Республикачилар ноқонуний иммигрантлар душманими?

Жорий йилда АҚШда бўлиб ўтадиган президентлик сайлови мамлакат фуқаролари учун ҳам, сиёсатчилар учун принципиал аҳамиятга эга. Чунки бу сайловларда нафақат номзодлар, балки тарафлар мамлакат учун энг муҳим масалалар юзасидан ўз позицияларини илгари суришади. Мисол учун, иммиграция масаласида демократлар бирмунча енгилроқ сиёсат юритишни ваъда қилишса, республикачилар қатъий чоралар кўриш тарафдори бўлиб келишган. Демократик партиянинг бу борадаги қарашларини Барак Обама сайловолди кампанияси мисолида кўриб чиққан эдик.
Республикачилар партиясида президентликка номзод кўрсатиш бўйича партия тарафдорлари ичида овоз бериш жараёнлари шу кунларда қизғин паллага кирди. Биз республикачилар партиясидан президентлик сайловида қатнашиш партия праймеризда қатнашган ва қатнашаётган саккиз нафар номзоднинг иммиграция масаласига муносабатини ўрганиб кўрдик.

Митт Ромни

Ҳозирча республикачилардан мамлакат президентлигига номзод бўлиш эҳтимоли юқори бўлган Митт Ромни Массачусетс штатига губернаторлик қилган йилларида партиядошларидан иммиграция масаласида жиддий танқидга учраган эди. Чунончи, у ноқонуний иммигрантлар ишлайдиган пудрат-компанияларни ёллаганликда, қолаверса, ноқонуний ишчиларга тиббий ёрдам кўрсатишга кўрсатма берганликда айбланади. Аммо Ромни буларнинг барчасини инкор қилиб келади. “Мен губернаторлик пайтимда ноқонуний иммигрантларга ҳайдовчилик гувоҳномасини беришга, АҚШга ўқиш учун келиб, вақтинча ўқишни тўхтатиб туришларига қарши бўлганман”, деган эди у кейинчалик.
У президентлик сайлови бўйича олиб бораётган кампанияси давомида АҚШ — Мексика чегарасида ноқонуний иммигрантларга қарши курашиш мақсадида девор қуриш ғояни қўллаб-қувватлади, “DREAM” қонун лойиҳасига қаршилик кўрсатди. У, шунингдек, АҚШга ноқонуний келганларга яшаш ҳуқуқини қонунийлаштиришга ҳам кўнмаслигини билдирди. Ромни штатлар иммиграция бўйича ўз қонунчилигини ишлаб чиқишини қўллаб-қувватлаб, АҚШ малакали ва олий маълумотларни жалб қилиш йўлидан бориши керак, деб ҳисоблайди.

Рон Пол

Республикачиларнинг яна бир вакили — конгрессмен Рон Пол иммигрантларнинг АҚШ чегараларини ноқоний кесиб ўтиши билан боғлиқ муаммоларни жўн йўл билан ҳал қилиш тарафдори: АҚШнинг Афғонистон ва Ироқдаги қўшинларини АҚШ — Мексика чегараси бўйлаб жойлаштириш керак. “Чегарасиз давлат давлат эмас, ўз чегараларини очиқ қўйиб, ташқарида террористларга қарши кураш олиб бориш мантиқсиздир”, дейди у, жумладан.
У АҚШ ҳукумати томонидан илгари сурилган иш берувчиларга умуммиллий маълумотлар базаси орқали ўз ходимларининг иммиграция мақомини текшириш ҳуқуқини беришга оид қонунга қаршилик кўрсатди. У ноқонуний иммиграцияга қарши курашишга бизнес жалб қилинмаслиги керак, деб ҳисоблайди. “Агар ноқонуний иммигрант мамлакатимизга келсаю черков унга ётарга жой, овқат берадиган бўлса, черковни айблай олмаймиз”, дея исботлайди ўз қарашларини Рон Пол.

Жон Хантсман

Республикачилардан президентликка номзод бўлиш пойгасидан чиқиб кетган Юта штатининг собиқ губернатори Жон Хантсман иммиграция масаласида анча босиқ. Унинг иммиграция бўйича энг баҳсли ғояларидан бири нолегал иммигрантларга ҳайдовчилик гувоҳномасиз ҳам Ютада автомобиль бошқариш ҳуқуқини берадиган махсус карточкаларидир.
Эътиборли жиҳати, у DREAM қонуни лойиҳасини қўллаб-қувватлайди. Ютада, айтишларича, шунга ўхшаш қонун амал қилади. Жон Ханстман нолегал иммигрантлар фарзандлари ўқиши керак, деб ҳисоблайди. “Мен болаларни уларнинг ота-оналари қилган гуноҳ учун жазоламоқчи эмасман”, деган эди у CNNга берган интервьюларидан бирида.
Жон Хантсман АҚШ — Мексика чегараси мустаҳкамланиши тарафдори бўлса-да, бунинг учун девор қуриш унга ёқмаслигини қайд этади. У 11 миллион нафардан ортиқ ноқонуний иммигрантларни оммавий чиқариб юборишнинг умуман иложи йўқ, деб ҳисоблайди. У штатлар томонидан алоҳида иммиграцияга оид қонунлар қабул қилинишига қарши бўлиб, “федерал ҳукуматга ишончни мустаҳкамлаш керак”, деган фикрни илгари сурган эди.

