13 февралнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Уитни Ҳьюстон 48 ёшида оламдан ўтди

Машҳур актриса, ўз қўшиқлари билан миллионлаб мухлислар қалбидан жой олган Уитни Хьюстон вафот этди. Унинг жасадини Лос-Анжелесдаги Beverly Hilton меҳмонхонасидаги хонасидан топишган. Ҳозирча унинг ўлимига нима сабаб бўлгани номаълум. Ўзбекистонлик мусиқа шинавандалари уни “Хос соқчи” фильмидаги роли ва унда куйлаган “I will always love you” қўшиғидан яхши билишади.


 

 

Туркманбоши сайлови бўлиб ўтди

Турманистонда мамлакат президентлиги учун сайловлар бўлиб ўтди. Мамлакат марказий сайлов комиссиясининг дастлабки ҳисоб-китобига кўра, амалдаги президент Курбангули Бердимуҳаммедов 97 фоиз овоз олган. Эслатиб ўтамиз, бу галги сайловларда Туркманистон президентлигига саккиз нафар номзод “кураш” олиб борди.


 

 

Юнонлар харажатларни қисқартиради

Греция парламенти Халқаро валюта жамғармаси ва Европа Иттифоқидан навбатдаги молиявий ёрдамни олиш учун давлат бюджетини қисқартириш ҳақидаги ҳужжатни қабул қилди. Унга кўра, кейинги уч йилда 15 минг давлат хизматчиси ишдан бўшатилади, ижтимоий нафақа ва пенсия миқдори камайтирилади. Юз минглаб юнонлар айни пайтда ҳукумат ва парламентнинг бундай хатти-ҳаракатларига норозилик билдириб, намойиш ва иш ташлашлар эълон қилди.


 

 

Ўзбекистонга “яшил” бинолар керак

Ўзбекистонда барча энергия истеъмолининг ярми биноларга тўғри келади. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар маркази маълум қилди. Марказ таҳлилчиларига кўра, муҳандислик тармоқларининг эскирганлиги, ёмон изоляция ва бу бинолардаги энергия сарфи билан боғлиқ бошқа қатор муаммолар ушбу кўрсаткичларнинг бошқа мамлакатларникига қараганда 2-2,5 бараварга ошиқ бўлишига олиб келган. Биноларни “яшиллаштириш” йўқлиги боис умумий энергия йўқотишлари миқдори $2,115 млрд. маблағни ташкил этади.


 

 

Британиялик Адель “Грэмми” маликаси

Лос-Анжелесда 54-“Грэмми” мусиқа мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда машҳур британиялик хонанда Адель барча олти йўналишда ғолиб бўлиб, танловнинг мутлоқ ғолибига айланди. Маросим Уитни Ҳьюстон вафот этган кунга тўғри келганлиги боис иштирокчилар унинг хотирасига дуо ўқишиб, 34-“Грэмми”ни топшириш маросимида куйлаган “I will always love you” қўшиғи видеосини намойиш этишди.

 

SHARE