Куннинг 5 хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияси маъқулланмади

БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан Суриядаги вазият бўйича тайёрланган резолюциясига Россия ва Хитой вето қўйди. Россия Федерацияси бу ҳужжат бир томонлама, яъни фақат амалдаги ҳукуматга қарши қаратилганини ҳамда унда ҳар иккала томонни музокарага чорлаш кераклигини қайд этди.


 

Ўзбеклар бахтлилар рўйхатида

Халқаро Гэллап тадқиқот маркази томонидан ўтказилган сўров мавзуси аҳолининг ўзини қай даражада бахтли ҳис қилишига бағишланди. Унда дунёнинг 58 та мамлакатидан 45 минг киши қатнашди. Улар ичида Ўзбекистон 13 ўринни эгаллади. Бу ерда бахтлилик индекси 62 фоизни ташкил этди.


 

“Super Bowl” твиттерда рекорд ўрнатди

Америка миллий футбол лигасининг суперкубогини (Super Bowl) New York Giants қўлга киритди. Улар New England Patriots жамоасини 27-14 ҳисобида мағлубиятга учратди. Бу мусобақа АҚШда энг муҳим спорт воқеаси бўлиб, мазкур ўйин пайтида секундига ўртача 10000 та твиттер хабари ёзилиб, янги рекорд қўйилди. Эслатиб ўтамиз, бу йилги ўйиннинг ТВ-намойиши вақтидаги рекламанинг 30 сонияси 3,5 миллион АҚШ долларига баҳоланди.


 

Маймунлар шаробхўрлик қилади

“Франсс-пресс” ахборот агентлигининг ёзишича, Қозоғистонда ҳайвонот боғи мутасаддилари қаҳратон совуқда маймунлар нобуд бўлишининг олдини олиш мақсадида уларга қизил вино ичиришмоқда. Зоопарк мутахассисларининг айтишича, бу маймунларни ўткир шамоллаш билан боғлиқ касалликларга чалинишдан муҳофаза қилар экан.


 

Австралия совуққа дош беролмади

Тошкентдаги “Жар” стадионида Лондон — 2012 Олимпиадаси йўлланмаси учун футбол бўйича саралаш баҳслари доирасида Ўзбекистон ва Австралия терма жамоалари ўртасида ўйин бўлиб ўтди. Ноқулай об-ҳаво шароитида, ноқулай майдонда бўлиб ўтган ўйинда ўзбекистонлик футболчилар — Кенжа Тўраев ва Олег Зотеев иккита гол киритиб, жамоа қимматли уч очкога эга бўлди.

 

SHARE