълумотларга қараганда, 1920 йил сентябрида Фарғона водийсидаги истиклолчилар сони 70 минг кишига етди. Бу эса большевикларни саросимага солиб қўйди.

 -Сиз яқинда чоп этилган бир илмий мақолангизда ўша пайтда большевикларнинг водийдаги кўрбошиларни террор йўли билан йўқотиш тадбирлари ҳакидаги янги маълумот бердингиз…

 Қ.РАЖАБОВ:  Сиз жуда нозик ва қалтис масалани кўтардингиз. Большевизм, фашизм ва терроризм – ушбу учта тушунча яхлит маъно касб этишини, большевизм ва терроризмнинг

Шермуҳаммадбек лашкарбошининг яқин қуролдош дўстлари таниқли қўрбоши Мўйдин-Бек (Усмон Алиев). Ўнг томонда унинг катта маслаҳатчиси, ҳарбий штаб бошлиғи Янгибой Амин (Янгибой Бабашбоев). Улар 1922 йилнинг 26-сентябрида Қизил армия ҳарбий трибунали қарорига мувфиқ отиб ўлдирилган.

моҳияти аслида бир-биридан фарқ қилмаслигини, афсуски, бугунги кунда ҳам Ўзбекистонда кўпчилик инкор қилади. Саволингизга қайтадиган бўлсак, мен яқинда Андижон вилояти давлат архивидан топган бир ҳужжатда Сиз тилга олган мавзу ёритилган. Ҳужжатнинг қисқача мазмуни қуйидагича: 

 Фарғона инқилобий ҳарбий кенгаши (РВС) 1920 йили 13 октябрда водийдаги кўрбошиларни террор йўли билан йўқотиш тадбирлари ҳакидаги 55-буйрукни ишлаб чиқди. Унда Фарғона водийсидаги 22 кўрбошининг боши учун катта миқдорда пул мукофоти белгиланди. Шермуҳаммадбек учун -15 000 рубль, Холхўжа Эшон учун – 10 000 рубль, Парпи учун -7000 рубль, Нурмат, Алиёрбек, Муҳиддинбек, Йўлчи, Раҳмонкул, Василий Донец каби йўлбошчиларнинг ҳар бири учун – 5000 рублдан, Рўзимат, Мамат Рўзи, Исроил, Аҳмад Полвон, Эшмат бойвачча, Омон оксоқол, Ойбола учун – 3000 рублдан, Деҳқон бойвачча ва Ёрбекнинг боши учун – 1500 рублдан, Омон Полвон, Мирза Умар, Умарқул, Исломқул каби йўлбошчиларнинг боши учун -1000 рублдан мукофот ваъда қилинди.

Бу маблағ истисно тариқасида кумуш рубль билан тўланиши белгиланди. Бу ҳолат совет ҳукуматининг қўрбошиларга карши шафкатсиз қатағон ва террор сиёсатига яққол мисол. Шунга қарамасдан 1921 йил баҳорида Шермуҳаммадбек бошчилик килаётган қуролли ҳаракат янгидан авж олади. Совет кўшинлари Фарғона армия гуруҳи штабининг «мутлақо махфий» маълумотларида келтирилишича, 1921 йил июнь-сентябрь ойларида Фарғона водийсида икки юздан ортиқ кўрбошилар дастаси ҳаракат қилган.

 -Шермуҳаммадбек олдига қўйган режаларга фақат жанг ҳаракатлари орқали эришишни мақсад қилган эдими  ёки дипломатик воситаларни ҳам қўллашга ҳаракат қилганми?

 Қ.РАЖАБОВ:  Шермуҳаммадбек ва истиклолчилар фақат жанг ҳаракатлари билан чекланмай, шўро ҳукумати раҳбарларига дипломатик воситалар орқали ўз талабларини ҳам баён қилдилар. Улар ҳамма пайт ҳам муросасиз кураш йўлини тутмаганлар, музокаралар йўли билан ҳам янги ҳокимиятга таъсир этишга, маълум маънода либерал (келишувчанлик) сиёсатини олиб боришга интилганлар. Афсуски, большевик раҳбарлар бу талабларга қулок солишни истамаган. 1921 йил баҳорида совет ҳокимияти вакиллари билан бўлган музокараларда Шермуҳаммадбекнинг энг нуфузли кўрбошиларидан бири Алиёрбек қуролли мухолифат номидан қуйидаги шартларни кўяди: 1) шариатга риоя этиш; 2) мустақил қозилар сайлаш; 3) озиқ-овқат таксимотини бекор килиш. Табиийки, бу таклиф ҳам рад этилди. Кейинроқ қизиллар томонидан қўлга олинган Алиёрбек қўрбоши 1921 йил ноябрида ревтрибунал ҳукми билан отиб ўлдирилди.

Нурмуҳаммадбек, Кобул, 1935 йил.

