Машҳур боксчи Муҳаммад Али Ўзбекистонда бўлганми?

Бокс тарихида энг буюк боксчи дея таърифланувчи Муҳаммад Али

70 ёшга тўлди.

Муҳаммад Али 1964-1966, 1974-1978 йилларда оғир вазнда мутлақ жаҳон чемпиони; 1974-1978 йилларда WBC (Жаҳон бокс кенгаши) версияси бўйича; 1967, 1974-1978, 1978 йилларда эса WBA(Жаҳон бокс ташкилоти) версияси бўйича оғир вазнда жаҳон чемпиони бўлган. Ўта оғир тоифадаги боксчилар орасида уч карра жаҳон чемпиони.

1955 йил. Кассиус Клей (Муҳаммад Али)

Муҳаммад Али нафақат рингда ном чиқарди.  У Въетнам урушига қарши қарашлари ва Ислом дини даъватчиси сифатида ҳам дунёга танилган. АҚШ собиқ президенти Билл Клинтоннинг айтишича, Муҳаммад Алининг маҳорати, ҳаётдаги қатъияти ва жозибаси боксни жаҳонга машҳур қилишда катта хизмат қилди… Асли исми Кассиус Марцеллус Клей (Cassius Marcellus Clay) бўлган спортчи 1942 йилда Кентукки штатининг Луисвилль шаҳрида туғилган.

Бокс оламига қўйилган биринчи қадам

Муҳаммад Али катта боксга келишига бир кичик воқеа сабаб бўлганини таъкидлайди. У бокс билан болалигида велосипедини ўғирлатиб қўйгандан кейин шуғуллана бошлаган. Ўшанда у полиция идорасига келиб, ўғрини топиб беришларини ва унинг таъзири бериш ниятида эканлигини айтади. Бир пайтнинг ўзида маҳаллий бокс клубида мураббий бўлиб ҳам ишлайдиган полициячи эса шундай дейди: «Бирортанинг таъзирини беришдан олдин буни ўрганиш керак».

Эртасигаёқ Клей бокс машғулотларига келади. Мактабда ўқиб юрган пайтларида бўлғуси чемпион фақат икки марта муштлашган, холос. Биринчиси, у дўстлари билан клубда ўтирганида, икки йигит келиб тихирлик қилади. Улардан бирини Клей бир зарбдаёқ нокаут қилади, иккинчиси эса ўша заҳоти жуфтакни ростлаб қолади. Иккинчиси у Олимпиадага тайёрланаётган маҳал рўй беради. Эрталаблари югурганида эркаклар кўп йиғиладиган бар ёнидан ўтарди. Бир одамга Клейнинг «Мен чемпион бўламан» деган гапни такрорлаб югуриши ёқмайди… У пайт пойлаб Клейнинг юзига мушт туширади. Боксчи ўзини йўқотиб қўймайди ва рақибига кетма-кет зарбалар ёғдиради. Эртасига ва кейинги кунларда ўша одам уни, энди  -«Салом, чемпион!» деб қаршилайди…

Муҳаммад Алининг ҳаёт йўли:

Биринчи олтин медаль

Муҳаммад Али 16 ёшга тўлганда ўша даврнинг машҳур бокс мутаxассиси Анджело Дандига телефон орқали мурожаат қилиб, бўлажак чемпионга мурабийлик қилишни қўрқмасдан сўрайди. Унинг яқинлари эса бундан ҳеч нарса чиқмаслигини унга уқтиришади. Лекин, ҳали ҳеч кимга номаълум, оддий камбағал оиласидан чиққан, келишган, кучли, метин тезликка эга Муҳаммад Али Дандиго бир кўринишдаёқ ёқиб қолади. Шундай қилиб у катта боксга шиддат билан кира бошлайди. Кучли зарбаларга эга Кассиус Клейнинг  дебюти 1960 йили бўлиб ўтди. Шу йили у 18 ёшида илк бор XVII ёзги Олимпия ўйинлари олтин медалини қўлга киритади. Ўша йилнинг кузида у ўзини профессионал рингда ҳам синаб кўради.

