Куннинг 5 хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Сурия демократик ислоҳотлар ўтказади

Бу ҳақда мамлакат президенти Башар Ассад Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашув чоғида маълум қилган. “РИА Новости” ахборот агентлигининг қайд этишича, ҳукумат яқин кунларда янги конституция лойиҳасини эълон қилади. Эслатиб ўтамиз, ғарб мамлакатлари Сурияга нисбатан қатъий талаблар қўйишмоқда. Хусусан, АҚШ, Франция, Италия, Буюк Британия ва форс кўрфазидаги айрим давлатлар Суриядан ўз элчиларини чақириб олди.


 

 

Суд давом эттирилди

Кеча АҚШда террорчилик гуруҳларига ёрдам бериш ва бундай кўмак кўрсатишга ҳаракат қилганликда айбланаётган Ўзбекистонлик Жамшид Мухторов устидан суд жараёни давом эттирилди. Айбланувчининг адвокати Жамшид Мухторов сақланаётган қамоқхона шароитлари ўта қониқарсиз эканлигини маълум қилган.


 

 

Ўзбекистонлик яна бир медиа-магнат

Ўзбекистонлик Яшар Қосумов Латвияда чоп этиладиган “Телеграф” газетаси ва “telegraf.lv” порталининг ягона хўжайини бўлди. Маълумотларга кўра, “News media group” акциядорлик жамиятининг 685 минг латга (1,3 миллион АҚШ доллари) тенг бўлган барча акцияларига эндиликда Яшар Қасумов эгалик қилади. “Телеграф” кундалик нашр бўлиб, бир қанча иловалар билан чоп этилади.


 

 

Биринчи Жаҳон урушининг сўнгги қурбони

Буюк Британияда Биринчи Жаҳон урушида қатнашган сўнгги ҳарбий хизматчи Флоранс Грин вафот этди. ББС тарқатган хабарга кўра, у икки ҳафтадан сўнг 111 ёшни қарши олиши керак эди. Флоранс Грин Биринчи Жаҳон уруши даврида Қироллик ҳаво кучларининг аёллар бўлимида хизмат қилган.


 

 

Алишер Навоий асарлар тўплами чоп этилди

Ўзбекистонда улуғ шоир асарларининг янги 10 жилдлик тўплами нашрдан чиқарилди. Эслатиб ўтиш жоизки, бундан олдин ҳазрат Навоийнинг асарлари 3, 15 ва 20 томлик шаклда нашр этилган. Янги тўпламда эса аввалги нашрлардаги камчиликлар бартараф этилган, сўз ва ибораларга шарҳлар берилган.

 

SHARE