 Музокараларда тинч аҳоли вакиллари ҳам иштирок этди, зеро, бу талаблар, айни пайтда, Фарғона халқининг ҳам истак-хоҳиши эди. Туркистон Республикаси Советларининг X съездида ва ундан олдинроқ ўтган Туркистон Компартияси VI съездида Фарғона водийсидаги куролли ҳаракат масаласи махсус муҳокама килинди. Съезднинг ёпик мажлисида Туркистон Компартияси МК масъул котиби ва Туркистон АССР МИК раиси Назир Тўрақулов (1892-1937) рус ва ўзбек тилларида «Фарғона масаласи ҳакида» номли махсус маъруза килди. У ўз чикишида “босмачилик” ҳаракати совет органларининг калтабинлик, узоқни кўра билмаслик, ношудлик ва мутаассибликка асосланган сиёсати натижаси, деган хулосани баён килади.

 Съезд ўтаётган кунларда Шермуҳаммадбек совет кўмондонлигига сулҳ тузиш учун қуйидаги шартлар билан мурожаат қилди: Туркистонда миллий ва маданий мухторият тузиш; дин эркинлиги; халк козиларининг халқ томонидан сайланиши; вақф ерлари ва даромадларини ерлик халқ одатлари бўйича юритиш; ер-сувни бурунги эгаларига қайтариш; молларни текшириш ва ҳукумат ихтиёрига мусодара этишни тўхтатиш; шахарлараро эркин товар айрибошлаш; эркин савдо; поездларда эркин юриш; соликларни тугатиш; қизил қўшинлар талончилигини тўхтатиш.

 -Большевик маддоҳлари бунга қандай жавоб беришди?

 Қ.РАЖАБОВ:  Архив ҳужжатларининг гувоҳлик беришича, музокаралар натижасида совет ҳокимияти томонига ўтган бир нечта қўрбошилар Фарғона қизил армия гуруҳи қўшинлари қўмондони Г.В.Зиновьевнинг буйруғига кўра отиб ташланди. Шермуҳаммадбек кизил армия кўмондонлиги билан олиб бораётган музокараларини 1921 йили сентябрда тўхтатишга мажбур бўлди. Бу воқеалар нафақат истиқлолчилар, балки тинч аҳолининг ҳам шўролар ҳукуматидан ҳафсаласини пир қилди. Совет кўмондонлиги эса ҳаракатни «ўт ва қилич» билан тугатишга қарор қилганди. Шу тарзда. «босмачилик билан заҳарланган» катта-кичик қишлоклар вайронага айлантирилди, истиқлол учун курашда иштирок этган кишилар маҳв этилди, кувғинга учради. Бироқ қатағон ва ҳарбий ҳаракатларнинг кенг миқёсдаги фаоллашуви ҳам истиклолчиларни Ватан озодлиги учун курашдан қайтаролмади. 1921 йил 13 сентябрда совет ҳукумати «Душман таслим бўлмаса, уни янчиб ташлаймиз» шиори остида Фарғона водийсида фавқулодда ҳолат эълон қилди. Ноябрь ойида П.И.Баранов харбий диктатор этиб тайинланди. Ҳарбий диктатура 1922 йил февралга қадар давом этди, кейин эса Фарғона фронти РВС тузилди.

Миллий озодлик ҳаракати иштирокчиларни Қизил армия ҳарбий трибунали суд қилмоқда.

Совет қўшинлари 1921 йили сентябрь ойида Марғилонда Шермухаммадбек ва Андижонда Исроил кўрбоши гуруҳларига карши бир пайтда ҳужумга ўтдилар. 1 ноябрда Муҳиддинбекка қарши жанг бошланди. Қизил аскарлар Шермухаммадбекнинг асосий қароргохи – Гарбувани уч ой давомида ишғол қила олмадилар. Жангларда устунлик гоҳ у томон, гоҳ бу томонда бўларди. Ана шу вазиятда совет кўмондонлари томонидан жуда нозик ва айёр тактика ишлаб чикилди: тоғларда ҳаракат килаётган кирғиз кўрбошилари водийдаги ўзбек кўрбошиларига карама-қарши кўйилди. Шермуҳаммадбек ва Муҳиддинбек ўртасида келишмовчилик ва ихтилофлар пайдо бўлишига эришилди, бу зиддиятлар авж олдирилди. 1922 йил кузига келиб, Раҳмонкул қўрбошининг Наманган уездида жойлашган Ашоба (ҳозир Тожикистоннинг Ашт тумани ҳудуди)даги кучли истеҳкоми авиация ёрдамида босиб олинди. Ашобанинг 700-800 хўжаликдан иборат бутун аҳолиси тоғларга чиқиб кетди. Қўрбоши якин сафдошлари билан чекинишга мажбур бўлди.

 -«Қизил террор» асосчиларидан бири, ашаддий миллатчи, РСФСР ҳарбий ишлар халқ комиссари Л.Троцкийнинг Фарғона водийсига келишига нима сабаб бўлди?

 Қ.РАЖАБОВ:  Фарғона вилояти қўшинлари қўмондонининг 1922 йил 5 июндаги буйруғида айтилишича, истиклолчилик ҳаракати йилдан-йилга заифлашиш ўрнига, аксинча, кучайиб борарди. Эҳтимол, шу боис, 1922 йили 10 июнда бу ерга РСФСР ҳарбий ишлар халк комиссари Л.Троцкийнинг ўзи келади. У истиклолчилик харакатига қарши кураш бошқарувини ўз кўлига олди. «Қизил террор» асосчиларидан бири Троцкий Туркистондаги миллий озодлик ҳаракати вакилларига қарши шафқатсиз жазо чоралари кўллашни буюрди.

