Номинг улуғми, аёл?

Газета варақлайман, аёл ҳақидаги сатрларга кўзим тушади:

“Аёл дунёси гўё буюк истеъдод билан яратилган китоб, варақлаган саринг қизиғи чиқаверади. Аёл қанот, аёл-рағбат, аёл тоза ҳаво, аёл-баҳор, аёл-тўкин куздир! Аёллик бу тахт!”

Қўшни ҳовлидан бақириқ-чақириқ овозлари эшитилади:

— Ҳа, жуворнамаг бўлгур, уйимни кўйдирасиз-ку бунақада. Келин дегани ҳам шунақа бўладими? Бунақада ўғлимни топганини кўкка совурасиз-ку.

— …Ойи, ойижон, нима қилдим?

— Вой ўлиб қўяқолий бу кунларни кўргандан кўра, а шакарни нам тортиб қолибди-ку. Вой доде, кўзиз қаерда эди? Қарасангиз бўлмайдими? Нақ 5 кило шакар-а.

Қарғишлару, йиғи овози авжига чиқади. Бу овозларга 4 гўдакнинг йиғиси ҳам қўшилади. Келин кечирим сўраш билан, қайнона эса қарғаш билан банд.

—     Ўчирсин манавиларингиз овозини, ўғлимни пешонаси шўр бўлмаса шунақа хотин тушармиди?

Йиғи овозлари бироз сўнг тинади. Фақат азза-базза қайнонанинг қарғишлари эшитилиб қолади.

Газета варақлашни давом этаман:

“Заминдан қувват кетса, зироатлари заволга учрайди, деяпмиз. Яна муқаддас китобларимизда аёл “заифа”дир деб уқдиришлари бор. Бу нотавон, ночор, унга раҳм-шафқат керак дегани эмас. Балки, аёл ҳаётида инқилоб ясаши мумкин бўлган улкан куч, унинг эҳтиётини қил, дея огоҳ этилмоқда. Бир аёл камида бир авлоднинг сифатини белгилайди. Бир боши билан ўн бошнинг ғамини ейди”.

* * *

—     Ҳой, нима бало, ухлаб қолдингизми? – эшитилади девор ортидан.

—     Ё тўмтайиб хафа бўлиб уйингизга кириб кетдингизми? Ишларни қолиб кун пешин бўлди-ку, а келин деган чиқиб бундо овқат-повқат ҳозирлайди!

Келин ҳа деганда чиқавермади шекилли, эшикнинг қаттиқ очилиб ёпилгани эшитилади.

—     Вой-дод, Саломат нима қилиб қўйдингиз? Вой мангина ўлий, энди нима қиламан. Ҳой ким бор дўхтир чақиринглар. Саломат бир талай дори ичиб қўйибди…

Дарров тез ёрдам чақиришади. Тезда етиб келган докторлар келинни машинага солиб касалхона томон шошадилар. Қайнона эса: “Бу 4 норасида энди мен нима қиламан? Эй Парвадигорим, шу болаларга раҳминг келсин, тузалиб кетсин ишқилиб ўлиб қолмасин. Уволига қолиб кетаман-а”, деган овозлари эшитилади.

Мен эса 5 кило шакарни пулга чақаман. 5000 сўм, эссиз аёл-а, умринг атиги шунчалар арзонми?

Бир ҳафта сўнг тонг саҳарда қўшни ҳовлида сув сепилади, супур-сидир бошланади. Тонг ёриша бошлаганда қайнонанинг:

—     Ҳой, келин ҳалиям чой қайнамадими? – деган овози эшитилади.

* * *

Автобус. Одам кўп, радиодан “Сен ҳамиша муқаддассан, муқаддас Аёл!”, хонанда хиргойиси қўлоққа чалинади. Кўчани кузатаман. Бозор, йўл четида бир тўда аёллар. Келиб тухтаган машинанинг ёнига югурушади. Ҳайрат, аввал бу касбни эркаклар қилишарди, энди аёллар… бу аёллар тўдасида ёш қизлар ҳам, катта ёшли аёллар ҳам бор. Баъзиси базмга кетишга ҳозирлангандек, ясан тусан қилиб олган, баъзиси эса қишлоқ аёлига хос соддалик билан турибди.

—     Вой, бирам кўпайиб кетди булар, – дейди кимдир.

—     Ҳа, айтманг, аслида нима иш қилишини ҳамма билади.

