Севишганлар куни ўрнига Бобурхонлик

 

Ўзбекистонда “оммавий маданият”, чунончи, ёшларнинг Ғарбдан кириб келаётган турли миллий маънавиятга ёт бўлган ғояларга қарши курашиш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда. Буни Ғарб жамиятида кенг нишонланадиган 14 февраль – авлиё Валентин, яъни севишганлар кунига бағишлаб ўтказиладиган концерт тадбирларининг кейинроққа кўчирилгани ҳам тасдиқлайди.

Хусусан, ўзбекистонлик ёшларнинг севимли хонандаси Райҳон ўз концерт дастурини тайёргарлик тадбирлари туфайли бошқа кунларга кечиктирган. Бу ҳақда қўшиқчининг расмий сайти ахборот берди. Шу ўринда алоҳида қайд этиш керакки, Райҳон сўнгги бир неча йиллар давомида фақат 14 февраль арафасида – бевосита шу кун муносабати билан концерт берарди.

Ижтимоий тармоқларда ушбу масалада баҳс-мунозара қилаётганларнинг аксарияти бундай чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашларини айтишмоқда. Уларнинг фикрича, ёшлар бу байрамнинг келиб чиқиш сабабларини билмасдан, кўр-кўрона нишонлашади.

Эътиборли жиҳати, айнан шу куни ўзбек мумтоз адабиёти дарғаларидан бўлган Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди айёми кенг нишонланади. Аксарият ёшларнинг фикрича, мамлакатда севишганлар кунидан кўра, оммавий бобурхонликларни ўтказиш мақсадга мувофиқдир.

Сизнинг бу борада фикрингиз қандай?