Қизил армия ҳарбий трибунали томонидан суд қилиниб отишга маҳкум қилинган бир гуруҳ мард, туркистонлик миллий озодлик ҳаракати иштирокчилари. Қўқон, 1925 йил. Ҳурматли ўқувчи, аҳамият бердингизми, ўзбек мард ўғлонлари ўлимга тик қараб душмандан нажот сўрамаяптилар…

Шу жангларнинг бирида Қўрбоши Рахмонкул ҳам кўп ўтмай кизил аскарлар кўлига тушди. Раҳмонқул (Мамаузоқов) ва унинг Турсунбой, Каримқул, Оллобой, Абдусаттор каби беш биродари хамда оила аъзолари, Абдумуталиб, Кичкина Эргаш, Абдутолиб, Мамажон, Абдуғафур, Йўлдошбой, Бобохўжа, Эрмуҳаммад исмли ўн нафар йирик кўрбошиси Қўкон шаҳрида 1922 йил 27 ноябр-дан 2 декабргача давом этган Туркфронт РВС трибунали сайёр маҳкамаси томонидан отувга ҳукм қилинди. Ҳукм 2 декабрнинг ўзида зудлик билан ижро этилди. Ҳарбий кудрат ва аскарлар сони жихатидан устун бўлган қизил армия қатор ғалабаларга эриша бошлади. 1922 йил декабрь ойининг ўзида истиқлолчилардан 1582 нафари ўлдирилди. Бу пайтга келиб, Фарғона водийси халқи ҳам беш йил давом этган узлуксиз жангларда чарчаган эди. 

 Шермуҳаммадбек бошчилигида тузилган Туркистон муваккат ҳукумати 1922 йил охирига келиб, тарқалиб кетди. Саркарданинг ўзи бир қанча жанглардан кейин – 1922 йил декабрнинг сўнгги кунларида укаси Нурмуҳаммадбек ва кўрбоши Тўхтасин Максуд билан 450-500 йигитдан иборат гуруҳни олиб, дастлаб Бухоро Республикаси ҳудудига, сўнгра 1923 йил баҳорида Афғонистонга ўтиб кетди. Шермуҳаммадбекнинг акалари – Тошмуҳаммадбек, Тожмуҳаммадбек ва Рўзимуҳаммадбек ҳам озодлик курашларида фаол қатнашадилар. 1923 йил охирида улар қизил аскарлар томонидан кўлга олиниб, отиб ташландилар. Бутун куч-қувватини Туркистон мустақиллиги учун курашга сарфлаган Шермуҳаммадбекнинг кейинчалик водийга яна кайтиш максадида қилган барча уринишлари бекор кетди.

 -Шермуҳаммадбекнинг муҳожирликдаги ҳаёти ҳақида тўхталсангиз?

 Қ.РАЖАБОВ:  Ака-ука Шермуҳаммадбек ва Нурмуҳаммадбекнинг Афғонистонда муҳожирлик ҳаёти анча машаққатли кечди. Кобул ҳукумати советлар тазйики билан уларга нохуш муносабатда бўлди. 1927 йили Кобулда ака-ука Шермуҳаммадбек ва Нурмуҳаммадбек Фарғона водийсидаги истиқлолчилик ҳаракати ҳақидаги хотираларини андижонлик котиб Абдулҳай

Миллий озодлик ҳаракати иштирокчиси.

Махдумга айтиб туриб ёздиради. Бу хотираларнинг бир қисми Ўзбекистон матбуотида эълон қилинган. 1929 йил 15 апрелда Шермуҳаммадбек Афғонистондан кичик қўшин билан Вахш дарёси орқали Шарқий Бухорога ўтишга ҳаракат килади. Аммо қаршиликка учрайди. Унинг қўшини авиация ёрдамида ортга қайтарилади. Гуруҳдаги айрим бўлинмаларгина Вахш тумани ҳудудига кириб, совет муассасаларига ҳужум қилишга улгуради. Шермуҳаммадбек муҳожирликда юрган чоғлари ҳам Туркистон мустақиллиги учун курашиш ғоясидан асло воз кечмади.

Шермуҳаммадбек кейинчалик маълум муддат Ҳиндистонда, 1951-1955 йиллари Покистоннинг Пешовар шахрида яшади. 1955 йилдан то умрининг охиригача Туркиянинг Адана шаҳрида ҳаёт кечирди. 1970 йили 10 мартда Шермуҳаммадбек, 1984 йили 10 январда Нурмуҳаммадбек вафот этди. Шермуҳаммадбекнинг ўлими туркистонлик муҳожирлар учун катта йўқотиш бўлди. Ўша кунлари Аданада мотам эълон қилинди. Саркарданинг дафн маросимига минглаб кишилар йиғилди. Маросим қатнашчилари Туркистон миллий байроғи ва Шермуҳаммадбек тобутини кўтарган ҳолда бутун шаҳарни айланиб чиққан эдилар. Шермуҳаммадбекнинг рафиқаси Зулфинисо ая 1972 йили Аданада вафот этган. Тўнғич ўғли – 1927 йили Кобулда туғилган Давронбек ҳозир Нью-Жерсида, қизи Саодатхон Адана шахрида истиқомат қилади.

