КИМНИНГ КУМИРИ — КИМ

Ҳар ким ҳаётда идеал одам бўлишни орзу қилади. Гарчи бунинг имкони йўқлигини билса ҳам. Жуда бўлмаганда кимдадир идеалликни кўришни истайди ёки ўзи идеал даражасига кўтарган одамга тақлид қилади. Лекин билмайдики, меъёридан ошган ҳар нарса таназзулга олиб келади, инсонни ўзлигидан айиради…

Камина бугун ана шундайлар ҳақида ўзим билганларни қоғозга туширмоққа аҳд қилдим (аслида комьпютерда ёзган бўлсам ҳам, барибир қоғоз дил дафтари бўлиб қолаверади). “Кумир” деган атама деярли ҳаммага таниш бўлса керак. Ўзбекчасига энг муқобил вариантини тополмадим лекин. Олдин кўпчилик сўрарди: “Кумирингиз ким?”, деб. Ўйланиб қолардим. Рости, аввалига бу қандай сўз эканини билишга киришдим. Кейин эса мен учун ким кумир бўлиши мумкин, деган хаёлга бордим. Барибир қизиқ-да.

Шу билан маълум вақтдан кейин бу сўзни унутдим (бундан бошқа ўйлайдиган зарур ишларим бор эди-да). Бироқ энди айнан “кумир” билан боғлиқ воқеаларга дуч кела бошладим (балки ўшанда бу сўзга эътибор бера бошлаганимдандир бу ҳол). Олдинига телевизорда кўриб қолдим. Қайсидир каналда (бу воқеага анча бўлди, эсимда йўқ) қанақадир “журналист” йўловчилардан “Кумирингиз ким?”, деб сўраб чиқа бошлади. Кимдир тушунмади, тушунганлар (асосан, ёшлар) машҳур кино актёрларини, қўшиқчиларни санаб беришди, футболчилар ҳам бор эди. Шундан кейин бу сўз билан жиддий шуғулланишга киришдим…

Қайсидир газетада (сариқ матбуот-да) бир қизнинг “дарди”ни чоп этишибди. Атайлаб ўқиб чиқдим. Ва не кўз билан кўрайки, у ерда бизнинг омма учун нолойиқ гаплар бор экан. Мазмуни тахминан шундай: “Мен 18га кирган қизман. Ота-онам мажбурлаб қўшнимизга эрга беришмоқчи. Лекин мен бошқасини севаман. Усиз яшолмайман. (Бу гапни газетада ёзишнинг ўзи фожеа!) Лекин уйдагиларга у ҳақда қандай айтишни билмаяпман…”

Шу ерига келганда, тўғриси, замон ўзгарди, балки қизларимиз ҳам ўз севганига тегишга ҳақлидир, деган аҳмоқона хаёлга бордим. Чунки ўша пайтда бу гапни газетагача олиб келган эканми (у вақтларда бу ҳолат бизнинг газеталар учун яхшигина “пи-ар” эканини билмасдим), демак, газетчиларимиз орқали қандайдир ёрдам сўрамоқчи бўлган. Сўнг давомини ўқидим: “У дунёдаги энг чиройли, келишган йигит. Унинг кулгичи ва табассуми учун қизлар таппа ташлайди. (Астағфируллоҳ!) У киноактёр, қўшиқчи ва қирол. Болливуд қироли — Шоҳрух Хон!..”

Шу ерига келганда ғўрлигим тутиб, кулиб юбордим. Аввалига газета “кўтариб чиққан муаммо”га кулдим, кейин у бечора “севги ўтида ёнаётган” қизнинг ҳолига кулдим (балки бу газетчиларнинг ишидир, яъни муштарий сонини ошириш мақсадида тўқиб чиқилган чўпчакдир). Майли, ўша актёр чиройлидир, келишгандир, омадини берсин, уни ҳамма ҳам ёқтиради. Лекин бунчаликмас-да! Бу энди меъёрдан ошиш, қуюшқондан чиқиш дегани эди.

Кейин анча вақт ўтди. Ўзим билмаган, кутмаган ва хоҳламаган ҳолда журналист бўлдим. Яъни бундай ҳолатларни анча тушуниб, уларга кўникиб қолдим. Чунки бу кумир деган нарса футбол мухлислари орасида, футболчиларда ҳам, анча оммалашган экан…

Лекин негадир мен бу нарсани ҳеч қабул қилолмаяпман. Аввало, кумирим бўладиган одам ҳар томонлама етук, бенуқсон бўлиши керак. Кейин мен ундан ўрнак олиб, майли, унга тақлид қилсам, унинг ишлардан андоза олсам (плагиаторлик эмас). Ва ўйлаб-ўйлаб, “кумирим” ким бўлиши мумкин эканини топдим. Бу дадам эди. Аммо бу ёғи энди кумирликка кирмайди. Чунки бизни дунёга келтирган ота-она биз учун доим идеал, яъни етук ва бенуқсон инсонлар. Демак, “кумирларим” сафидан дадамни чиқардим ва… ҳеч ким қолмади бошқа. Айниқса, Фаррух Соипов ва Адиз Ражабов ҳам кумири Шоҳрух Хон эканини айтиб, унга тақлид қилишларини телевидениеда тан олгандан кейин бу атамани миямдан чиқариш пайига тушдим…

Ҳаётда кўп қийинчилик кўрдим. Талабалик пайтларимда бир неча кунлаб оч юрдим. Лекин ҳеч ким ёрдам бермади. Чунки мен мусофирчиликда эдим, пойтахтда эдим, ота-онамдан йироқда эдим! Лекин аниқ билардим, ўша пайтларда “кумирим” ҳам ёрдам бермасди. Нима қилишим керак эди? Бу фақат ўзимга боғлиқ бўлиб қолганди. Ва муаммоларимни ўзим ҳал қилишни ўрганишга тушдим. Тасаввуримда ўзимни энг идеал, кучли, баркамол, иродали одам сифатида ҳис қилдим ва бунга ишона бошладим. Яъни ўзимга “кумир” қилиб, ўзимни танладим…

Аллоҳ ўзи қўллади, ота-онам дуоси ёрдам берди, ана шунда кумиримнинг мададини ҳам сездим. Одамзот учун энг керакли нарса ўзига бўлган ишонч эканини тушундим. Ўшанда шуни яна бир бор англадимки, инсоннинг ўзи ҳар нега қодир экан. Камина бу билан ҳеч кимга озор етказмоқчи эмасман, ҳар кимнинг иродаси ва истаги ўз қўлида. Қолаверса, “кумирчилик” мусулмончиликка ҳам, адашмасам, тўғри келмайди.

 

Заҳириддин

http://twitter.com/_Zahiriddin

SHARE