Куннинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Эронга қарши яна бир чора

АҚШ президенти Барак Обама Эроннинг Америка ҳудудида жойлашган барча активларини музлатиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилди. “Франсс-пресс” ахборот агентлигининг қайд этишича, АҚШ ҳукумати шу йўл билан Эронга босимни янада кучайтириб, ушбу мамлакат Марказий банки ва бошқа банклар яширин халқаро ҳисоб-китобларининг олдини олмоқчи.


 

 

Ҳарбий юклар Россия орқали олиб чиқилади

“Коммерсантъ” газетасининг ёзишича, НАТО Афғонистондаги ўз ҳарбий юкларини Ўзбекистон орқали олиб чиқиб кетмайди. Афғонистондаги ҳарбий юклар самолётда Россияга, у ердан темир йўл орқали Европа етказилади. Бугунги кунда асосий юклар Ўзбекистон орқали олиб келинаётган бўлса-да, расмий Тошкент мамлакат ҳудудига гиёҳванд моддалар ва қурол-яроғ ноқонуний йўллар билан киришидан хавфсираб, уларни олиб чиқишни хоҳламаяпти, дейилади газетада.


 

 

Шариат судларига рухсат беришни таклиф қилди

Германиянинг Рейнланд-Пфальц федерал ери адлия вазири Йохен Хартлофф шариат судларига рухсат бериш таклифини киритди. Унинг Berliner Zeitungга берган интервьюсида айтилишича, агар немис шариат судлари тижорат ёки савдо ҳакамлик судлари каби иш юритадиган бўлса, уларга рухсат берилиши керак. Бунинг учун, албатта, жазо чоралари инсонпарварлик ғояларига асосланиши керак, дейди у.


 

 

Юнонлар чегарада девор қуришмоқчи

Греция Туркия билан чегарада девор қуриб, Европа Иттифоқига интилаётган ноқонуний иммигрантларга тўсиқ қўймоқчи, деб хабар тарқатади AP. Жорий йилнинг сентябрига қадар қурилиши режалаштирилаётган мазкур деворнинг узунлиги 10 километрни ташкил қилади. Греция расмийларининг қайд этишича, 2011 йилда Греция орқали Европа Иттифоқи ҳудудига 51 минг нафардан ортиқ ноқонуний иммигрантлар кириб келган.


 

 

Шаҳзодадан бир ҳафталик концерт

Таниқли ўзбек эстрада юлдузи Шаҳзоданинг расмий сайти хабар беришича, хонанда Тошкентдаги “Истиқлол” (собиқ “Халқлар дўстлиги”) санъат саройида концерт беради. Жорий йилнинг 1, 2, 3, 4, 5, 6, 7 май кунлари бўлиб ўтадиган концертда хонанда ўзининг махсус шоусини тақдим қилиши айтилмоқда.

 

SHARE