Kunning 5 xabari

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” бугундан бошлаб — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боришга қарор қилди.

 


Барак Обама тан олди

АҚШ президенти Барак Обама Американинг учувчисиз ҳарбий самолётлари Покистон ҳудудида террорчиларни йўқ қилиш учун мунтазам ишлатиб келинганини расман тасдиқлади. Эслатиб ўтамиз, шу пайтга қадар оммавий ахборот воситаларида бу ҳақида кўплаб ахборотлар берилган бўлса-да, расмий шахслар умуман изоҳламасдан келаётган эди.


 

Амалдорлар сони 5 фоизга қисқарадиган бўлди

Ўзбекистон президентининг шу йил 25 январдаги қарори билан давлат бошқаруви органлари ходимлари сони беш фоизга қисқартирилади. Унга мувофиқ, давлат хизматчилари сони жорий йилда 21202 нафардан 20049 нафарга, яъни 1153 кишига камаяди.


 

Полиция GPSга рухсат сўрайди

АҚШ олий суди полиция шубҳа остидаги шахсларни кузатиш учун GPS хизматидан фойдаланиш учун ҳам суд санкциясини олиши керак, деган қарорга келди. Суд гиёҳванд моддалар савдоси учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган тунги клуб эгаси Антуан Жонснинг шикоят аризасини кўриб чиқиш натижасида шундай хулосага келган.


 

Машҳур жосус мултьфильмда

Wikileaks сайти асосчиси Жулиан Ассанж машҳур Симпсонлар ҳақидаги мультсериалнинг навбатдаги қисмларида пайдо бўлади. Мульфильмда АҚШ хавфсизлик тизимлари ва ташқи ишлар маҳкамасининг махфий ёзишмаларини бутун жаҳонга тарқатган Жулиан Ассанжнинг қаҳрамони кулгули образда тасвирланган.


 

Чорак асрнинг энг зўр ҳаками

Футбол тарихи ва статистикаси халқаро федерацияси ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматовни Осиёнинг сўнгги 25 йилдаги энг яхши ҳаками деб эълон қилди. Эслатиб ўтамиз, у уч карра Осиёнинг энг зўр ҳаками деб эътироф этилган.

 

SHARE