Янги Буюк Ипак йўли ёки Навоий шаҳри иккинчи Дубай бўладими?

Маълумки, расмий Вашингтон ўтган йили Туркия ва Германияда Афғонистон муаммосини ҳал қилишга бағишланган халқаро конференцияларда Буюк Ипак йўлини тиклаш ғоясини илгари сурган эди. Шуни алоҳида қайд этиш керак, мазкур ғоя нафақат Марказий Осиё мамлакатлари, балки бошқа йирик давлатлар томонидан қизғин муҳокама этилмоқда. Хўш, бу ғоя замирида қандай мақсадлар мужассам?

АҚШ мазкур ғоя остида Туркманистондан Покистон ва Ҳиндистонга олиб борадиган трансафғон газ қувурларини, шунингдек, Афғонистонни электр энергияси билан таъминлашга қаратилган бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш орқали Афғонистонда тинчликни таъминлаш ҳамда мамлакат иқтисодиётини тиклашни мақсад қилмоқда.

АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси Роберт Блейкнинг қайд этишича, Ҳиллари Клинтон хоним томонидан илгари сурилган “Янги Ипак йўли” ғоси минтақа мамлакатлари ўртасида иқтисодий-маданий интеграцияни чуқурлаштиришда айни муддаодир. У минтақа мамлакатлари ўттиз йилдан ортиқ давр мобайнида ҳарбий можаролар нуқтаси бўлиб келаётган Афғонистон билан изчил ҳамкорлик қилаётганини қайд этди. Хусусан, Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон ушбу мамлакатга электр энергиясини етказиб бераётган бўлса, Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон темир йўл алоқаларини кенгайтиришда муҳим роль ўйнашмоқда.

АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жорж Кролнинг қайд этишича, Янги Ипак йўли ғоясини амалга оширишга нафақат давлат, балки бизнес доиралари вакиллари ҳам фаол киришиши керак бўлади.

— Ўзбек муҳандислари томонидан Афғонистон ҳудудида темир йўл қурилиши Марказий Осиё тарихидаги энг муҳим воқеалардан ҳисобланади, — деди элчи жаноблари. — Бугунги кунда Кобулдан Пешоварга электр энергияси етказиб бериш линиясини ишга тушириш чоралари кўрилмоқда. Агар бу лойиҳалар рўёбга чиқарилса, Афғонистонда инфратузилмани ривожлантириш имкони кенгаяди.

Жорж Кролнинг айтишича, Навоий вилоятида ташкил этилган халқаро интермодаль логистика марказидаги қулайликлардан унумли фойдаланиш Ўзбекистонни Янги Ипак йўли лойиҳасининг марказига айлантиради. Айниқса, Навоий вилояти Марказий Осиёнинг Дубайига айланиши мумкин. Шунинг учун ҳам бу лойиҳаларга бизнесни кенг жалб этиш талаб этилади. Элчининг таъкидлашича, бугунги кунда АҚШ бизнесменлари учун бу борада имкон қадар кўпроқ ахборот беришга ҳаракат қилиняпти.

Маълумотларга кўра, АҚШ бизнесменлари Навоий эркин иқтисодий-индустриал ҳудудига катта қизиқиш билдиришмоқда. Бу борада Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси тегишли чора-тадбирларни кўрмоқда.