 -Домла, суҳбатимиз сўнгида бир саволга аниқлик киритиб олсак. Шермуҳаммадбекни Мадаминбекнинг ўлимига қанчалик алоқаси бор деб ўйлайсиз?

 

Shermuhammadbek. Kobul.1935 y.

Қ.РАЖАБОВ:Марғилонлик қўрбошилар –Мадаминбек ва Шермуҳаммадбек ўз ҳаётларини она

Ватан –Туркистон озодлиги ва истиқлоли учун курашга бағишладилар. Мадаминбек 28 ёшида сирли ва ноаниқ тарзда ҳалок бўлди… Мадаминбек қўрбошилар томонидан ўлдирилган, деган

қараш узок йиллар давомида исбот талаб қилмайдиган тарихий факт сифатида қабул қилиб келинди. Ҳолбуки, Мадаминбекнинг 1920 йили сиёсий ва харбий саҳнани эрта тарк этишидан, энг аввало, қизил армия қўмондонлиги манфаатдор эди. Шу боис Мадаминбекнинг ҳақиқий қотили большевиклар бўлгани аниқ. Мен Мадаминбекнинг ўлими ҳақида фикр билдирилган архив ҳужжатлари, турли хотиралар ҳамда тарихий тадқиқотларни ўзаро қиёслаб, бу зиддиятли фожиани холисона ёритадиган бир илмий мақола устида ҳозирги пайтда ишлаяпман. Яхшиси, бу ҳақида кейинчалик гаплашамиз. Шермуҳаммадбек эса (у Мадаминбекдан бир ёш кичик эди) шўролар ҳукуматига қарши олти йил давом этган шиддатли жанглардан сўнг, 30 ёшида Ватан тупроғини тарк этишга мажбур бўлди. Шермуҳаммадбек ҳаётининг сўнгги 47 йилини, укаси Нурмуҳаммадбек эса 60 йилини Ватан дийдорига талпиниб, юрт соғинчи билан яшаб ўтди. Ўзбекистоннинг мустақиллигини кўриш уларга насиб этмади.

 Халқимиз эрк нашидасини юрак-юракдан ҳис қилиб турган мана шундай кувончли ва фарахбахш кунларда Шермуҳаммадбек каби фидойи инсонларни хотирлаш, улар жасоратидан ўрнак олиш хар бир ватанпарвар йигит-қизнинг қалб амрига айланмоғи лозим.

 *** 

ХОТИМА

Биз интернет-газетамизнинг ўтган сонларида чоп этилган бир неча мақола ва интервьюлар орқали лашкарбоши Шермуҳаммадбек ҳаёти мисолида аждодларимизнинг Туркистон озодлиги учун олиб борган курашини cал бўлса-да, кўрсатишга уриндик. Менинг фикримча, ўтган асрнинг йигирманчи йилларида авж олган Ватанни озод этиш, истиқлолчилар ҳаракати тарихчиларимиз ва мутахассислар томонидан ҳали етарлича ўрганилган эмас. Айни бу мақолага якун ясар эканмиз, ўқувчининг диққат-эътиборини сал бўлса-да, ўша даврдаги айрим мураккаб ва драматик эпизодларига жалб этишга ҳамда бунда иштирок этган шахслар фаолиятини англашга бир оз тўҳталмоқчимиз:

Туркистонда босмачилик миллий-озодлик ҳаракати:

Туркистонда миллий озодлик ҳаракати гарчанд ХIХ асрнинг ўрталаридан бошланган эса-да, унинг янги шаклдаги кўриниши ХХ аср аввалидан бошланган. Бунга 1916 йилда ОқПошонинг туркистонлик эркакларни Польша фронтида мардикорликка жалб этиш тўғрисида чиқарган фармони ва 1918 йилнинг 18-февралидан бошлаб большевикларнинг Ўрта Осиё ҳудудида олиб борган босқинчилик ва қизил террори асосий сабабларидан бўлди. Бу ҳаракат асосан Чор Россияси ва ундан кейин ҳукумат тепасига келган большевиклар, улар қўллаган сиёсатга қарши йўналтирилган миллий озодлик ҳаракати эди. Шу билан  бирга, қайд этиш жоизки, босмачилик ҳаракати иштирокчиларини уч тоифага ажратиш керак бўлади: биринчиси, эски замонни қўмсаб, Қўқон ва Хива хонликлари, шунингдек, Бухоро амирлигини тиклаш борасида бир тўда зодаган бойлар, диндор уламолар ташаббуси билан тузилган босмачи тўдалари. Бу ҳаракатга қўшилганлар унчалик кўп бўлмаган; иккинчиси, олий мақсадларни кўзлаб, миллий озодлик ва истиқлол йўлида, она заминни босқинчилардан озод этиш йўлини танлаган босмачилар бирлиги. Бу ҳаракатга Мадаминбек, Шермуҳаммадбек ва бошқа қўрбошилар раҳнамолик қилишган. Уларнинг орқасидан кўпчилик ишониб эргашди, бу ҳаракат охир-оқибат халқ ҳаракатига айланиб кетди; учинчиси, босмачилик ҳаракати ниқобида ўз манфаатларини кўзлаб, тинч аҳолини талаб, ўлдириб, босқинчилик ва қароқчилик ишлари билан шуғулланган ваҳшийлар. Бундай тўдалар миллий озодлик ҳаракати ғоясига путур етказиб, унга ўта салбий таъсир қилган. Аммо улар кичик-кичик гуруҳлардан иборат эди.

