Ўзбеклар рус тилини ўрганадими ёки руслар ўзбек тилини?

 

Россиянинг Приморье ўлкасида ўзбекистонликларнинг ҳаддан ташқари кўплиги маҳаллий врачларни ўзбек тилини ўрганишга мажбур қилмоқда.

Тегишли тиббий маълумотномаларни йиғишга отланган Максим Ситниковнинг “Комсомольская правда” газетасида ёзишича, “бу ерда одам кам бўлади деган умидда наркологик диспансерга киришим билан чет тилдаги сўзлашувларни эшитиб, адашганимни тушундим. Ўзбекистондан келганлар ишга жойлашиш учун керакли тиббий маълумотномани олиш учун навбат кутиб ўтиришар эди. Ўнлаб ўзбеклар орасида рус тилини тушунадиганлар икки-уч кишини ташкил қилар, шунинг учун навбат борган сари чўзилар эди…”

Силга қарши курашиш ва психоневрология диспансерларида ҳам шу аҳвол, деб ёзади муаллиф. Тери-таносил касалликлари диспансеридаги тиббиёт ходимлари муаммони озгина бўлса-да, ҳал қилишга уриниб кўришган. Чунки бир нечта шифокорлар хонаси эшигида бошқа тилдаги эълонларга кўз тушиши мумкин.

Шу ерда уймалашиб юрган ҳамшира мақола муаллифига бу эълон ўзбек тилида эканлигини айтади. Унинг “Бу нима учун?” деган саволига ҳамшира бу ерда чет элликлар руслардан кўп, дея кулади. Эшикка эса “Ҳурматли меҳмонлар!!! Кабинетга киришдан олдин “устиздаги курткани” ечиб киринг” деб ёзилган.

Шифокорлардан бирининг айтишича, улар кийими билан кириб келишади. Уларга курткани ечиш кераклигини тушунтиргунча, бир дунё вақт кетади. Шунинг учун рус тилини яхши биладиган ўзбекистонликдан мана шу эълонни беришни илтимос қилдик. Мақола муаллифи эълоннинг ўзбек тилида катта-катта қилиб, рус тилида эса жуда майда ёзилганидан ҳам ёзғирган.

Шуни алоҳида айтиш керакки, бугунги кунда Россияда жуда кўплаб Ўзбекистон фуқаролари бўлиб, уларнинг аниқ сони ҳақида маълумотлар йўқ. Улар Россиядан пул жўнатиш бўйича олдинги ўринларда туришади. Турли ҳисоб-китобларга кўра, бу 3-4 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади.

Айни пайтда Россияда ноқонуний миграция масаласи тобора жиддийлашиб, сиёсий доираларда муҳокама қилинмоқда. Хусусан, Россия Федерацияси ҳукумати раҳбари В.В. Путин яқинда миграция тартиб-қоидаларини янада қаттиқлаштириш таклифини киритди.

Путин “Независимая газета”да чоп этилган мақоласида “ноқонуний иммиграция масаласини мутлақо ҳал қилиб бўлмайди, лекин уни имкон қадар камайтириш мумкин” деб ёзади.

Путин Россияга келган ноқонуний иммигрантлар, уларни ишга қабул қилганлар ҳамда иш ҳақи тўлаганлар учун жавобгарликни кучайтириш таклифини илгари сурди. У, шунингдек, Россияда бўлиш қоидаларини бузган чет элликлар учун тартибларни кучайтиришни ҳам таклиф қилди. Яъни бундай шахсларни мамлакатдан чиқариб юборилгая, қайта киритмаслик каби талаблар қўйилади.

Путиннинг яна бир таклифи шундайки, унга мувофиқ, иммигрантларни рус тили ва адабиёти бўйича ҳам мажбурий имтиҳондан ўтказиш талаб қилинади.