—     Иш баҳона…

Қандай “айри” бир иш эканки, сўзловчининг овозида жирканиш оҳанги бор? Бекатда тушаман, орқага юриб, ўша аёллар тўдасига яқинлашаман.

—     Ҳа, синглим қандай ишчи қидираяпсиз? Ёнимга бир қанча аёллар тизилиб туришади.

—     Менга ишчи керак эмас, фақат бу ерда нимага тўпланиб турганларингга қизиқдим, холос.

—     Вой нимага тўпланардик, қишлоқда иш йўқ, пул йўқ. Шунинг учун уй-жойимизни ташлаб шу ерда юрибмиз, – дарров ўзини оқлашга тушади бири.

—     Бир сўм икки сўм топамизми, деб юрибмиз. Сизга яхши шаҳарда турасиз, бу ерда “любой” ишдан пул қилса бўлади, – дея сўзга аралашади иккинчи аёл. Ҳайрон бўламан, шунча пулга бой шаҳарда юрган эканману, шуни билмаган эканман-а.

Худдики ҳамма пулларни ўзимга олиб, уларни пулсиз қолдиргандек қарашади. Ўзимни бироз айбдордек ҳис қиламан, бунга аёлларга нисбатан ачиниш ҳам қўшилади.

—     Фарзандларингиз борми? – суроққа тутаман тўда ичидаги бир аёлни.

—     Ҳа, 4 фарзандим бор.

—     Ҳозир улар қаерда?

—     Қишлоқда.

—     Ким қарайди уларга.?

—     Ўзларини ташлаб келганман. Қариндош уруғлар кўз қўлоқ бўлиб туришади.

—     Эрингиз йўқми?

—     Бор, лекин Россияга ишлагани кетган.

—     Бу ерда айрича бир иш қилишади деб эшитгандим, тўғрими шу?

—     Ҳа, баъзи аёлларлар шунақа ёмон ишлар ҳам қилашади. Аммо мен эмас, – лекин аёл бу сўзларни айтар экан кўзларини яширади.

Яна бир иккитаси билан сўзлашаманда, улар олдидан узоқлашаман. Бекатга ўтганимда мени кузатиб турган бир онахон ёнимга келади, бироз суҳбатлашамиз.

—     Эх, болам, пул йўқ бўлса нима қилай деб ўзига баҳона қилади холос. Мана уруш замонларида ўша пайт ҳам тузук-қуруқ пул йўқ эди. Одамлар бир коса ун учун ишлашарди. Ҳалигидай “бир майизни 40 бўлиб еган”миз. Лекин ҳеч бир аёл мана шундай қилиб кўчага чиқиб пул топаман деган эмас. Бир эркакка қўл бериб сўрашсанг уят бўларди, буларни туришини қара. Яна уялмасдан етти ёт бегона киши билан мошинага ўтиради-да, бемалол кетаверади.

Ризқни берган Аллоҳ, тўкин-сочин ер бўлса, пaмилдори эк, буғдой эк, очингдан ўлмайсан. Сув бўлса бор, ер бўлса бор. Мол, қўй боқ, гўшт бўлади. Болаларингга тарбия бер. Аслида ҳамма гап мана шу аёлларнинг дангасалигида! Бу ерга келсаю, бировдан тезгина бир-икки минг сўм топсаю, кейин таралла бедод қилиб юрса. Топганини гаштагу, тўйда сочиб мақтанса. Эй замон ўзгарди, аёлларда қаноат-сабр деган нарсалар камайиб кетди.

Онахон сўзларини тугатиб келган автобусга чиқиб кетдилар. Мен эса бу “айри”ча ишчиларга узоқ тикилиб турдим. Энди уларга ачиниш билан эмас ижирғаниш билан боқардим. Ҳақиқатан ҳам ёнига келган эркаклар билан худди “бирга ош еган ошна”сидек гаплашишарди. Ҳа, аёл имондан узоқлашибсан, деб ўйлаб қўяман. Автобусга чиқар эканман, радиода яна “Сен ҳамиша муқаддассан, муқаддас Аёл!” куйи таралади. Ҳаёлимда шу сўзлар чарх уради: “Эҳ, Аёл, Исломдан узоқлашган, ўз қадрини кундан кун йўқотиб бораётган  Аёл, номинг улуғу, аммо…

Мадина ЗАРИФ

SHARE