Қўқон мухториятининг босмачилик ҳаракатига таъсири:

Қўқон мухториятининг ағдарилишини Туркистонда босмачилик ҳаракатининг келиб чиқишига асосий сабаблардан бири сифатида қараш мумкин. Ўз даврида Мустафо Чўқай ҳам ўз асарларида буни тасдиқлаган. Дарҳақиқат, айнан 1918 йилнинг феврал воқеаларидан сўнг, шўролар сиёсатидаги қўпол хатоликлар оқибатида минг-минглаб туркистонликлар босмачилик ҳаракатига қўшилди ва халқ бу ҳаракатни қўллаб-қувватлай бошлади. Халқ қўрбошилардан Қўқон мухторияти ҳукуматига ўхшаб большевикларнинг ёлғон декларация ва ғояларига ишониб, қўл қовуштириб ўтирмасдан, қўлларига қурол олиб, юртни озод этиш учун жанг қилишни талаб қилади. Бу Туркистонда босмачилик ҳаракатининг янги кўринишдаги миллий озодлик ҳаракатига айланиб кетишига туртки бўлди. Қўқон мухториятини ташкил қилган жадидчилар ва ҳукумат аъзолари ҳам миллий озодлик ҳаракатига қўшилдилар. Қўқон мухториятини тузиш бўйича тўпланган кичик тажрибадан Мадаминбек ва Шермуҳаммадбек ташаббуслари билан тузилган “Фарғона Муваққат Ҳукумати” ва “Туркистон Турк Ислом жумҳуриятиҳукумати” тизимини ташкил қилишда фойдаланилди. Қўқон мухториятининг тузилиши, қисқа даврдаги фаолияти ва қизиллар томонидан ағдарилиши Туркистонда «босмачилик» деб номланган миллий озодлик ҳаракатининг авж олишига, унинг ҳарбий, ташкилий ва сиёсий шаклланишига ижобий таъсир қилди.

Афғонистон подшоҳлари ва босмачилик ҳаракати:

Ўша пайтларда, Афғонистон подшоҳи Омонуллахон ўз мамлакатида Россия ва Туркия раҳбарлари Ленин ва Камол Отатурк тимсолида ўзича мамлакатда ислоҳотлар ўтказиш нияти борлигини ошкор қилган эди. Лекин эндигина Англия чангалидан қутулган Афғонистон бундай ислоҳотларга ҳали тайёр эмас эди. Омонуллахон Туркистондаги жараёнлар билан ҳар доим қизиқиб турган эътиборли давлат арбобларидан бири эди. Омонуллахон бу даврда икки тарафлама “ўйин” олиб борганлиги билан бошқалардан ажралиб турган. Бир томондан ленинчи советлар билан “дўстлик” битимини тузиб, уларнинг тузоғига илинган бўлса, иккинчи томондан Бухоро амири Саййид Олимхон билан махфий хат ёзишиб, советларга қарши биргаликда курашиш тўғрисида музокаралар олиб борган. Шунингдек, у Туркистонга ўз одамларини юбориб, у ердаги вазиятни аниқлаб, “босмачилар” ҳаракати раҳнамолари билан музокаралар олиб борган. Бундан кўзланган асосий мақсад, Туркистон ва Бухоро амирлиги ерларини Афғонистонга қўшиб олиб, илгаридан орзу қилган утопик “Афғон халифалиги”ни тузиш йўлларини ахтарган.

Afg’oniston podshohi Omonullaxon.

Туркистон миллий озодлиги ҳаракатига ёрдам беришни ваъда қилиб, ўз сўзининг устидан чиқмаган. Шу билан бирга Омонуллахон, Афғонистонга ўтган Шермуҳаммадбек ва бошқа ватандошларимизни қабул қилиб, эмиграцияда яшашлари учун шарт-шароит яратишга ҳаракат қилган. Кўпчилик ислом давлатлари Омонуллахон ва Саййид Олимхондан минтақада большевизмга қаршилик ҳаракатини тузиб, барча миллий озодлик ҳаракатларини мувофиқлаштиришни кутган эди, афсуски, бунга бу икки раҳбарнингсиёсий иродаси етишмади. Натижада Туркистон, Бухоро амирлиги ва Хива хонлигидаги истиқлолчилaр яккаланиб қолиб, қизиллар томонидан яксон қилинди. Туркистон ерларига юқоридагидай қараш Зоҳиршоҳ даврида ҳам камаймади. Иккинчи Жаҳон уруши бошланишида Кобулда Германия билан ҳамкорликда “Фаол” махфий-ҳарбий ташкилотини тузиш билан боғлиқ ҳаракатлар бунинг исботидир. Мухтасар қилиб айтганда, Афғонистон ҳукумати қўшни Туркистон ва амирликда бўлаётган жараёнларга жиддий ёндашмай, оддий кузатувчи бўлиб турди, холос.