Рим, 1960 йил. Кассиус Клейнинг (Муҳаммад Али) XVII ёзги Олимпия ўйинларида қўлга киритган илк олтин медали.

 Профессионал рингдаги жанглари

Муҳаммад Али ўта оғир тоифадаги (оғирлиги 100 кг ва бўйи 192см.) боксчи бўлиб профессионал рингда жами 61 жанг ўтказиб, уларнинг 56 тасида ғалаба қозонди. Унинг ҳаваскор рингдаги кўрсаткичи ҳам профессионал рингдагисидан қолишмайди: 100 ғалаба ва беш мағлубият. Муҳаммад Али профессионал рингда машҳур боксчилар Ламар Кларк, Сони Листон, Жо Фрейзер, Жорж Форман, Кен Нортонларнинг устидан ғалаба қозонган. У тезкор суръати, импровизацияси ва айни пайтда чуқур ўйлаган ҳолда ҳаракат қилиши билан ажралиб турарди. У боксга омманинг қизиқишини жалб эта оларди.

 Кассиус Клейнинг профессионал боксдаги дебюти 1961 йили бошланган.

Катта бокс сари олға!

1961 йил. Апрел ойида у рақибларини нокаут йўли билан мағлубиятга учратадиган жаҳоннинг энг кучли ва машҳур профессионал боксчиси Ламар Кларк билан жанг майдонига тушади. Иккинчи раунднинг бошидаёқ Кассиус Клей Кларкни нокаут холатига тушириб, мағлуб этади.

1962 йил. Феврал ойида Кассиус Клей кўпчиликка ҳали унча маълум бўлмаган  Сонни Бэнкс билан рингга чиқади. Биринчи раунддаёқ Клей ҳаётида биринчи бор нокдаун холатига тушиб қолади… (20 йил ичида шундай эпизодлар 4 бора бўлади.). Лекин иккинчи раундда Клей ўз рақибини нокдаун қилиб, тўртинчи раундда эса Бэнксни нокаут қилиб мағлуб этади.  Май ойида Кассиус Клей   Билли Дэниелс билан беллашиб уни 7- раундда техник нокаут билан ютади. Июл ойида Кассиус Клей афсонавий чемпион Арчи Мурага қарши рингга чиқади. Жаҳонга машҳур боксчи Мур тўртинчи раунддаёқ ёш Клей томонидан нокаут қилинади.

1963 йил.  Март ойида “Ринг” журналининг версиясига мувофиқ “йил жанги” ўтказилади. Унда Кассиус Клей машҳур боксчи Даг Джонсга қарши рингга чиқади. Жуда ҳам қизиқали жангда ҳакамлар Клейни ғолиб деб топадилар.  Июн ойида Клей Англияда таниқли боксчи Генри Куперга қарши жангга чиқади. Жуда ҳам машаққатли ва оғир жангда Клей ғалабага эришади.

1964 йил. Феврал ойида Кассиус Клей жаҳоннинг энг кучли бокс профессионали Сонни Листонга қарши жангга чиқиб ғалабага эришади. Мазкур жангдан сўнг Кассиус Клей афроамерикаликларнинг “Ислом миллати” ( Nation of Islam) диний ташкилотига аъзо бўлиб, исмини Муҳаммад Али деб ўзгартиради.

1965 йил. Май ойида Сонни Листоннинг қистови билан Муҳаммад Али яна бир бор унга қарши рингга чиқади ва 1-раунднинг 2-минутида уни нокдаун холатига тушириб ғалабага эришади.

Ноябр ойида Али яна бир собиқ чемпион Флойд Паттерсонга қарши жангга тушади. 12- раундда Муҳаммад Али техник нокаут билан ғалаба қозонади.