Ньют Гингрич

Собиқ АҚШ парламенти қуйи палатаси спикери Ньют Гингрич АҚШ ва Мексика чегараси ўртасида девор қуриш ғоясини илгари сурмаётган камдан-кам республикачилардан бири. У мамлакатда узоқ йиллар давомида яшаётган ноқонуний иммигрантларга яшаш ҳуқуқини бериш тарафдори. Энг муҳими, у ноқонуний иммигрантларни депортация қилишга ҳам, уларга фуқароликни беришга ҳам қарши. Унинг фикрича, АҚШда камида 25 йил яшаган нолегал иммигрантлар мамлакатдан чиқариб юборилмаслиги керак.
Гингрич “DREAM” қонун лойиҳасининг айрим жиҳатларини қўллаб-қувватлади. У ноқонуний иммигрантлар фарзандлари давлат томонидан молиялаштириладиган таълим муассасаларида билим олиши ҳамда хоҳловчи нолегал иммигрантлар армияда хизмат қилиши ва шу орқали фуқароликка интилишини мақбул йўл, деб ҳисоблайди. Унинг қайд этишича, иммиграция мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришнинг муҳим шартларидан биридир.

Рик Санторум

Сенатор Рик Санторум барча ноқонуний иммигрантлар жиноятчилардир, деб ҳисоблайди. Чунки, унинг фикрича, нолегал иммигрантларнинг АҚШда ноқонуний равишда бўлишининг ўзи жиноятдир. Санторумнинг қайд этишича, Ньют Гингричнинг кўп йиллар давомида АҚШда яшаётган ноқонуний иммигрантларни афв этиб, уларга яшаш ҳуқуқини бериш таклифи нолегал иммигрантларнинг янада кўпайишига хизмат қилади.
Санторум агар шахс тегишли ҳужжатларга эга бўлмаса, ишга қабул қилинмаслиги керак, деб таъкидлайди. “Агар биз қонунни ишга солсак, кўплаб нолегал иммигрантлар мамлакатни тарк этади”.
Рик Санторум АҚШ — Мексика чегарасида девор қуришни, чегараларда юқори технологияларни татбиқ этишни қўллаб-қувватлайди. У малакали ва олий маълумотли иммигрантлар учун виза беришни кўпайтириш тарафдори. “DREAM” қонун лойиҳасига ўз қаршилигини билдириб, солиқ тўловчилар пулини нолегаллар фарзандлари таълими учун сарфлаш нотўғридир, деб ҳисоблайди.

Рик Перри

Техас губернатори Рик Перри бошқа республикачи номзодлардан кўра иммиграция масаласида энг кўп танқид қилинганлардан ҳисобланади. Кўпчилик унинг “DREAM” қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаганидан норозидир. 2001 йилда Техас штатида шунга ўхшаш қонун қабул қилинган бўлиб, унга кўра, ноқонуний иммигрантлар фарзандлари ҳам ўқиши кафолатланади.
2011 йилда у Техасда ҳуқуқ-тартибот идораларига иммигрантлардан уларнинг ҳуқуқий мақомини сўраши мумкинлигини берувчи қонунни жорий этди. Бу штатдаги испан тилида сўзлашувчи аҳолининг жиддий норозилигига сабаб бўлди. Рик Перри АҚШ — Мексика чегарасида девор қуриш ғоясига қарши чиқиб, уни “ғирт жиннилик” деб атаган эди.

Мишель Бахман

Республикачилардан президентликка яна бир номзод Мишель Бахман хонимнинг иммиграция масаласидаги қарашлари ўта консервативдир. У Мексика билан чегарани девор билан қуршаб олиш, барча ноқонуний иммигрантларни, шунингек, ўз иммиграция қонунларини ёзган қонун чиқарувчиларни мамлакатдан чиқариб юбориш кераклигини таъкидлаган. У “DREAM” қонун лойиҳасига ва бошқа бир қатор иммиграция ташаббусларига қарши чиққан.
Бахман хоним ҳатто Конституцияда қайд этилган АҚШда туғилган ҳар бир бола ота-онаси қандай келганлиги ёки уларнинг бу мамлакатда ноқонуний бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар АҚШ фуқароси бўлиши ҳақидаги моддасига ҳам қарши бўлиб, уни ўзгартириш керак, деб ҳисоблайди.
Мишель Бахман штатлар томонидан ишлаб чиқилган алоҳида иммиграцияга оид қонунларни қўллаб-қувватлаб, Оқ уй ва Конгресс федерал давлат обрўсига доғ туширганини қайд этган.

Герман Кейн

Республикачилар партиясидан президентликка номзодини қўймоқчи бўлган, ўзининг жинсий муносабатлари билан боғлиқ можаролар туфайли пойгадан чиқиб кетган, “Ўзбекистон” сўзини тўғри талаффуз қилолмаган Герман Кейнда ҳам иммиграцияга оид бир қатор ташаббуслар бор эди.
У Мексика билан чегарада электрлаштирилган тўсиқлар барпо этиш керак, дейди интервьюларидан бирида. “Буюк Хитой девори ҳақида эшитганлар борми?”, деб сўрайди у Айовада ўз тарафдорлари билан учрашувда. “Бу девор анча баланд ва мустаҳкамга ўхшайди. Агар биз хоҳласак, худди шундай девор барпо этишимиз мумкин. Ахир ойга одам юборганмиз, девор қуриш нима бўлибди!?”
Герман Кейн мабодо президент бўлиб сайланса, АҚШ қуролли кучлари чегарани қўриқлашга жалб этилишини қайд этади. “Ҳақиқий қурол ва ҳақиқий ўқ” чегарани кесиб ўтмоқчи бўлганлар учун жиддий муаммога айланади, дейди у.