Туркистон-Америка Ассоциациясининг асосчиларидан бири Рўзи Назар бугун 95 ёшга тўлди.

 Коммунистик империализм тасарруфидаги Озарбайжон, Армани, Гуржи ва Шимолий Кавказ халқлари, Волга-Ўрол, Ғарбий Туркистон халқлари ва Шарқий Туркистонликлар ҳам коммунизм исканжасидан озод бўладилар хамда ўз мустақил давлатларини тузадилар, мен бунга аминман.

Рўзи Назар, Осиё-Африка давлатлари конференциясидаги нутқидан.

Бандунг (Индонезия) 1955-йил, 18-апрел.

Рўзи Назар (Рўзмуҳамад Умирзоқов) 1917-йили Марғилон шаҳрининг Гулвардор маҳалласида туғилган. Отаси уста Умурзоқ ўз касбини санъат даражасига етказган, махалланинг обрўли кишиларидан бўлган.  Онаси Тожинисо Холмат қизи саводли, шоиртабиат, зийрак, форс ва араб тилларини яхши билар, мактаб очиб, махалла қизларига сабоқ берарди. Рўзи Назар 20-йилларда Марғилондаги ўрта мактабда таълим олиб, 30-йилларда еса Тошкентга келиб ўқийди. 20–30-йилларда Ўзбекистонда бўлаётган барча тарихий воқеаларнинг гувохи бўлади. 1940-йили армияга чақирилади. Одесса шахрида Рўзи Назарни кимё-мудофаа курсига ўқишга жўнатадилар. Курсни тугатгач, ҳарбий унвон олиб, мухандис сифатида ҳарбий қисмга қайтиб келади. 1941 йилнинг ёзида II Жаҳон урушида иштирок этган Рўзи Назар жангларнинг бирида ярадор бўлиб, немислар оккупация қилган ерда қолиб кетади.

Рўзи Назар ва Линда хоним, Розанҳайм шаҳри (Ғарбий Германия), 1946 йил.

 1942-йилдан бошлаб Украинада Вермахт ҳузурида ташкил қилинган Туркистон легиони қисмларининг (Проскуров шаҳрида) бирида аввал рота, кейинчалик эса немис офицери унвонида батальон командири вазифасида хизмат қилади. 1944 йилдан бошлаб Рўзи Назар Вермахт ҳузурида тузилган барча легионлар учун мўлжалланган ўқув марказида инструктор лавозимида, уруш тамом бўлгунга қадар эса Берлинда Туркистон миллий бирлик қўмитасида турли лавозимларда фаолият юргизади.

Рўзи Назар, ўғли Эркин-Эрик Назар (ўнгда) ва туркиялик бизнесмен Анвар Олтойли. Вашингтон, 1985 йил.

 Уруш тугагач, Рўзи Назар Ғарбий Германиянинг Розенҳайм шаҳрида қолади. 1946-йили немис миллатига мансуб Линда хонимга уйланади. 1947-йили Зулфия-Силвия Назар, 1955-йили эса ўғли Эркин-Эрик Назар туғилади. Рўзи Назар 1946–1951-йиллар Ғарбий Германиянинг Мюнхен шахрида тузилган сиёсий бўлмаган INKOPOR (International Committee for Politikal Refugees) халқаро ижтимоий ташкилотнинг вице-президенти лавозимида хизмат қилади. Лекин у сиёсатдан узоқлашмайди. Боймирза Хайит билан биргаликда АBN (Antibolshevik Blokk Nations) сиёсий ташкилоти Президиуми аъзолари бўлиб, Туркистон озодлиги учун курашни давом эттирадилар.

Рўзи Назар Америкадаги туркистонликлар жамияти фаоллари билан. Нью-Йорк, 2010 йил.

 1951-йилнинг 7-ноябрида АҚШ Давлат Департаментининг таклифига биноан АҚШга келади. 1951–1954-йилларда «Америка овози»нинг ўзбек бўлимида турли вазифаларда фаолият юргизади. 1954–1957-йилларда Колумбия университетида ўзбек тили ва маданияти фанидан дарс беради. 1955-йилнинг бахорида Рўзи Назар Индонезиянинг Бандунг университетида бўлиб ўтган Осиё–Африка мамлакатлари Халқаро конференсиясида собиқ Туркистон легиони офицери сифатида Туркистондаги ахвол бўйича маърузаси билан чиқиш қилади. Рўзи Назар 1955-йили АҚШ фуқаролигини олганидан сўнг Марказий Осиё халқлари ва ўзбек тили мутахассиси сифатида Пентагонда ноҳарбий хизматчи сифатида фаолият юргизади.

Рўзи Назар синглиси ва жиянлари билан. Марғилон шаҳри, 1992 йил.

 Рўзи Назар 1960–1969-йилларда АҚШнинг Туркиядаги харбий миссиясида хизмат қилиб, офицер унвонига сазовор бўлади. 1969–1972-йилларда Рўзи Назар Пентагоннинг Ўрта Осиёсини тадқиқ қилиш дастури рахбари лавозимида ишлайди. Кейинчалик Американинг Европадаги харбий миссиясида, сўнг АҚШ армиясининг Ғарбий Германиядаги стратегик тадқиқотлар гурухини илмий ходими сифатида хизмат қилади. Рўзи Назарнинг катта тажрибаси, билими кўп йиллар АҚШнинг Туркия ва Германиядаги дипломатик ваколатхоналарида хизмат қилишга йўл очади.

АҚШ Президентининг ёрдамчиси Рўзи Назарга давлат орденини топширмоқда. Ёнида Линда хоним. Вашингтон, 1984 йил.

Рўзи Назар 1984- йили нафақага чиқади ва «Central Asian Affairs Consultants Inc.» хусусий ташкилотини тузиб, сиёсий-маърифий фаолиятини давом эттиради. 1958 йили Эргаш Шермат, Исоқжон Нарзиқул, Мақсуд Бек, Ҳусайин Икром, Шарифжон Али Беклар билан биргаликда Рўзи Назар Туркистонликларнинг Америкадаги жамиятини тузишда иштирок этади. 1992 йилнинг май ойида, 52 йиллик жудоликдан сўнг Рўзи Назар Ўзбекистонга кириб келади…

Рўзи Назар уйидаги иш кабинетида. 2005 йил.

“Vatandosh” газетасининг таҳририяти бугун ўзининг 95 ёшини қаршилаб турган ватандошимиз, ҳурматли Рўзи Назар жанобларини табаррук аёмлар билан табриклаб уларга сиҳат саломатлик тилаб қолади.  

Мавлон Шукурзода

 

 

SHARE