Ўзбекистонлик олимпиадачилар Францияда тайёргарлик кўриши мумкин

Буюк Британия ва Франция мудофаа органлари томонидан қўшма баёнот қабул қилинди. Унга кўра, Британия ва Франция Лондон — 2012 Олимпиада ўйинлари пайтида террорчилик актларига қарши ҳамкорликда чоралар кўради.

Шу мақсадда жорий йилнинг март ойида қўшма хавфсизлик машғулотлари ўтказилиши кутилмоқда. Ҳозирча ушбу ҳарбий машғулотлар қаерда бўлиб ўтиши ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.

“The Associated Press” ахборот агентлигининг ёзишича, томонлар “икки давлат манфаатларига таъсир қиладиган террорчилик ҳужумларига қарши курашиш мақсадида қўшма машғулотларга ўтказишга” келишиб олишган. Бундай қўшма машғулотлари, биринчи галда, иштирокчилар ва ташриф буюрувчиларнинг ҳаракатланиши хавфсизлигини таъминлаш ва уларни мувофиқлаштиришга қаратилади.

Экспертларнинг фикриса, Лондон Олимпиадасида хавфсизликни таъминлаш ишларига Франциянинг жалб қилиниши бежизга эмас. Чунки кўпчилик мамлакатлар Олимпиада арафасида машғулотларни ўтказиш учун айнан Франция ҳудудидаги спорт иншоотларидан фойдаланишлари ҳам мумкин. Хусусан, француз матбуотининг ёзишича, Олимпиада ўйинлари арафасида Ҳиндистон, Марокко, Сенегал, Венгрия ва Ўзбекистон терма жамоалари Шимолий Франциядаги Дункирк шаҳрида ўйинолди ўқув-йиғин машғулотларини ўтказиши мумкин. Бунга Англияга нисбатан ушбу ҳудудда нархларнинг бирмунча арзонлигидир. Шу билан бирга, Франциянинг баскетбол ва дзюдо, сузиш бўйича жамоалари ҳам ўз мамлакатида машғулотларни ўтказиши мумкин.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Олимпиада ўйинларида хавфсизликни таъминлаш доимо долзарб бўлиб келган. Негаки, 1972 йилги Мюнхен Олимпиадасида 11 нафар Исроил атлети ва мураббийларига суиқасд қилингач, ушбу масала биринчи галдаги вазифага айланди.
Эслатиб ўтамиз, Лондон Олимпиадаси ўйинлари шу йилнинг 27 июлида бошланиб, 12 августда якунланади.

SHARE