1966 йил. Али Канадага бориб, у ерда “чўянкалла” лақабли таниқли боксчи Жорж Шувало билан рингда учрашиб, очколар ҳисобида ғалабага эришади. Май ойида Али яна бир бор Англияга бориб,  у ерда иккинчи бор Генри Куперга қарши майдонга чиқади. Ўша жангда Али техник ғалабага эришади. Ўша даврда Муҳаммад Али таниқли боксчилар Брайн Лондон, Карл Милденбергер, Кливленд Уильямс, Эрни Террел ва Зоры Фоулиларга қарши рингга чиқиб, барчасини мағлубиятга учратади.

Муҳаммад Алини боксдан четлаштирилиши

1967. 1967 йили Муҳаммад Али АҚШ армиясига чақиртирилиб, Въетнамдаги урушга жўнатилиши керак эди. Ўз этиқодига содиқ туриб у армия ҳизматидан бош тортади. Шундан сўнг Муҳаммад Али барча титуллардан ҳамда уч йилгача бокс билан шуғулланишидан маҳрум қилинади.

1970 йил. Муҳуммад Али яна катта боксга қайтади. Унинг биринчи раҳиби таниқли боксчи Оскар Наталио Бонавена бўлади. Жангдан олдин Бонавена Алини армияда ҳизмат қилишдан бош тортгани учун уни қўрқоқликда айблайди. Али эса Бонавенaни 15- раундда нокаутга учратиб соф ғалабага эришади.

WBC (Жаҳон бокс кенгаши) ва WBA (Жаҳон бокс ташкилоти) ташкил қилиниши

Муҳаммад Али боксдан четлаштирилгандан сўнг “Ринг” журнали жаҳоннинг энг кучли боксчисини танлаш мақсадида 8 та энг кучли боксчилар орасида кичик чемпионат ўтказмоқчи бўлади. Лекин бокс мутассадилари ўзаро келиша олмаганликлари туфайли чемпионлик титулини берувчи 2та  — WBC ва WBA ташкилотлари ташкил топади. 1971 йили бу титулларга жаҳонга машҳур Жо Фрезер эгалик қилар эди.

Биринчи мағлубият

1971 йил. Муҳаммад Али ва Жо Фрезер ўртасидаги тарихий жанг. Муҳаммад Алининг илк мағлубияти. 15-раунда Жо Фрезер ғалабага эришади.

1971 йил. Март ойида Али ринга ҳали мағлубият аламини бирор марта чекмаган, кучли рақиб, машҳур чемпион Жо Фрезерга қарши чиқади. Оғир вазнликлар тарихида биринчи бор рингда собиқ ва ҳаракатдаги чемпион учрашадиган бўлди. Муросасиз ўтган жангда Фрезер 15-раундда  Муҳаммад Алини чиройли нокдаун билан мағлубиятга учратади. Али биринчи бор мағлубият аламини чекади… “Ринг” журнали версиясига кўра, мазкур жанг “йил жанги” статусини олади. Мағлубиятдан тўғри хулосалар чиқариб, Али ўз изланишларини давом эттиради. Шундан сўнг Али ҳали унча номи чиқмаган боксчилар билан бир неча жанглар олиб бориб, қатор ғалабаларга эришади. Май ойида Али Канадада яна бир бор Жорж Шувало билан учрашиб ғалабага эришади. Июн ойида эса Али жуда ҳам агрессив ва кучли рақиб Жерри Квари билан учрашиб уни 7- раундда нокаутга учратиб, ғалабага эришади. Июл ойида WBA версияси бўйича собиқ чемпион Жимми Эллис устидан ғалаба қозонади.

1972 йил. Сентябр ойида Муҳаммад Али иккинчи бор Флойд Паттерсон билан жанг майдонида учрашиб яна бир бор ғалабага эришади. Бу Флойд Паттерсон учун сўнгги жанг бўлиб қолади. Ноябр ойида Али машҳур боксчи Боб Фостерни нокаутга учратиб соф ғалабани қўлга киритади.

