10 февралнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Улуғбек Қодировга янги айблов эълон қилинди

АҚШ президенти Барак Обама ҳаётига суиқасд уюштиришга таҳдид қилганлик айби билан ҳибсга олинган ўзбекистонлик Улуғбек Қодировга янги айблов эълон қилинди. “Associated Press” ахборот агентлигининг федераль прокуратура органларига таяниб хабар беришича, терроризмга моддий кўмак кўрсатиш айби қўйилган. Прокурорлар буни Улуғбек Қодировнинг портловчи моддалар ва қурол сотиб олгани билан изоҳлашмоқда. Эслатиб ўтамиз, у 2011 йилнинг 13 июлида ҳибсга олинган эди.


 

 

СМСлар ажрашиш учун “яхши далил”

Янги замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, шунингдек, ижтимоий тармоқлар фуқароларнинг ажрашишларида далил йиғишда асосий воситага айланиб бормоқда. Америка никоҳ масалалари бўйича адвокатлар академияси ўтгазган сўровга кўра, 92 фоиз адвокатлар сўнгги йилларда эр-хотинларнинг ажрашишида телефон мулоқотлари, СМСлар, ижтимоий-тармоқлардаги ёзишмалари далил сифатида келтирилаётганини қайд этишган.


 

 

Ким интернетдан кўп фойдаланади?

Internet World Stats маълумотларига кўра, Ўзбекистонда аҳолининг интернетдан фойдаланиш даражаси 26,8 фоизни ташкил қилмоқда. Мамлакатимиз бунда Осиёнинг 35 та давлати орасида 16-ўринни эгаллаган. Аҳолининг энг кўп қисми интернетдан фойдаланиш бўйича скандинавия мамлакатлари, шу жумладан, Исландия 97 фоиз, Норвегия 94,4 фоиз ҳамда Швеция 92,4 фоиз билан олдинги ўринларни эгаллаган.


 

 

“Ишдаги гап ишда қолсин”

АҚШ Конгрессининг вакиллар палатаси янги қонунни қабул қилди. Унга кўра, эндилик Конгресс аъзолари инсайдер, яъни хизмат учун мўлжалланган ахборотлардан тижорат мақсадида фойдаланиши тақиқланади. Парламентга тақдим этилган махфий ахборотлардан фойдаланиб, турли биржа ва кўчмас мулк савдоларини амалга оширишни чеклайдиган мазкур “STOCK Act” ҳужжати 2006 йилда Конгрессга киритилган бўлиб, уни биринчи ўқишда депутатлар қўллаб-қувватламаган эди.


 

 

Райҳондан бир кун ортиқча концерт

Ўзбекистонлик ёшлар хонандаси Райҳоннинг шу йил февраль ойида ўтказилиши мўлжалланаётган концерт дастури яна бир кунга узайтирилди. Хонанда расмий сайтининг ёзишича, мухлислардан келиб тушган кўп сонли таклифлар туфайли 19, 20, 21 ва 22 февраль куни ҳам концерт дастури намойиш этилади.

 

SHARE