Бухоро Амири ва босмачилик ҳаракати:

Бухоро амири Саййид Олимхоннинг миллат олдида йўл қўйган қўпол тарихий хатолари ҳали кўп йиллар оғиздан тушмайди. Амирнинг Туркистонга нисбатан эскидан сақлаб турган кеки, очиқдан-очиқ олиб борган беписандлик, такаббурлик ва манманлик сиёсати охир-оқибат амирликнинг емирилишига сабаб бўлди. Бухоро амирлигининг олтин заҳираси беҳисоб эди. Бироқ, ундан ҳеч вақт мамлакат ва халқ манфаати йўлида фойдаланилмаган. Бу масала бўйича илмий-тадқиқот олиб бораётган ўзбек тарихчилари Қахрамон Ражабов ва Сотимжон Холбоевларнинг таъкидлашларича, амир Саййид Олимхон ҳатто ўзига яқин бўлган сарой амалдорларининг унга чет элдан армия ёллаш ва ҳарбий техника сотиб олиш учун олтин ажратиш тўғрисидаги таклифларини ҳам рад этади. Амир Олимхон Бухорога, Фрунзе отрядлари бостириб киргунга қадар русларга содиқлигини амалда кўрсатиб, фаолиятсиз қолади…

Бухоро амири Саййид Олимхон.

Аслида, Бухоро амирлиги Ватан ва халқ ҳимояси учун босқинчиларга қақшатқич зарба бера оладиган кучли армия ёллашга, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳа сотиб олишга қодир бўлган. Шунингдек, у душманга қарши Қўқон ва Хива хонликлари билан ҳамкорликда бирлашган мудофаа армиясини ташкил этиши ҳам мумкин эди. Афсуски, бундай бўлмади. Бунинг оқибати маълум. Дин ва диёнат, мамлакат босқинчилар томонидан оёқости қилинди, миллат ва халқ тобе, қарам бўлиб қолиб, хўрланди, беҳисоб моддий ва маънавий бойликлар, олтину зарлар талаб олиб кетилди…

Яна бир муҳим жиҳат шундан иборатки, амир Саййид Олимхоннинг Иккинчи Жаҳон уруши йиллари Афғонистонда немис ва япон миссиялари билан қилган алоқалари алоҳида ва жиддий таҳлилни талаб қилади. Шу билан бирга, бу масалага ёндошишда, биз уни бундан 70-80 йил олдинги вазиятни ҳисобга олиб фикр юритмоғимиз зарур. У пайт Саййид Олимхон учун ягона мақсад, нима қилиб бўлса-да, амирликни тиклаш ва яна тахтга қайтиш эди. Эҳтимол, ўша дамларда шундай имконият пайдо бўлгандир. Ўз мақсадига эришиш учун, у душман – советларга қарши, ким билан бўлса ҳам биргалашиб курашга тайёр эди. Немисларнинг Кобулдаги “Фаол” ташкилотини тузилишида ҳам, у фақат шу мақсадни кўзлаган бўлиши мумкин.

Анвар Пошо ва босмачилик ҳаракати:

1920 йилда Бухорога Анвар Пошонинг келиши босмачилик ҳаракатининг янада авж олиб кетишига сабаб бўлди. Бухоро заминида кўпчилик қўлга қурол олиб, мужоҳидлар сафига

Анвар Пошо

қўшилди. Албатта, бу ўринда Анвар Пошонинг ролини юқори баҳоласак арзийди. Аммо Анвар Пошо Закий Валидийнинг маслаҳатига қулоқ осиб, Афғонистонга бориб, каттароқ армия, қурол-яроғ ва куч тўплаб, Ўрта Осиё ҳудудига кирувчи Туркистон, Бухоро амирлиги ва Хива хонлигидан чиққан барча мужохидларни бирлаштириб, сўнгра қизилларга ҳужум қилганида, балким уруш майдонидаги манзара бутунлай бошқача бўлар эди.

Афсуски, ўшанда Заки Валидий томондан асослаб берилган 14 банддан иборат зарур тавсияларни Анвар Пошо инобатга олмади. Бундан ташқари, Анвар Пошо Масковдан келибоқ, фақат Бухоро амирлиги ҳудудида мужоҳидлар ҳаракатига эътибор қаратди. Бу масалада қизилларга қарши курашда анча тажрибага эга бўлган туркистонликлар нимагадир четга сурилгандай бўлиб қолди. Фикримизча, Анвар Пошо Шарқий Бухородаги ҳарбий кучларни Туркистондаги қўрбошилар билан бирлаштириб, ягона қўмондонлик остида фаолият юритганида, кўпроқ натижага эришиларди. Лекин шунга қарамай, Анвар Пошо Шарқий Бухорода кўрсатган жасорати, мардонавор юришлари, қаҳрамонлиги ва туркий халқларни озод этиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари учун ҳам у халқ севган қаҳрамон бўлиб қолаверди.