Иккинчи мағлубият

1973 йил. Феврал ойида Али таниқли боксчи Жо Багнерни мағлубиятга учратади. Март ойида Алини жиддий синовлар пойлар эди. У донгдор боксчи Кен Нортон билан учрашади.  Кен Нортон тактик томондан Муҳаммад Алига ўхшаб кетар эди. Жангда Алининг жағи қаттиқ шикастланади. Лекин у жангни давом эттиради. 12 раунд тамом бўлганидан сўнг ҳакамлар очколар эвазига ғалабани Кен Нортонга берадилар. Шундай қилиб Али иккинчи бор мағлубият аламини чекади. Сентябр ойида Али ва Кен Нортон ўртасида “матч-реванш” ўтказилади, унда Муҳаммад Али ғалаба қозонади.

“Жунглидаги муштлашув”(Rumble in jungle)

1974 йил. Январ ойида Муҳаммад Али Жо Фрезерга қарши иккинчи бор рингга чиқади. Фрезер мазкур жангга қадар Жорж Форманга мағлуб бўлиб ўз титулидан маҳрум бўлган эди. Муросасиз бўлиб ўтган жангда Муҳаммад Али муҳим ғалабани қўлга киритади.  Октябр ойида Муҳаммад Али мағлубият аламини чекмаган, ундан ёшроқ, кучли боксчи, ҳаракатдаги чемпион Жорж Форманга қарши рингга чиқади.  Бошида Форман кучли зарбалари билан Алини анча шошириб қўяди. Аммо, 8-раундга келиб у анча ёш бўлганлиги сабабли анча кучини олдириб қўяди, шунда Муҳаммад Али ҳужумга ўтиб уни нокаут қилиб ғалабага эришади. Шундай қилиб Али иккинчи бор чемпионликни қўлга киритади. Бу жанг “Ринг” журнали версиясига кўра «Жунглидаги муштлашув” (Rumble in jungle) йилнинг жанги  статусини эгаллайди.

1975 йил. Муҳаммад Али америкаликларнинг “Ислом миллати” ташкилотидан чиқиб, тўлиқ Ислом динини қабул қилади. Март ойида Али унчалик номи чиқмаган Чак Вепнер билан тўқнашади. Жанговор холатда Вепнер 9-раундда Алини флеш-нокдаун холатига келтиради…. Фақат шундан кейингина Али қарши ҳужумга ўтиб, қийинчилик билан 12- раундда ғалабага эришади.  Ундан сўнг Али бирин-кетин Рон Лайл ва иккинчи бор Жо Багнерни мағлубиятга учратади.

Жо Фрезер устидан қозонилган муҳим ғалаба

1975 йилнинг сентябрида Муҳаммад Али  вa Жо Фрезер ўртасида 3-бор жанг ўтказилди. Жанг бошидан тамом бўлгунга қадар муросасиз ва драматик кечди. Ташқаридаги ҳарорат +30 градусдан ошган, жанг майдонидаги ҳарорат унданда баланд бўлган эди. Фақат 14-раунддагина Муҳаммад Али устунликка эришиб, жуда муҳим ғалабани қўлга киритди. Мазкур жангдан сўнг Муҳаммад Али Жо Фрезерни ўзидан сўнг жаҳоннинг энг кучли боксчи деб таъкидлади. “Ринг” журналининг версиясига кўра, мазкур жанг тарихда «Маниладаги триллер (Trilla in Manila)» номи билан  «йил жанги»  статусини  қўлга киритди.

1976 йил. Муҳаммад Али  Жан-Пьер Купман, Жимми Янг ва Ричард Данн устидан қатор ғалабаларга эришиб, ўз титулини сақлай олди. Сентябр ойида Али 3-бор Кен Нортонга қарши майдонга тушиб яна ғалабага эришди.

1977 йили. Муҳаммад Али Альфредо Евангелист ва кучли рақиб саналмиш Эрни Шейверсга қарши жанга чиқиб  ғалабага эришади.

