Ўзбекистонни “татиб” кўришди

Яқинда Блумингтондаги Индиана университетида Ўзбек талабалар ва олимлар уюшмаси ташкил қилинган эди. Уюшманинг асосий мақсади Ўзбекистон ва унинг маданиятини Индиана университети талабаларига, ходимларига ҳамда Блумингтон жамоатчилигига таништириш ҳамда оммалаштиришдир.

Уюшма аъзолари яқинда хайрли ишга қўл уришди. Уюшма раҳбари Умида Ҳикматиллаева ҳамда уюшма фаоллари Маҳмуда Сайдумарова ва Мадина Алимовалар томонидан уюштирилган мазкур тадбирда Ўзбекистон ва ўзбек таомлари ҳақида батафсил маълумот беришди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон, унинг жўғрофий жойлашуви, маданияти ва тарихи ҳақида маълумот берилди. Сўнг тадбир қатнашчиларига ош, ток ош, чак-чак ва нон каби ўзбек миллий таомлари тортиқ қилинди. Ўзбек миллий куй ва қўшиқлари эса тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади. Шу билан бир қаторда, тадбирда айрим таомларнинг қандай тайёрланиши ҳам меҳмонларга намойиш этилди.

Ўзбек талабалар ва олимлар уюшмаси томонидан ташкиллаштирилган мазкур тадбирда Университетда ўзбек тилини ўрганаётган чет эллик талабалар, университет ётоқхонасида яшовчи талабалар, шунингдек, уюшма аъзолари қатнашди.

SHARE