Шермуҳаммадбекнинг босмачилик ҳаракатини ташкил этишдаги ўрни:

Мазкур мақола асосан Шермуҳаммадбекнинг яқинлари билан ўтказилган интервьюлар асосида тайёрлангани боис, биз бу одам тўғрисида алоҳида тўхталишни лозим топдик. Шермуҳаммадбек қисқа вақт мобайнида ҳарбий, сиёсий ва давлатчилик масалаларида жуда катта ютуқларга эришди. У бошқалардан ўзининг мардлиги, ҳарбий масалалардаги қаттиққўллиги, миллий истиқлол йўлидаги кураш ҳамда Ватанини босқинчилардан озод этишда кўрсатган мардонаворлиги, жасурлиги билан ажралиб туради.

Шермуҳаммадбек қўрбоши сифатида

Ўз қарамоғида бўлган бир неча минг аскар билан ўзига қарашли ҳудудларда қизил унсурларга қарши олиб борган жангларда тобланди ва ёв учун ўта хавфли қўрбошилардан бирига айланди. У ҳарбий юришлардан олдин ҳарбий разведкаси етказган маълумотларни диққат билан ўрганиб, кейин бир қарорга келар эди. Қўрбоши сифатида ўзига тегишли барча ҳудудий қўрбошилар билан алоҳида ишлар ва зарур кўрсатмаларни бериб, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштирар эди. Ҳарбий раҳбар сифатида душманга ўта муросасиз ва қўл остидагиларга нисбатан талабчан қўмондон бўлган.

Ҳарбий саркарда-лашкарбоши сифатида

У ўзинингиқтидорлиҳарбийқўмондонэканлигиникўрсатаолди. Водийда фаолият юргизаётган 150 қўрбошининг қурултойида уни Бош лашкарбоши этиб сайлашлари водий халқи орасида унинг қанчалик катта обрўга эга эканлигини билдирарди. Ўша пайтда оз миқдорда қурол-яроғ билан тиш-тирноғигача қуролланган қизил аскарларга қарши кураш олиб боришни ташкил қилиш жуда оғир бўлган. Лекин шундай паллада турли қарашларга эга, турфа феъл-атворли қўрбошиларни бирлаштириб, уларга раҳнамолик қилиш, албатта, ўзига ишонган, барча тан олган, кўпчиликнинг ҳурматига сазовор одамнинг қўлидан келарди, холос. Туркиялик таниқли ватандошимиз Собир Сайҳон айтганидек: Шермуҳаммадбекнинг юрагида миллийлик ва миллатпарварлик кучи бўлганлиги сабабли халқ унга ишонди, орқасидан эргашди ва ҳаммага танилди.

Давлат арбоби сифатида:

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, Мустафо Чўқай ва Мадаминбеклар тузган Муваққат ҳукуматлар икки-икки ярим ой яшаган бўлса, Шермуҳаммадбек тузган “Туркистон Турк Ислом жумҳурияти” уч йилга яқин фаолият юритди. Уни давлат арбоби ва Бош қўмондон сифатида Афғонистон подшоҳи Омонуллохон, Туркистон Бирлик қўмитаси раиси Заки Валидий, Бутун Бухоро Бош қўмондони Анвар Пошо ва бошқа кўзга кўринган давлат арбоблари тан олишди. Ҳатто қизиллар бош қўмондони М.Фрунзе ҳам у билан ҳисоблашадиган бўлиб қолган эди. Ўз навбатида, Шермуҳаммадбек Туркистонлик жадидчилар билан алоқани узмай иш юритди. Заки Валидий билан ҳамкорликда Туркистон Бирлик қўмитаси режаларини босқичма-босқич фаоллаштиришда иштирок этди. Уруш бўлиб турганига қарамай, давлат қурилиши, ҳукумат ишларини бошқарди, кун сайин такомиллаштирди, янги тизимлар тузди ва ҳ.к.

Дипломатия соҳасида:

Шермуҳаммадбек ҳар бир масала юзасидан фаоллик кўрсатди. Қўшни давлатларга элчиларини жўнатди. Хорижий миссиялар билан Туркистон миллий истиқлол ҳаракатига ёрдам кўрсатиш борасида бир қатор музокаралар олиб борди. Уни ҳатто Европа давлатлари вакиллари ҳам тан олиб, бир неча бор музокаралар олиб боришади. Буюк Британиядаги ўша пайтдаги ички мураккаб вазият туфайлигина инглизлар билан олиб борилган музокаралар ниҳоясига етмай қолади.

