Интернет миллий манфаатлар тўқнашувига айланадими?

Бугун интернет инсоният турмуш тарзининг, ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб улгурди. У нафақат одамларни ахборот билан таъминлаш воситасига, балки турмушимизни енгиллаштирувчи, узоғимизни яқин, оғиримизни енгил қиладиган хизмат кўрсатиш бозорига ҳам айланди. Ҳар куни миллионлаб кишилар интернет орқали савдоларни амалга оширмоқда, битимлар тузмоқда, ўзига керакли нарсаларни харид қилмоқда.

Айни чоғда интернетнинг бошқариб бўлмаслиги ундан нафақат яхши мақсадда, балки одамларнинг онгу тафаккурини бузадиган, беҳаё маҳсулотларни тарғиб қиладиган, терроризм, қароқчилик, давлатларда тартибсизликларни амалга ошириш ва бошқа давлатлар ички ишларига аралашиш воситаси сифатида ишлатишига олиб келди. Биргина ижтимоий тармоқларнинг таъсири остида Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатларидаги тўполонлар, террорчи гуруҳларнинг ўзлари учун жангариларни танлаш имконияти ошаётгани – буларнинг барчаси интернетни назоратга олиш кераклиги ҳақидаги турли таклифларнинг ўртага ташланишига олиб келмоқда.

Айниқса, араб мамлакатларида юз берган инқилоблар интернет давлатларнинг суверенитетига раҳна солиши мумкинлигини кўрсатди. Булар пировардида интернетдан фойдаланишни халқаро миқёсда тартибга солиш кераклигини кўрсатмоқда. Табиийки, бу тартибни ким биринчи ишлаб чиқса, ўша катта имкониятларга эга бўлиши аниқ.

Интернетнинг эгаси ким?

Бу борада дастлабки қадамни АҚШ ташлади. Ўтган йили АҚШ маъмурияти янги ҳужжатни – Кибермакон учун АҚШ халқаро стратегиясини эълон қилди. Ҳужжат АҚШ кибер технологиялардан самарали фойдаланган ҳолда Америкага хайрихоҳ медиа муҳитини яратишни кўзда тутади. Бир қатор мутахассисларни буни АҚШ томонидан глобал миқёсда одамларнинг онгига таъсир кўрсатишга уриниш сифатида ҳам баҳолашмоқда.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон “Интернет эркинлиги биз учун энг муҳим йўналишлардан биридир. Биз зарур чораларни кўриш орқали интернетдаги махфийлик, яъни шахсий дахлсизликни таъминлашнинг янада мустаҳкам ҳимоясини яратишни, ҳамманинг фикрлаш, уюшиш ва йиғилиш эркинликларини, жумладан, интернетда ҳам таъминлашни хоҳлаймиз”, деб таъкидлади. Натижада бугун АҚШ миллий хавфсизлик хизмати таркибида махсус Киберхавфсизлик идораси ташкил этилди.

Яна шуни алоҳида таъкиддлаш керакки, интернет айнан АҚШда кашф қилинган ва ҳаётга татбиқ этилган бўлиб, айрим мутахассисларнинг ташвишланишича, унинг тўлақонли фаолияти юритиши зарур бўлган барча техник воситалар айнан АҚШда, унинг ҳудудида эмас, балки хавфсизлик хизмати назорати остида жойлашганидир. Шунинг учун ҳам кўплаб халқаро конференцияларда, учрашувларда уни бетараф давлат ёки ташкилотга, чунончи, БМТ назоратига ўтказиш ҳақида таклифлар илгари сурилган.

АҚШнинг Кибермакон учун халқаро стратегиясининг яна бир жиҳати шундаки, унда сўз ва уюшиш эркинлигини таъминлаш учун “ишончли, хавфсиз ҳамда ҳимояланган платформалар” яратиш бўйича АҚШ зиммасига мажбурият олишини кўпчилик, айниқса, АҚШ гегемонлигига қарши чиқадиган давлатлар мутахассислари шубҳа остига олади. Негаки, буни техника тили билан тушунтирганда, бу ҳозирги интернетга параллел бўлган муқобил вариантни яратишни қамраб олиши мумкин. Буни АҚШдан ташқари ҳеч қайси давлат чеклаш ёки назорат қилиш имконига эга бўлмайди. Ҳозирча “интернет сояси” деб номланган муқобил интернетнинг ҳаётга жорий этилиши дунё глобал тармоғида вазиятни тубдан ўзгартириб юбориши мумкин.

