Эҳтиёт бўлинг: Fast Food

Бугун дунёнинг бошқа мамлакатларида каби Ўзбекистонда ҳам тез тайёр бўладиган таомлар (фаст-фуд) бозори тобора ривожланиб бормоқда. Бироқ мамлакатда бундай таомларнинг инсон, яъни ёш болалар соғлиғига салбий таъсир кўрсатишини ҳисобга олиб, мактаблар ва уларга яқин бўлган ҳудудларда бундай таомларни сотиш тақиқланган. Бу борада Ўзбекистон Республикаси бош санитарининг қарори чиқарилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг овқатланиш гигиенаси бўйича бош мутахассиси, тиббиёт фанлари доктори, профессор Анатолий Худайбергановнинг “Ўзбекистон овози” газетасига берган интервьюсида айтилишича, фаст-фуд егуликларидаги керагидан ортиқ калория, ёғ ва тузнинг кўп миқдорда ишлатилиши ва витаминларнинг йўқлиги киши организмида турли кўнгилсизликларни келтириб чиқариши мумкин. Бу турдаги маҳсулотларни тайёрлашга асосан гидрогенлашган, яъни таркибига маргарин қўшилиб, қаттиқ ва қуюқ ҳолатда келтирилган сифатсиз ёғлардан фойдаланиш урф бўлмоқда. Чунки улар соф ўсимлик мойига нисбатан бир неча баробар арзон ва қайта-қайта ишлатиш имконини беради. Ёмон томони, маргаринлар таркибидаги ёғ кислотларининг транс-изомерлари жигарга, қон томирларига салбий таъсир кўрсатади, моддалар алмашинувининг бузилиши ва иммунитент пасайиши кабби жиддий муаммоларни келтириб чиқаради.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассисининг қайд этишича, озиқ-овқат маҳсулотлари ичида калорияси (озиқ моддалар – оқсиллар, ёғлар ва углеводларда тўпланган энергия) энг юқори бўлган модда ёғлар ҳисобланади. фаст-фуд таомлари таркиби ёғларга бой бўлганидан уларнинг калориялигига бошқа озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан кўпроқ. Бу эса семириш, жигар ва юракнинг ёғ босиши ва натижада гипертония, атеросклероз, юракишемик касалликларига сабаб бўлади.

Фаст-фуд маҳсулотлари рафинацияланган, яъни тозланган углевод манбаларига бой. Бу, улар фойдали моддалар – витамин ва микроэлементлардан холи дегани. Бундай углеводлар болаликда истеъмол қилинганда кўриш қобилиятининг пасайиши, кўз олмаси ривожланишининг бузилиши, қандли диабет, энокрин (ички секреция безлари) ва иммун тизимининг ишдан чиқиши каби хавфли хасталикларнинг ривожланишига олиб келиши ҳеч гап эмас.

Шунинг учун ҳам Бош давлат санитария врачи қарори билан барча мактаб ва улар атрофидаги ошхоналарда тез тайёр бўладиган фаст-фуд маҳсулотларини сотиш мумкин эмас.

SHARE