Бобур баҳона пайдо бўлган оила

Бугун кўпчилик севишганлар байрамини нишонлагандан кўра, Бобурхонлик қилишни, унинг бадиий меросини ўрганишга чорлаётганини матбуотда, интернетдаги ижтимоий тармоқларда ўқиб, эшитиб турибмиз. Аслида бу ҳам ўз ёрини топиш учун айни муддао экан. Буни самарқандлик Дилшодбек Зокиров “Ватандош”га йўллаган мактуби ҳам тасдиқлайди.

“Буюк бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд куни муносабати билан ҳаётимда бўлган ушбу воқеани қоғозга туширишга аҳд қилдим.
Бундан 15 йил аввал Самарқанд вилояти Булунғур туманида 1-ўрта мактабнинг 7-синфида таҳсил олиб юрган кезим эди. Бир куни синф раҳбаримиз Дилбар опа буюк шахс Заҳириддин Муҳаммад Бобурга бағишланган очиқ дарс бўлишини ва Бобур ролини айнан мен ижро этишимни айтди.
“Мен эплай олармиканман”, — деб сўрадим.
Дилбар опа: “Сен эплайсан, албатта, эплайсан”, — дедию нима қилишим кераклигини тушунтирди. Мен рози бўлиб қўя қолдим. Ахир, ўзингиз ёқтирган ижодкор ролини ўйнашга розилик бермай бўладими?
Дилбар опа эса кулиб:
“Лекин малика Моҳимнинг ролини қойиллатиб ўйнайдиган қиз бизнинг синфда йўқ, шу сабаб “Б” синфда ўқийдиган бир қизни кўз остимга олиб қўйганман, ўша қиз эплайди”, — деди.
Мен ҳайрон бўлдим. Бир оздан сўнг Бобурнинг хотини малика Моҳим ролини “Б” синфда ўқувчи Фароғат исмли тенгдошимиз ўйнашини билдим. Хуллас, иккаламиз тайёрландик. Биз кутган кун ҳам келди. Саҳнага чиқишимиздан олдин мен шоҳ Бобур каби эгнимга зар чопон ва бошимга шоҳона салла кийдим. У эса маликалардек кийинди. Саҳнага иккаламизни чақиришди. Мен шоҳ, Фароғат эса Бобурнинг хотини Моҳим ролини жуда чиройли ўйнадик, шекилли, олқишлар остида қолиб кетдик. Ўша воқеа мактаб давридаги энг эсда қоларли кунлардан бири сифатида хотирамизда муҳрланиб қолди.

Мактабни битириб пойтахтда олийгоҳда ўқиб юрган вақтимда синфдошлар билан тез-тез учрашиб турардик. Хаш-паш дегунча 4 йил ҳам тез ўтиб кетди. Ўқишни битираётган куним ота-онам, қариндошларим билан бирга, мени табриклаш учун синфдошим Фароғат ҳам келди. Ўша куни мактабда бирга Бобур ва Моҳим ролини ўйнаганимизни эслаб роса кулдик.
Хуллас ўқишни битириб ишга ҳам кирдим. Биласиз-ку, ўзбекнинг оиласида фарзанди бўйига етдими, дарров уйлантириш, оила қуришга шошилади. Ҳолалару аммалар қиз излашга тушишди. Тақдир тақозосими, билмадим, айланиб-айланиб синфдошим Фароғатга уйланадиган бўлдим. Ўзимдан ўзим сўрардим: “Наҳотки, мактаб даврида Бобур ва Моҳим ролини ўйнаганимизда фаришталар омин деган бўлса?”.

Анна-мана дегунча Фароғат билан никоҳ тўйимиз бўлиб ўтди. Худо бизга ўғил фарзанд ато этди. Мен ўзимча ўғил туғилса, исмини, албатта, Бобур қўяман деб ўйлаб юргандим. Турмуш ўртоғимдан ўғлимизнинг исмини нима қўйишимизни сўрагандим, у ҳам “Келинг, ўғлимизга Бобур деб исм қўя қолайлик”, — деди. Буни қаранг, иккаламиз бир хил исм ҳақида ўйлаб юрган эканмиз. Хурсанд бўлиб фарзандимиз исмини Бобур деб қўйдик. Ушбу исмни бошқа Бобур эмас, айнан буюк ужодкор шоир, шоҳ, кучли истеъдод эгаси бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурга атаб қўйдик. У киши амалга оширган ишлар, жаҳон китобхонлари томонидан севиб ўрганиладиган асарлари ҳали узоқ вақт тилларда достон бўлади. Биз фахр, ифтихор ва ғурур билан унинг номини тилга оламиз”.

SHARE