Интернетни бетараф ташкилот бошқарсин!

Умуман, бугун интернетни халқаро миқёсда тартибга солиш, унда имкон қадар бир давлат таъсиридан чиқариб олиш, ахборот хавфсизлигига эришиш, шу билан бир қаторда, кибержиноятларнинг олишга қаратилган бошқа таклифлар ҳам илгари сурилмоқда. Хусусан, ўтган йили Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Тожикистон, Ўзбекистон БМТ Бош Ассамблеясига биргаликда янги резолюция лойиҳасини тақдим қилишган эди. Халқаро киберхавфсизликни таъминлашни амалга ошириш қоидалари деб номланган мазкур лойиҳа барча давлатларнинг миллий суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва сиёсий мустақиллигини ҳурмат қилишга чақиради. Айни чоғда интернетни бошқариш бўйича кўптомонлама, ошкора ва демократик механизмлар яратиш таклифини илгари суради. Бу лойиҳа АҚШ делегацияси томонидан тўхтатиб қўйилган.

Интернетдан фойдаланиш инсоннинг универсал ҳуқуқими?

АҚШ интернетдан фойдаланиш инсоннинг универсал ҳуқуқлари тоифасига киради, деган ғояни илгари сура бошлади. Бу ўтган йили, айниқса, БМТ минбарларида бир неча бор янгради. Хусусан, БМТнинг махсус маърузачиси Франк Ла Рю “интернет бошқа бир қатор ҳуқуқларни рўёбга чиқаришнинг энг муҳим воситасига айланди”,  деб таъкидлади. Бироқ кўпчилик бу фикрга қўшилмади. Чунончи, ўз вақтида интернетни яратиш лойиҳаси бўйича иш олиб борган ва бугунги кунда “интернетнинг отаси” деган улуғ номга эга Винтон Церф ҳам бу таклифга қарши чиқиб, “интернетдан фойдаланиш бу инсон ҳуқуқи эмас”, деб ёзади The New York Times газетасида.

“Технология инсонга ҳуқуқларини эмас, балки ўз имкониятларини рўёбга чиқаришга ёрдам берадиган восита”, деб ўз фикрини исботлашга ҳаракат қилади соҳанинг ҳақиқий мутахассисларидан бири. У, шунингдек, “бир пайтлар агар отингиз бўлмаса, турмуш кечириш жуда қийин бўлган. Бу ерда масала шундаки, одамнинг яшаши ҳуқуқ, отли бўлиши эмас. Агар ўша пайтда отли бўлиш менинг ажралмас ҳуқуқим бўлганида, ҳозир уни қаерга қўйган бўлардим – билмайман”, дея интернет ҳам бир восита эканлигини алоҳида қайд этади.

Нега айнан бугун интернет бошқарилиши керак?

Хўш, нега бугунги кунга келиб интернетни бошқаришга эҳтиёж туғилди? Мутахассислар буни бир қанча омиллар билан боғлашади.
Биринчидан, араб мамлакатларидаги сиёсий беқарорликни юзага келтиришда интернетнинг мислсиз даражада қўл келгани, оммани йиғиш, уни бошқариш имкониятлари, айниқса, ташқаридан туриб бу ниятни амалга ошириш мумкинлиги ўзини ҳурмат қилган давлатларни ташвишлантириб қўйди;
Иккинчидан, интернет терроризм, зўравонлик ва бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатлар ҳамда бошқа давлатлар ички ишига аралашиш учун маконга айланаётганидир.
Учинчидан, кибермакон энди бошқа мамлакатларга нисбатан уруш ва бошқа таъсир кўрсатиш макони ва воситасига айланганидир. Хусусан, интернетда тарқатилган Stuxnet вируси Эрон ядровий дастурлари жараёнини бирмунча секинлаштириб, унинг ишини издан чиқарганлиги ҳам мана шундай хулосага келишга ундаган бўлса ажаб эмас.

Сиз нима деб ўйлайсиз? Фикр ва мулоҳазаларингизни кутамиз.

SHARE