Шермуҳаммадбек бу ишларни қаттиқ жанглар бўлаётган бир пайтда олиб борди. Умуман олганда, Шермуҳаммадбекнинг бундай ютуқларга эришиши унинг ўзидаги бор қобилияти ва истеъдоди, билмаганларини сўраб ўрганиши, атрофига зиёли, илгари ҳукумат миқёсида хизмат қилган тажрибали одамларни тўплагани, яқин дўстлари Анвар Пошо, Заки Валидий ва бошқа зиёли одамларга таяниб иш юритгани сабабли намоён бўлди.

Шермуҳаммадбек ва Нурмуҳаммадбекларнинг бугунги авлодлари. Довер, Нью-Жерси, 2005 йил.

Инсон сифатида:

Шермуҳаммадбек жуда вазмин, меҳмондўст, миллатпарвар одам бўлган. У ҳеч қачон бировни беҳуда ранжитиб, зулм ўтказмаган. Аммо ҳарбий масалаларда жуда қаттиққўл лашкарбоши бўлган. Уйдагилари ва яқин дўстлари билан ширинсўз суҳбатдош бўлиб, ҳар қандай одамни ўзига ром қилиш қобилиятига эга бўлган. Шермуҳаммадбек ўта камтарин инсон эди, ўзига зеб бермасди. Шахсан мен унинг Туркиянинг Адана шаҳридаги уйини кўриб, бунга амин бўлдим. Шермуҳаммадбекнинг фарзандлари, неваралари ва жиянлари билан суҳбатлашганимда, уларда ҳам мана шундай хусусиятлар борлигини сездим. Шунинг учун бўлса керак, барча қўрбошилар орасида Шермухаммадбек алоҳида нуфузга эга эди. Мустафо Чўқай ҳам 1928 йилда Туркистонда босмачилар ҳаракати тўғрисида ёзган катта мақоласида Шермуҳаммадбек шахси тўғрисида ҳаққоний гапларни баён қилади. У Шермуҳаммадбек барча қўрбошилар ичида советларга қарши энг муросасиз ва шафқатсиз бўлиб,  умрининг охирги дақиқаларигача ўз Ватанига содиқ ва миллатпарвар инсон бўлиб қолганлигини алоҳида таъкидлайди. Мазкур мақоладаги мана бу фикрлар айниқса қимматлидир: “…кўпгина қўрбошилар кураш охирида бир нарсани англадилар. Уларнинг фикрича, энди қизилларга нисбатан курашда ҳарбий масалада бирлик, ҳамжиҳатлик ва якка ҳукмронлик бўлишини ва ҳаммани бирлаштира оладиган ягона раҳнамо кераклигини тушундилар… Ўша пайтда бундай талабларга жавоб бергувчи ягона раҳнамо фақат Шермуҳаммадбек (Кобулда яшаётган) қўрбоши бўлиши мумкин эди…”.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки,

Шермуҳаммадбек лашкарбоши.

Шермуҳаммадбек ва бошқа фидойи қўрбошилар раҳбарлик қилган миллий озодлик ҳаракати туркистон заминида яшовчи халқларнинг ўз мустақиллигини сақлаб қолиш учyн олиб борган кураши эди. Биз юқорида Туркфронт қўмондони Михаил Фрунзенинг “босмачилик” ҳаракати ҳақида тан олиб гапирган сўзларини келтирган эдик. Унинг дўсти ва сафдоши Владимир Куйбишев эса бундай деган эди: «Босмачилик деган ҳаракатни шунчалик бандитлик дея қабул қилмоқ хато бўлади. Чунки у сиёсий бир инқилобдир». Болшевик ҳарбий раҳбарларнинг айтган сўзлари бу ҳаракатнинг моҳиятини аниқ кўрсатиб турибди. 75 йилга яқин кўплаб бегуноҳ кишиларнинг қонини тўккан, болшевизм Шўро давлати парчаланиб кетди ва коммунизмнинг миси чиқди. Марказий Осиё xaлқлари мустақилликка эришдилар. Ўзбекистон, 20 йилдирки жаҳон ҳамжамиятига аъзо бўлиб, ўз йўлини танлаб ривожланмоқда. Биз ўз тарихимизни унутмаслигимиз керак. 1920–1930- йилларда миллий озодлик ва мустақиллик йўлида ҳалок бўлган ота-боболаримизнинг руҳларини шод қилиш, миллий истиқлол ғояси атрофида бирлашганларни оқлаб, номларини халққа қайтаришимиз керак. Буни биздан давр ва шаҳид бўлганларнинг руҳи, порлоқ ҳотираси талаб қилади…

Мавлон ШУКУРЗОДА,

НьюЙорк-Истанбул-Адана-Тошкент.

Aloqador maqolalar:

Нега Кўршермат? (1-мақола)

Мадаминбекни Шермуҳаммадбек ўлдирганми? (2-мақола)

Шермуҳаммадбекнинг хориждаги ҳаёти (3-мақола)

Шермуҳаммадбек қандай инсон бўлган? (4-мақола)

Хорижлик тадқиқотчилар Шермуҳаммадбек ҳақида (5-мақола)

Собир Сайҳон: “Қўрбошилар ички дунёси ҳақида кўпроқ ёзиш керак” (6-мақола)

SHARE