Ўзбекистон терма жамоаси ўйинчилари жаримага тортилди

ФИФА интизом қўмитаси футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйинчилари ҳамда Ўзбекистон футбол федерациясига нисбатан чоралар кўрди. Бу ҳақда ФИФА расмий сайти ахборот тарқатди. Бунга Ўзбекистон терма жамоасининг 2014 йил Бразилияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатига саралаш ўйинларининг учинчи давра баҳсларида Тожикистон терма жамоасига қарши ўтказган жавоб учрашуви сабаб бўлган.

Негаки, ўша ўйинда кейинги босқичга чиқиш имкониятини ҳал қилган Ўзбекистон терма жамоаси ўйинчиларига ҳакам томонидан кўплаб сариқ карточкалар кўрсатилган эди. Кейинчалик матбуотда бу атайин уюштирилган бўлиши мумкинлиги ҳақида мулоҳазалар пайдо бўлди. Чунончи, футболчиларимиз ўз тасарруфида бўлган сариқ карточкалардан фориғ бўлиш учун атайин яна битта сариқ олишга ва шу йўл билан кейинги унча муҳим бўлмаган ўйинни ўтказиб юборишга қарор қилишган.

ФИФА махсус қўмитаси мазкур масалада ўйин ҳисоботи, қолаверса, бошқа далиллар асосида Ўзбекистон футбол федерациясини ва беш нафар футболчини жазолаш тўғрисида қарор қабул қилган. Чунончи, Шавкатжон Мўллажонов, Санжар Турсунов, Ислом Тўхтахўжаев, Сервер Жепаров ва Вагиз Галилун яна битта ўйинга дисквалификация қилинди. Яъни улар тўртинчи давра ўйинларининг биринчи баҳсида майдонга тушмайди. Улар айни пайтда 3000 Швейцария франки миқдорида жарима тўлашади.

SHARE