17 февралнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Сурияда “Ал-Қоида”нинг қўли бор

Сурия масаласида халқаро музокаралар боши берк кўчага кириб қолди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси кўпчилик овоз билан ушбу масалада резолюция қабул қилди. Унга Хитой ва Россия қарши овоз бериб, ҳужжат бир томонлама эканлигини қайд этди. Айни пайтда АҚШ хавфсизлик хизмати Суриядаги портлашларда “Ал-Қоида”нинг қўли борлигини тан олди. АҚШ миллий разведка бошқармаси бошлиғи Жеймс Клаппернинг айтишича, Суриядаги мухолифат кучларига бериладиган ёрдамларда мана шу жиҳатларни эътиборга олиш керак бўлади.


 

 

Навоийда “сотка” ишлаб чиқарилади

“Навоий” эркин индустриал иқтисодий зонасида мобиль телефонлар ишлаб чиқарилади. “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси Ҳиндистоннинг “Olive Telecommunication Pvt. Ltd.” билан ҳамкорликда қўшма корхона ташкил этиш бўйича ишлар олиб бормоқда. Дастлаб “OliveTelecom” қўшма корхонаси томонидан мобиль ва стационар телефонлар, CDMA-450 стандартидаги модемлар ва интернет-приставкаларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилади.


 

 

Турк айғоқчилари тергов қилинмайди

Туркия парламенти мамлакат Миллий хавфсизлик ташкилоти ходимларини тергов ва сўроқ қилишни тақиқловчи янги қонун лойиҳасини маъқуллади. Ҳужжатга кўра, турк айғоқчиларини сўроқ ёки тергов қилиш фақатгина бош вазир розилиги билан амалга оширилади. Туркия ҳукумати мухолифати эса қонунни Конституциявий суд орқали тўхтатиб қолишга ҳаракат қилишини айтмоқда.


 

 

Жангарилар йўқ қилинди

АҚШ учувчисиз самолётлари Покистоннинг Шимолий Вазиристон музофотида ҳарбий амалиёт ўтказган. Маълумотларга қараганда, ушбу тадбир натижасида 21 жангари йўқ қилинган. Покистон оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, ушбу жангариларнинг аксарияти Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари бўлишган. Ҳисоб-китобларга кўра, Американинг учувчисиз самолётлари сўнгги саккиз йилда 1700 нафардан 2600 минг нафаргача жангариларни йўқ қилган. Эслатиб ўтамиз, АҚШ ҳарбийларининг бундай хатти-ҳаракатлари натижасида тинч аҳоли вакиллари ҳам қурбон бўлган.


 

 

Янги институт қуёш билан шуғулланади

Ўзбекистонда Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда Қуёш энергияси бўйича қўшма халқаро илмий тадқиқот институти ташкил этилади. Бу ҳақдаги келишув меморандуми ОТБ президенти Харухико Курода ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов ўртасида имзоланган. Осиё тараққиёт банки томонидан қуёш энергетикасини ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш учун 200 млн. АҚШ доллари ажратилиши кўзда тутилган.

 

SHARE