Сўнгги жанг ва учинчи мағлубият…

1978 йили. Муҳаммад Али боксдан кетишни режалаштирган эди. Охирги жанг учун 1976 йилдаги Олимпия чемпиони, унгача бор йўғи 7та катта жангларда иштирок этган ёш Леон Спинкс танланади. Олдинига Муҳаммад Али уни назарига ҳам олмайди… Жанг февраль ойида бўлиб ўтади. 15 раунд давом этган мазкур жанг натижасига кўра ҳакамлар очколар ҳисобида Спинксни ғолиб деб топадилар.. Бу Алининг учинчи мағлубияти эди. Бунга чидай олмаган Али Спинксни реванш жангига чақиради. Спинкс WBC қаршилигига қарамай Алинигг таклифини қабул этади. Сентябрда бўлиб ўтган жангда Али ўз рақиби устидан соф ғалабага эришиб, 3- бор чемпионликни сақлаб қолади. Шундан сўнг Муҳаммад Али катта боксдан кетишини эълон қилади.

1980 йил. Аммо унинг молиявий шароити яна катта боксга қайтишига мажбур қилади. 2 октябр куни, Али 30 ёшли, кучли боксчилардан бири Ларри Холмсга қарши майдонга чиқади. 38 ёшли Али ўзидан анча ёш бўлган Холмсга қаршилик қила олмайди. 10-раундда  Алининг устози Анджело Данди Муҳаммад Алини рингга қўймай мазкур ўйинни тўхтатади.

1981 йил. Декабр ойида Муҳаммад Али ўзининг сўнги жангини 26 ёшли Тревор Бербик билан ўтказади. 10-раунд тугаганидан сўнг ҳакамлар Тревор Бербикни ғолиб деб топадилар. Шундан сўнг Муҳаммад Али бошқа рингга қайтмайди.

Муҳаммад Али Самарқандда

 Муҳаммад Али ва Ўзбекистон

1978 йили Муҳаммад Али мамлакатимизга ташриф буюради. Ташриф чоғида машҳур боксчи Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб, тарихий обидалар ва ўзбек халқининг ҳаёти билан яқиндан танишади. Ўшанда Муҳаммад Али Тошкент ва Самарқанддаги катта масжидларда ўзбек мусулмонлари билан бирга нaмозларда иштирок этади, аждодларимизнинг ислом динини ривожлантиришига қўшган ҳиссалари ҳақида ўз xотираларида эслайди.

 Унинг инсоний фазилатлари

Муҳаммад Али рингда ўзининг ниҳоятда чаққонлиги, зарбаларининг оғирлиги ва тезлиги билан танилган бўлса, рингдан ташқарида сўзга чечанлиги билан миллионлаб инсонларни лол қолдирган. 1981 йилда боксдан кетганидан буён Муҳаммад Али ҳаётини хайрия ишларига бағишлади. Паркинсон касали ҳам уни фаол бўлишдан тўхтатиб қололгани йўқ. У 1996 йилда Американинг Атланта шаҳрида бўлиб ўтган Олимпия Ўйинларини очиб берди. Муҳаммад Али уч марта турмуш қурган. Унинг саккиз фарзанди бор. Муҳаммад Али ўзининг 70 ёшини ўзи туғилиб ўсган Люисвил шаҳрида нишонлади.

2004 йилнинг 2 декабрида Манхетеннинг йирик Barnes and Noble китоб магазинида ўз ҳаёти ва кўзқарашлари ҳақида ҳикоя қилувчи Муҳаммад Али ва унинг қизи Хана Ясмин Али томонидан тайёрланган “Капалак руҳи” ‘(Soul Of A Butterfly’) номли китоб тақдимоти бўлиб ўтaди.

Муҳаммад Али ва унинг қизи Хана Ясмин Али, Нью-Йорк, 2004 йил.

Муҳаммад Алининг “Капалак руҳи” китобидан:

Бутун умрим давомида синовларга тутилдим.

Иродам, жасоратим ва қувватим синалди.

Ҳозир эса сабрим ва бардошим синалмоқда.

Йўлнинг ҳар қадамида Аллоҳнинг мен билан бирга эканига ишонаман”

Муҳаммад Али.

