Ўзбекистонлик корейсларга бокс тушишни ўргатади

Корея бокс федерацияси ўзбекистонлик мутахассис Марс Қўчқоровни мамлакат миллий бокс жамоасига мураббийи этиб тайинлади. The Korea Herald газетасининг ёзишича, бундай масъулиятли лавозимга ўзбекистонлик мутахассиснинг тайинланиши кўпчилик учун кутилмаган ҳол бўлди.

Андижон бокс мактаби вакили, ҳозирда 55 яшар бўлган Марс Қўчқоров корейс тилини умуман билмаса-да, асосий мақсади кореалик боксчиларни Лондон-2012 мусобақаларига йўлланма олишларига эришиш эканлигини қайд этди.

Газета унинг инглиз тилида гапирган “Мен мана шу юмушга киришаётганимдан жуда хурсандман, чунки Корея жамоасида яхши йигитлар бор” деган сўзларини келтиради. Қўчқоров айни пайтда ёзги Олимпиада ўйинларида медаллар қўлга киритишни ният қилаётган бўлса-да, яна бир муҳим вазифаси ушбу мамлакатда бокснинг нуфузини кўтариш эканлигини қайд этган. “Бу ерда футбол ва бейзбол анча машҳур эканлигидан хабарим бор. Бокс ҳақида бундай деб бўлмайди”, дейди мураббий.

Ҳақиқатан ҳам, ўтган асрнинг саксонинчи йилларигача Кореяда бокс анча оммавий бўлган бўлса-да, мамлакатда бейзбол ва футбол лигаларининг тузилиши билан бокснинг нуфузи бирмунча пасайди.

Шунинг учун ҳам Марс Қўчқоров Лондон Олимпиадасидан имкон қадар яхши фойдаланмоқчи. Унинг айтишича, “Ҳамма Олимпиадани кўриб боради. Агар биз кўпроқ медаль оладиган бўлсак, одамларда катта қизиқиш уйғонади, албатта”. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу вазифани амалга ошириш осон бўлмайди. Негаки, корейслар 1988 йилги Сеул Олимпиадасидан бери биронта ҳам олтин медаль олишга муваффақ бўлмаган.

SHARE