Куннинг 5 хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Сурия инқирози чуқурлашмоқда

Араб давлатлари лигаси (АДЛ) Сурияга ўз кузатувчиларини қайта жўнатиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бунда кузатувчиларга БМТ яқиндан ёрдам беради. Эслатиб ўтамиз, январь ойи охирида Араб давлатлари лигаси кузатувчиларини Суриядан чақириб олинган эди. Охирги маълумотларга кўра, Суриянинг Хомс шаҳрида ҳарбий тўқнашувлар давом этиши натижасида қурбонлар сони ошиб бормоқда.


 

 

Facebook яна қимматлади

Дунёдаги энг йирик ижтимоий тармоқ — Facebook акцияларининг биржага бирламчи жойлаштирилиши ҳақидаги хабарлар компаниянинг қийматини янада оширди. Сўнгги бир ҳафтада компания акциялари қиймати 10 фоизга қимматлаган.


 

 

Сайёҳлар сони кўпайди

Ўзбекистонда 2011 йилда хизмат кўрсатилган хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар сони бир миллиондан ошган. Бук борада ўсиш суръати 2010 йилга қараганда 5,4 фоизни ташкил этган. Ҳозирда мамлакатда 828 та сайёҳлик ташкилоти фаолият бўлиб, улардан 510 таси туроператор, 318 таси меҳмонхона хўжалиги билан шуғулланади.


 

 

Фабио Капелло ишдан кетди

Англия миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Капелло истеъфосига чиқди. Мураббий Англия футбол уюшмасининг Терридан сардорлик боғичини олиб қўйиш ҳақидаги ажримига норозилик билдириб, шундай қарорга келган. Фабио Капелло Англия футбол ассоциацияси президенти Дэвид Бернштейн билан бир соатдан ортиқ мулоқотдан сўнг ишдан кетиши ҳақида ариза ёзган.


 

 

Қизлар бир йил кеч турмушга чиқиши мумкин

Ўзбекистон парламентининг қуйи палатаси депутатлари Оила кодексига ўзгартиш киритишни таклиф қилишмоқда. Унга кўра, қизларнинг турмуш қуриши учун энг кичик ёшни 18 ёш этиб белгиланиши керак. Амалдаги тартиб-қоидаларга кўра, никоҳ ёши эркаклар учун ўн саккиз ёш, аёллар учун ўн етти ёш ҳисобланади.

 

SHARE