Одамлар мендан доимо боксдан кетгач нима иш билан шуғулланишим ҳақида сўрашарди. Мен доимо бир хил жавоб қайтарардим: “Ҳақиқий Муҳаммад Алини ҳали кўрганингиз йўқ”. Ҳақиқий ҳаёт йўлим боксдан кетганимдан кейин бошланди. Муштлашиб юрган пайтларимда мушакларимни келиштирган бўлсам, спортдан кетгач маънавий юксалишга эътибор қаратдим. Дунёга назар ташлар эканман, мен кўплаб инсонларнинг гўзал ва ҳашаматли уйлар барпо этишгани, аммо вайроналар ичида яшашларини кўраман. Биз аксар вақтимизни яшашга эмас, балки яхши яшашни ўрганишга сарфлаймиз. Мен сиз билан улашишга умид қилганим – ҳаётим давомида шаклланган эътиқодимдир.

Менга маънавий озуқа берган ва руҳлантирган фалсафалар, ўгитлар ва идеалларнинг кўпини Исломни ўрганиш жараёнида олдим. Орттирган билимимни ҳозирга қадар оилам ва дўстларим билан баҳам кўрган булсам, энди уларни дунёга тақдим этмоқчиман. Йиллар давомида менинг диним ўзгарди, эътиқодим шаклланди. Дин ва эътиқод бир-биридан жуда фарқ қилади, аммо одамлар кўп ҳолларда уларни қориштириб юборишади. Баъзи нарсаларни ўргатиш мумкин эмас, улар қалбда уйгонади. Эътиқод – қалбдаги илоҳий нурни эътироф этишдир. У алоҳида бир динга эмас, барчага таалуқли.

Одамлар мендан ҳалиям эътиқодинг устида ишлаяпсанми, деб сўрашади. Ҳақиқат шуки, мен ўз эътиқодим борасида эрталабдан кечгача гапиришим мумкин, чунки Аллоҳга бўлган эътиқодим ҳаётимдаги барча нарсадан устунроқдир. Агар дунёда мавжуд уқёнуслар сиёҳ ва барча дарахтлар қалам бўлсайди, шунда ҳам, улар Аллоҳнинг илмини ёзиб битказа олишмасди. Аллоҳнинг шундайин қудрат эгаси экани мени забун ушлаб туради. Аллоҳни таниганим ва Исломни ўрганганим сайин ўзимнинг қанчалар кам нарсани билишимни ҳис қиламан. Мен ҳалиям билим олаяпман ва ҳалиям ўрганаяпман, зеро ҳаётда Аллоҳ учун ишлашдан улуғроқ ҳеч нарса йўқдир.

Буюк одамлар ўзлари учун буюк бўлишни ҳеч қачон исташмаган. Улар бошқаларга яхшилик қилиш ва Аллоҳга яқин бўлишни орзу қилганлар. Мен нуқсонсиз эмасман, ҳалиям ўзимда ўзгартиришим керак бўлган жиҳатларнинг борлигини яхши биламан. Баъзан ўз амалларимдан, айниқса, бировнинг кўнглини оғритган бўлсам, қаттик уяламан. Аллоҳдан мени кечиришни сўрайман.  Қаерга бормай, мени ҳамма танийди ва исмимни билади. Одамлар мени яхши кўришади ва менга ҳайрат билан қарашади. Бу – бир банда учун бериладиган улкан обрў ва эътибор. Демак, менинг зиммамга оз обрўйимдан тўғри фойдаланиш масъулияти юкланган. Шунинг учун, ирқи, дини ва мақомидан қатъи назар, ҳар бир одамга яхши муносабатда бўлишга ҳаракат қиламан. Ҳарчанд баъзи инсонлар бошқалардан ўзларини устунроқ ва муҳимрок санасалар-да, Аллоҳнинг наздида барча баробар. Ул Зот учун муҳими қалбимиздан нималар кечаётгани ва амалларимиздир.

