16 февралнинг 5 хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

АҚШ иммигрантларга товон тўлайди

АҚШ ҳукумати 11 нафар иммигрантга 350 минг доллар миқдорида товон пули тўлашга рози бўлди. “Associated Press” хабарида келтирилишича, иммиграция хизмати 2007 йили Коннектикутда олиб борган рейдларида амалдаги қонунчилик талабларига риоя қилмаган. Даъвогарларга кўра, иммиграция ходимлари уларни санкциясиз, иммиграция мақомини суриштирмасдан ва ҳеч қанақа сабаб келтирмасдан ҳибсга олган. Ҳукумат, шунингдек, даъвогарларни депортация қилиш жараёнини ҳам тўхтатди.


 

 

Жамшид Мухторов гаров пулига озод этилмайди

Террорчилик гуруҳларига моддий ёрдам кўрсатганликда айбланаётган Жамшид Мухторов гаров эвазига озод этилмайди. Буни судья Мухторовнинг мамлакатни тарк этиши ва жамоатчилик хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлиги билан изоҳлаган. Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 21 январида Чикаго аэропортида Жамшид Мухторов Исломий жиҳод ташкилотига моддий ёрдам кўрсатиш айби билан ҳибсга олинган эди.


 

 

Бош вазир ичкиликбозликка қарши

Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон мамлакатда алкоголь ичишни чеклашга қаратилган чораларни янада кучайтириш таклифини киритди. У, жумладан, мамлакатда маст бўлмаганлар тармоғини яратиш кераклигини айтиб ўтди. Бош вазирнинг фикрича, алкоголь маҳсулотларига энг паст нархни белгилаб қўйиш ҳамда бундан арзонга сотган кишиларни жавобгарликка тортиш лозим. Экспертларнинг фикрича, мастлик Англия иқтисодиётига йилига 30 миллиард доллар миқдорида зиён келтирар экан.


 

 

Одамфурушлар судга тортилди

Бирлашган Араб Амирликларида ўзбекистонлик 41 яшар ва турманистонлик 31 яшар аёл одам савдоси, шунингдек, бошқаларни фоҳишабозлик билан шуғулланишга мажбур қилганлик айби билан суд қилинмоқда. Улар икки нафар Қирғизистон фуқаросини БААга фаррошлик қилишга ойига 1000 доллар ваъда билан чақиришади, тегишли йўл ҳақларини тўлаб беришади. Кейинчалик паспортларини олиб қўйишиб, уларни жинсий хизмат кўрсатишга мажбурлашади.


 

 

Шоҳрўх Петербургдаги концертига бормади

Ўзбекистон ёшларининг машҳур қўшиқчиларидан бири Шоҳрўххон Санкт-Петербургда режалаштирилган концертига бормаган. Сайёд.ўз сайтининг ёзишича, интернет оламидаги ижтимоий сайтлар, хусусан, “Одноклассники”, “МойМир” ва бошқа сайтларда Шоҳрўххоннинг 14 февраль куни бўлиб ўтадиган концерти реклама баннерлари намойиш қилинди. Санкт-Петербург кўчаларида ҳам рекламалар жойлаштирилган. Маълумотларга қараганда, хонанда Питерга концерт ташкилотлари билан бўлган келишмовчилик сабабли бормаган.

 

SHARE