Тошкентда уй-жойлар нархи бирмунча арзонлади

Тошкентда 2012 йилнинг январь ойида уй-жойнинг бир метр квадрати ўртача 527 долларга баҳоланмоқда. “Sion Research” ахборот-таҳлил марказининг маълумотларига қараганда, бу ўтган йилнинг декабрь ойидагига нисбатан 0,8 фоизга камдир.

Ўртамиёна уй-жойлар (эконом класс) нархи эса ҳар квадрат метрига 328 долларни ташкил қилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг декабрь ойидагига қараганда 2 долларга арзондир. Қиммат квартиралар нархида ҳам пасайиш кузатилган. Яъни ҳар квадрат метр уй-жой нархи 996 долларга баҳоланган. Ўтган йилнинг декабрь ойида мазкур кўрсаткич 1011 АҚШ доллари миқдорида турган эди.

Таҳлилчилар йил бошида уй-жой нархлари савдоси бирмунча фаоллашганини ҳам қайд этишган. Кўчмас мулк бозорида уй-жойларнинг аксарият қисми, яъни 67 фоизи 40-80 квaдрaт метрли 3-4 хонали уйлардир.

Умуман олиб қараганда, ўтган йилнинг январь ойига нисбатан уй-жойлар нархи 3,9 фоизга ўсган.

SHARE