Муҳаммад Али ва унинг қизи Лейла Али

Одамлар мен боксчи эканман жуда кўп пулни қўлдан чиқариб юборганимни айтишади. Улар қандай қилиб баъзи одамларнинг мендан фойдаланиб қолишгани, мендан ўғирлашгани, мен эса бунга қўл силтаб қўяверганим ҳақида ёзишади. Инсонлар мени алдашаётганини билсам ҳам, мен учун муҳими ўзимни қандай тутишимдир. Чунки Аллоҳ олдида жавоб беришим бор. Мен ўзгалар амали учун масъул бўлолмайман: Аллоҳга уларнинг ўзлари жавоб беришади.  Ҳаётим давомида мен ҳеч қачон менга озор берганлардан қасд олишга уринмадим, чунки мен кечирувчанликка ишонаман. Мен кечиришни тажриба қилдим, зеро кечирилишни истайман. Инсоннинг қалбида нима борлигини ва унинг асл ниятини билиш фақат Аллоҳга хос. У барча нарсани эшитгувчи ва кўргувчи Зотдир.

Муҳаммад Али ва унинг дўсти Жо Фрезер

Ҳаётимда атрофимдаги кўплаб одамлар мендан ёрдам сўрашган ва мен уларга қўлимдан келганича кўмак беришга ҳаракат қилганман. Бунинг ёмон жойи йўқ, деб ўйлайман. Мен муҳтожларга ёрдам қиламан. Чунки Аллоҳ менга етарли бойлик берган. Ҳозир ўтмишимга ўгирилиб қарасам, назаримда Аллоҳ учун қанча ёрдам берган бўлсам, Аллоҳ менга икки ҳисса қилиб қайтаргандек. Мен ёрдам берганим хайрия вақфлари ва одамлар ҳақида гапирмасликка ҳаракат қиламан, чунки ёрдам эвазига ҳеч нарсани кутмасак, ана ўшанда сахий инсон бўлишимиз мумкин деб уйлайман.

Ҳар кеча ётишдан олдин мен ўзимдан “агар эртага уйғонмасам, бугунги ҳаётимдан фахрланган бўлармидим?” – деб сўрайман. Айнан мана шу саволни ёдда тутган ҳолда, кўлимдан келганича, кўпроқ яхши амалларни бажаришга ҳаракат қиламан, хоҳ улар динимни ҳимоя қилиш бўлсин, хоҳ имзо қўйиш. Мен одамларга яхшилик қилиш ва жаннатга киришга ҳаракат қилаяпман, холос. Менинг дин ҳақидаги тушунчам йиллар давомида кенгайди. Онам Баптист, отам эса Методист эди. Иккаласи ҳам Исо алайҳиссаломни “Худонинг ўғли” деб билишарди. Аммо мен бундай эътиқодда эмасман. Мен Исо Мусо ва Иброҳим сингари муҳим пайғамбарлардан бири бўлганига ишонаман.

Муҳаммад Али ва унинг дўсти Майк Тайсон

Ҳаммамизнинг Парвардигоримиз битта, фақат биз унга турлича хизмат қиламиз. Жилғалар, кўллар, дарёлар, денгизлар ва уқёнуслар турлича номланади, бироқ уларнинг барида сув бор. Динлар ҳам турлича номланади, бироқ уларнинг барчасида ҳар-хил йўллар, шакллар ва вақтларда изҳор этилган ҳақиқат мавжуд. Сенинг мусулмон, насроний ёда яҳудий бўлишинг муҳим эмас. Агар сен Худога иймон келтирган бўлсанг, барча инсонларнинг бир оила аъзолари эканига ишонишинг керак. Яратганни севган одам яратилганларнинг баъзиларигина севиш билан чекланмаслиги зарур.

Бу китоб – ҳаётим инъикоси. Унда хотирамда муҳрланиб қолган лаҳзалар ифодаланади ва менинг қандай қилиб бугунги мақомга етишганим ҳақида ҳикоя қилинади. Мен боксни бошлаганимдан буён узоқ йўлни босиб ўтдим. Дунёни айланиб чиқдим ва турли тоифадаги инсонлар билан учрашдим. Менинг ишонишимча, Аллоҳ инсонларни турли хил яратиб, сайёрамизга зеб берган. Дунё халқлари ўзаро тушуниш, орадаги фарқларни ҳурмат қилиш ва ўхшашликларни қутлаш йўлида ишлашни мақсад қилмоқлари лозим. Биз турфа хилликдаги гўзалликни қадрлашимиз зарур. Барча гуллар бир тус, бир ранг ва бир андозада бўлганида эди дунёнинг қизиғи қолмасди.

Эътиқодимдаги энг муҳим жиҳатлардан бири ринг ичкариси ва ташқарисида Аллоҳнинг доимо менга ёрдам бериб турганини босқичма-босқич тушуниб етганим бўлди. Болалигимдан ўқиш ва ёзишга қийналардим. Ўрта мактабни зўрга тугатдим. Тиббиёт тилида буни “дислексия” дейишади. Аммо, талабалик йилларимда ўқитувчилар дарсларни ўзлаштиришга қийналган болаларни “аҳмок” деб ҳисоблашарди. Мактабда илм олиш мен учун синов эди, аммо ундан ўтиш йўлини топгандим. Мен деворга дуч келганимда таслим бўлмадим, аксинча, уни четидан ёда устидан ўтишни ўргандим. Аллоҳнинг менга берганидан фойдаланишни ўргандим. Ўзим учун қийматли бўлган бирор нарсани ўқисам ёки эшитсам, мен учун тушунарли бўлган жиҳатни ҳис этаман ва эътиборимни айнан ўша жиҳатга қаратаман. Уни ёдлаб оламан. Назаримда бирор нарса ҳақиқат бўлиб кўринса, уни ёдлаб оламан. У менинг бир қисмимга айланади.

Мен Аллоҳнинг мададини доимо ҳис қилиб яшайман. У қалбимни заковат ва ишонч нурлари билан тўлдирди. Ҳаётни ва инсонларни ўргандим. Ўқиш ва ёзишга нўноқ бўлишим мумкин, аммо муҳаббат, меҳрибонлик ва қалбдаги бошқа ҳиссиётларга бойман. Йиллар давомида қадимги бир мақолни такрорлаб юраман: “Инсон бойлиги қаерда? Ундаги билимда. Агарда инсон ўз бойлигини банкда сақласа, унга эгалик қила олмайди”.

Муҳаммад Али (январь, 2012 йил).

Менда бор бойлик – ўзимни таниганим, ичимдаги муҳаббат ва эътиқодим. Мен билимимни ўз халқимнинг яхши намояндаси бўлиш учун ишлатишга ҳаракат қилдим. Мен сўқир эмасман, чунки кўр кўрга йулбошчилик қилса, улар чоҳга қулашади. Эътиқодим йиллар давомида ўсди ва баъзи қарашларим ўзгарди. Токи тирик эканман кўпрок нарсани дарк этишга ҳаракат қиламан, зеро қалб чанқоғи ҳеч қачон қонмайди.

Бутун умрим давомида синовларга тутилдим. Иродам, жасоратим ва қувватим синалди. Ҳозир эса сабрим ва бардошим синалмоқда. Йўлнинг ҳар қадамида Аллоҳнинг мен билан бирга эканига ишонаман. Унинг ҳозир мен билан эканини ҳар қачонгидан ҳам яхшироқ биламан. Қандай яшашни умрим бўйи қадам ба қадам, лаҳза ба лаҳза ўргандим. Ҳаёт йўли мен учун узун бўлди. Мен – ишқ, тушуниш ва ҳақикат излаб чиққан сайёҳман. Ҳамон ўрганаяпман…

Йўлнинг ҳар қадамида Аллоҳнинг мен билан бирга эканига ишонаман". Муҳаммад Али (1975 йил).

Нашрга тайёрловчи

Мавлон Шукурзода

SHARE